Ўзбекистонлик Facebook фойдаланувчиси бўҳтони учун жиноий жавобгарликка тортилади

Ўзбекистонлик Facebook фойдаланувчиси бўҳтони учун жиноий жавобгарликка тортилади

Facebook'даги "Uzbek MDK" саҳифаси фойдаланувчиларидан бири давлат органи ходимига нисбатан тармоқда ёзиб қолдирган шарҳи учун қонун олдида жавоб беради. Бу тўғрида ИИВ нинг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев бугун бўлиб ўтган брифингда маълум қилган. Бу тўғрида газета.uz хабар бермоқда.

Қайд этилишича, 10 октябрда Uzbek MDK саҳифасида эълон қилинган постда Тошкент шаҳрининг Сергели туманида истиқомат қилувчи аёлга шу йилнинг 27 июлида бир эркак томонидан пичоқ ёрдамида жароҳат етказилгани баён этилган. Жабрланувчи эса Сергели туман судининг мазкур жиноятчига нисбатан чиқарган ҳукмидан норози эканини маълум қилган.

Маълум бўлишича, мазкур ҳолат бўйича Сергели туман Ички ишлар бошқармаси томонидан "Жиноят кодекси"нинг 277-моддасининг қатор бандлари бўйича жиноий иш қўзғатилган ва туман суди жиноятчини 3 йиллик уй қамоғига ҳукм қилган. Яъни, бу шахсга 20:00 дан 7:00 га қадар кўчага чиқиш, оммавий тадбирларда қатнашиш, спиртил ичимликлар ичиш тақиқлаб қўйилган.

Жабрланувчи аёл ўзининг шарҳларида бу жиноятчининг жамият учун хавфли шахс экани, у бу жиноятни яна такрорлашини ҳам билдириб ўтган. Шунингдек, постга нисбатан шарҳларда ишни кўриб чиққан терговчи ва судья пора олганликда ҳам айбланган.

Дониёр Тошхўжаевнинг маълум қилишича, суднинг бу қарор экспертиза хулосалари ҳамда вазиятдан обдон ўрганиш асосида қабул қилинган. Жабрланувчи суднинг қароридан норози бўлган тақдирда, буни қонуний йўл билан, қайта кўриб чиқишга ариза бериш орқали ҳал қилиш мумкин эди.

Шунингдек, туман ИИВ бошқармаси бошлиғи ўринбосарининг қайд этишича, мазкур жиноий ишни олиб борган терговчилардан бири туман ИИВ бошқармасига ўзининг шахсиятига нисбатан Facebook тармоғида амалга оширилган туҳматга нисбатан қонун йўли билан чора кўрилишини сўраб мурожаат қилган.

"Агарда терговчи ва судянинг пора олганлиги бўйича уларда бирор маълумот бўлса, марҳамат, тақдим қилишсин", дейди Дониёр Тошхўжаев.

Эслатиб ўтамиз, бўҳтон ва уйдирмаларни тарқатганлиги учун фуқаролар "Жиноят кодекси"нинг 139-моддасига кўра жавобгарликка тортиладилар.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!