Ўзбекистонда бепул стартап-акселераторлар ташкил этилиши арафасида

Ўзбекистонда бепул стартап-акселераторлар ташкил этилиши арафасида

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази олти ойлик бепул стартап-акселераторлар ташкил этиш арафасида турибди. Шу муносабат билан Илғор технологиялар маркази стартап акселераторнинг потенциал иштирокчилари учун махсус семинарлар ташкил этган бўлиб, тадбирда ноанъанавий фикрлаш, жамоада ишлаш, акселераторда иштирок этиш қоидалари ва босқичлари, интерфаол ўйинлар, янги лойиҳалар тақдимоти бўлиши кутилмоқда. Вазирлик матбуот хизматининг таъкидлашича, юқорида қайд этилган ташаббуслар юртимизда юқори технологиялар ва инновацияларни ҳаётга татбиқ этиш ишлари фаоллашаётганидан далолатдир.

ЎҚИНГ: Президент баъзи мактабларда информатика фани ҳали ҳамон эски дастурлаш тили асосида ўтилаётганини танқид қилди

Бундан ташқари, Инновацион ишланмаларни жорий этиш маркази ходими Қодиржон Абдураззоқов инновацион фаолиятни молиялаштиришнинг ноанъанавий усуллари бўлган фаришта инвесторлар (angel investors) ва венчур компанияларнинг амалий тамойиллари ҳамда инвестиция шартлари ҳақида маълумотлар берди.

Маълумки, иқтисодий жиҳатдан ривожланган давлатлар бизнес доираларида эътиборли ўрин эгаллаган «фаришта инвестор»лар ва венчур фондлари мамлакат иқтисодиётининг ўсишига хизмат қилиб келмоқда. Венчур фондлари, «фаришта инвесторлар» каби иборалар кўпчилик учун янги тушунчалар бўлгани боис уларнинг моҳияти, фаолият юритиш тартиби кўпчиликда қизиқиш уйғотди. «Риск капитали»,баъзи холларда «пай капитали» (equity саpital)деб номланадиган бундай турдаги инвестиция манбалари, атамалар мазмунидан ҳам кўриниб турибдики, маълум улуш эвазига таваккалчилик даражаси юқори бўлган инновацион лойиҳаларни, стартапларни молиялаштиришда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Инновацион бизнесни қўллаб-қувватлаш функциясини бажарувчи акселераторлар томонидан саралаб олинган стартаплар бир неча ойлик тайёрлов дастурларини ўтаганларидан сўнг ўз лойиҳаларини фаришта инвесторлар олдида намойиш қиладилар. Улардан муваффақият қозониш эҳтимоли юқори бўлган, «фаришталар» томонидан муносиб кўрилганларига фирманинг маълум улуши эвазига инвестиция киритилади.«Фаришталар» аксарият ҳолларда тажрибали моҳир тадбиркорлар бўлиб, стартаплар муваффақиятидан манфаатдор эканликлари сабаб ҳам ўз фикр ва маслаҳатлари билан кўмак берадилар.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонликлар IТ-маҳсулот ва ечимларни қидириб топишга қаратилган форумда қатнашади

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!