Olx.uz платформасида «Туркияга ишлашга юборувчи» фирибгар қўлга олинди

  •   DiMaX
  •  224
  •  10.06.2021 09:53

Olx.uz платформасида «Туркияга ишлашга юборувчи» фирибгар қўлга олинди

Яқиндагина биз Olx.uz платформасида кишиларни чув тушириб келаётган қуролли жиноятчи қўлга олингани ҳақида ёзган эдик. Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази ушбу ресурс орқали кишиларни чув тушириб келаётган яна бир фирибгарнинг қўлга олинганини маълум қилди.

ЎҚИНГ: OLX.UZ’даги арзон айфонга учиб, 500 долларга чув тушган ҳамюртимиз

Хабарга кўра, Жиззах вилояти, Ш.Рашидов тумани, Янги ҳаёт кўчасида яшовчи мавсумий ишчи 34 ёшли М.И.А. Туркия давлатига бориб ишлашни режалаштиради. Бироқ у хорижга бориб ишлаш тўғрисидаги маълумотларни расмий меҳнат агентликлари орқали эмас, балки Olx.uz платформасидан излайди.

Ўз навбатида, М.И.А. Olx.uz платформасида ишлаш учун Туркияга юбориш бўйича профессионалга айланган «Жамшид» исмли шахснинг «фирибгарлик тўри»га илинади.

Olx.uz платформасида иш излаётган М.И.А. «Туркия давлатига ишга юборимиз» номли эълонга кўзи тушади. Эълонни жойлаштирган фирибгар «Жамшид» билан мулоқотга киришади, у М.И.А.ни Туркия давлатига ишга юбориб, унга ойига 1000-1500 АҚШ доллари ойлик маош тўлайдиган иш ўрни топиб беришни ваъда қилади ва М.И.А.нинг ишончига кириб, ундан Туркия давлатига бориш учун виза ва йўл харажатлари учун аввалдан 500 АҚШ доллари зарурлигини билдиради.

Мўмай ойлик даромад ҳақида эшитган М.И.А. «Жамшид»нинг «фирибгарлик тўри»га илинади ва ошна-оғайниси, қариндош-уруғларидан йиғиб-териб жами 1,5 млн. сўм маблағ тўплайди ва ушбу пулларни ўзи бирон маротаба юзма-юз кўриб гаплашмаган, фақат Телеграм ижтимоий тармоғида ёзишмалар орқали танишган «Жамшид»нинг пластик картасига ташлаб беради. Фирибгар шунча маблағни қўлга киритгандан сўнг, М.И.А. билан ўзаро ёзишмаларни ўчириб ташлайди ва у билан алоқани тўхтатади.

М.И.А.нинг Президент порталига йўллаган мурожаати Фарғона вилояти, Фарғона шаҳар ИИО ФМБ томонидан кўриб чиқилиб, номаълум шахсга нисбатан фирибгарлик билан жиноят иши қўзғатилади ва тергов ҳаракатлари давомида фирибгар «Жамшид»ни аниқлашнинг имкони бўлмайди.

Таъкидлаш жоизки, фуқаро М.И.А.нинг Президент порталига мурожаати ижобий ҳал этилишини таъминлаш ва фирибгар «Жамшид» жиноий ҳаракатларига чек қўйиш орқали фуқароларнинг ундан жабр кўришини олдини олиш мақсадида, мазкур жиноятни содир этиш усуллари Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази ходимлари томонидан Фарғона шаҳар ИИО ФМБга бориб ўрганиб чиқилади.

Жиноятни содир этиш услублари таҳлилига таянган ҳолда ўтказилган тезкор-техник тадбирлар натижасида, ушбу фирибгарлик жинояти Фарғона вилояти, Фарғона шаҳрида яшовчи, 24 ёшли Т.Ж.Ғ. томонидан содир этилганини аниқланиб, қўлга олинади.

Натижада Т.Ж.Ғ.нинг Olx.uz платформасидаги жиноий фаолиятига барҳам берилди. Ҳозирда Т.Ж.Ғ.га нисбатан Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ЎҚИНГ: iPhone, Malibu ва массаж – интернетда энг оммавий қидирувлар

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!