«One million Uzbek Coders» лойиҳасига старт берилди

  •   DiMaX
  •  4598
  •  21.11.2019 21:41

«One million Uzbek Coders» лойиҳасига старт берилди

Юртимизда «Бир миллион ўзбек дастурчилари» бепул онлайн курслари очилаётгани ҳақида хабар берган эдик. 21 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетида ушбу – «One million Uzbek Coders» лойиҳасига старт берилди.

ЎҚИНГ: Microsoft’нинг бепул видеодарслари билан Python дастурлаш тилини ўрганинг!

Лойиҳанинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Ташқи савдо ва инвестициялар вазири Сардор Умурзоқов, Бирлашган Араб Амирликларининг ҳукумат ва келажак ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Қарқовий, БАА сунъий интеллект технологиялари вазири Умар бин Султон ал-Олама ва бошқалар қатнашди.

«Ҳар бир муваффақият оддий нарсадан бошланади. Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган «Бир миллион дастурчи» ғояси ҳам бир қарашда жуда оддий. Лекин тасаввур қилинг, ташаббус бутун мамлакатимиз бўйлаб давом этиб, узоқ-узоқ ҳудудларгача етиб бориши ғоянинг қанчалик буюклиги, кенг қамровлилиги ва унинг истиқболи жуда юқорилигини билдиради», – деди Абдулла Арипов.

«Бир миллион дастурчи» лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, «Dubay Future Foundation» жамғармаси, Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети, АТ-академияси ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот технологиялари мактаби ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Лойиҳа ихтисослаштирилган онлайн портал (UzbekCoders.uz) орқали аҳолига бепул масофавий таълим олиш имкониятини беради. Барча хоҳловчилар лойиҳа ишга туширилиши биланоқ иштирок этиш учун ариза топширишлари мумкин. Дастурнинг асосий мақсади – рақамли технологиялар бўйича мутахассислар авлодини тайёрлаш ва дастурлаш бўйича уларга керакли билим ва кўникмалар беришдир.

ЎҚИНГ: Telegram’да янги танлов: соврин жамғармаси 100 000 доллар!

Биринчи босқичда лойиҳа глобал меҳнат бозорида талаб юқори бўлган 4 та мутахассисликни ўз ичига олади: Маълумотларни таҳлил қилиш, Android-ишланмалар, FrontEnd-ишланмалар ҳамда FullStack-ишланмалар. Умумий курс 120 соатлик таълим учун мўлжалланган. Ҳар бир босқич якунида иштирокчилар лаборатория ишларини тайёрлашади ва шундан сўнг уларга махсус сертификатлар топширилади.

Курсни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар грантларни қўлга киритиш учун ўз билимларини синовдан ўтказа олишади ва «Udacity» платформасидаги юздан ортиқ «Nanodegree» дастурларининг бирида ўқишни давом эттиришлари мумкин. Бунинг учун номзод якуний имтиҳонни муваффақиятли топшириши ва энг юқори балл билан тўплаган 150 нафар талаба рўйхатига кириши керак. Шуни таъкидлаш жоизки, «Nanodegree» дипломлари «Google», AT&T, «Autodesk», «Salesforce» ва бошқа кўплаб АТ-гигантлар томонидан тан олинади.

Айтиш лозимки, биринчи маротаба дастурчиларни масофавий ўқитиш лойиҳаси Бирлашган Араб Амирликларида «One Million Arab Coders» номи остида старт олган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг март ойида Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи доирасида бир қатор соҳаларда, шу жумладан, ахборот технологиялари соҳасида ҳам ҳамкорлик келишувларига эришилди. Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати лойиҳани Ўзбекистонга экспорт қилиш имкониятларини ўрганиб, концепциясини мамлакат шароитига мослаштириш режасини ишлаб чиқди ва «One Million Uzbek Coders» деб номланган лойиҳани йўлга қўйди.

Мазкур тадбир доирасида Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети дастурчиларининг кўргазмаси ҳам бўлиб ўтади.

ЎҚИНГ: Дастурчи бўлишнинг 6 йўли

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!