Ўн йилликнинг энг зўр ўнта гаджети (Time талқини)

  •   DiMaX
  •  1440
  •  21.12.2019 16:56

Ўн йилликнинг энг зўр ўнта гаджети (Time талқини)

Яқинда биз The Verge нашри охирги ўн йилда пайдо бўлган, инсоният учун катта аҳамият касб этган девайсларнинг юзталик рейтингини чиқаргани ҳақида ёзгандик. Энди эса АҚШнинг нуфузли Time журнали ҳам ўн йилликда тақдим қилинган ўнта энг муҳим қурилмани эълон қилди.

ЎҚИНГ: 2019 йилнинг энг сара саккизта смартфони (IGN версияси)

Ушбу рейтинг гаджетларнинг аҳамияти ҳамда атрофдаги оламга таъсири даражасига кўра тузилган. Ундаги ҳар бир девайс бизнинг ҳаётимизга, фикрлаш тарзимизга у ёки бу даражада таъсир ўтказган.

  1. Apple iPad (2010)

Time таҳририяти фикрича, iPad чиққунига қадар бошқа планшетлар ҳаётга унчалик киришиб кетмаган, ноқулай эди. Apple планшети эса ноутбук ўрнида ҳам қўллаш мумкин ва ҳатто қулайроқ экани билан бозорни забт этган ва кишиларнинг турмуш тарзини ўзгартирган.

  1. Tesla Model S (2012)

Tesla компанияси автомобиллар ҳам «ақлли» қурилма бўла олишини исботлади. Model S учун янги прошивкалар чиқиб туради, бу машинанинг улкан сенсор экранида функцияларнинг катта жамланмаси бор, электрокар автопилот режимида ишлай олади.

ЎҚИНГ: Отабек Умаров ҳайдайдиган "Tesla" қандай автомобил?

  1. Raspberry Pi (2012)

Linux ва бошқа операцион тизимларда ишловчи бу митти компьютер чексиз имкониятларга эга. Унинг базасида роботлар, об-ҳаво станциялари, «ақлли» колонкалар, «булутли» сервислар, ретро-ўйинлар учун консоллар ва бошқа кўплаб нарсалар яратилади.

  1. Google Chromecast (2013)

Мазкур приставка атиги 35 доллар туради ва исталган телевизорни мусиқа ва видеони стриминг қилувчи «ақлли» телевизорга айлантира олади. Яқинда тақдим этилган Chromecast Ultra модели эса Google Stadia ўйин сервисини ҳам қўллаб-қувватлайди.

  1. DJI Phantom (2013)

DJI Phantom – дронлар учун сифат андозаси бўлиб, YouTube’да пайдо бўлган аксарият лавҳалар айнан шу моделда олинади. Оқ корпусли бу дронни бошқариш осон, видео олиш сифати юқори.

  1. Amazon Echo (2014)

Овозли ассистентга эга «ақлли» колонкалар орасида энг оммалашгани шу Amazon Echo бўлади. Amazon жорий йилнинг ўзидаёқ ундан 100 миллионта сотган. У кишиларни ўз гаджетлари билан уялмасдан гаплашишга ўргатган.

  1. Apple Watch (2015)

Смарт-соатларни чиқарувчи компаниялар кўа, аммо бундай қурилмалар учун имкониятлар стандартини айнан Apple Watch белгилаб берган. 2015 йилда уни фақат мутахассислар ва тажрибачилар девайси, деб ҳисоблашган бўлса, ҳозирда уни дунё бўйлаб миллионлаб сотиб олишмоқда.

ЎҚИНГ: Қайнонасини ўлдирган келинни Apple Watch фош этди

  1. Apple AirPods (2016)

Apple AirPods буткул симсиз қулоқчинларни алоҳида тур қурилмалар сифатида ажратиб берди. Унинг муваффақиятига дизайни ҳам сабабчидир; гарчи уни кўплар танқид қилишса ҳам, ўз турдошлари орасида ажралиб туришини таъминлайди.

  1. Nintendo Switch (2017)

Ўйин бозоридаги йирик вакиллардан бири Nintendo бўлиб, унинг мазкур приставкасини телевизор билан ҳам, портатив консол сифатида ҳам қўлласа бўлади. Nintendo Switch ташқи кўринишидан смартфонга ўхшайди, бироқ унинг ўйин имкониятлари анча кенг.

  1. Xbox Adaptive Controller (2018)

Мазкур ўйин контроллери имконияти чекланган кишиларга мўлжалланган, лекин айрим ўйинларда исталган геймерга қулайлик бахш этади. Xbox Adaptive Controller гаджети Xbox туркумидаги консоллар билан ҳам, Windows тизимли компьютерлар билан ҳам келишиб ишлай олади.

ЎҚИНГ: Ўн йилликнинг энг зўр ўйинлари иккита рейтингда!