Павел Дуров Apple ва Google’ни “тарихдаги энг йирик қаллоблар” деди ва фикрини изоҳлади

Павел Дуров Apple ва Google’ни “тарихдаги энг йирик қаллоблар” деди ва фикрини изоҳлади

«ВКонтакте» ижтимоий тармоғи ҳамда Telegram мессенжери муаллифи Павел Дуров Apple ва Google компанияларини “инсоният тарихидаги мижозларига хиёнат қилаётган энг йирик товламачилар” деб атади. Павелнинг маълум қилишича, бу компаниялар фойдаланувчиларининг ёзишмаларини ўқиб, қўнғироқларини тинглайди ҳамда уларни турли давлатлардаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга етказиб беради.

Дуровга кўра, Telegram фойдаланувчиларига яқиндагина қўнғироқларни шифрлаш имкони берилди ва унинг ёрдамида бу тармоқдаги ёзишмалар ва қўнғироқларнинг хавфсизлиги юқори даражада таъминланади.

«Биз бошқа хизматлардан фарқли равишда, ўз фойдаланувчиларимизнинг маълумотларини тегишли органларга тақдим қилишдан бош тортганимиз учун, Ер юзининг турли давлатларида Telegram фаолияти билан боғлиқ турли муаммолар кузатилди. Аммо, биз қароримизда қатъий турамиз. Мана, фаолият олиб бораётганига 3.5 йил бўлибдики, Telegram 3-томонга фойдаланувчилари тўғрисида роппа-роса 0 байт маълумотни тақдим қилди», – дейди Дуров.

Бизнесменнинг маълум қилишича, айнан компания фойдаланувчилари тўғрисидаги маълумотларни беришдан бош тортгани учун ҳам, Саудия Арабистонида Telegram тармоғидан фойдаланиш трафиги сиқиб қўйилган, Хитой, Оман ва Эронда эса бу хизмат блокировка қилинган. Мисол учун, Telegram’нинг рақиби бўлган WhatsApp ёки оммабоп Facebook тармоғи юқоридаги мамлакатларда бундай тўсиққа дуч келгани йўқ. Чунки бу хизмат керакли маълумотларни керакли жойларга қўш қўллаб тутқазади.

«WhatsApp’нинг кимнингдир қўнғироғини тинглаши ёки хабарларини ўқиши тасдиғини топмаган ёки ёлғон, деган хабарларга ишонманг. WhatsApp ўзининг 99,99% фойдаланувчиларининг маълумотларини сездирмасдан шифрдан чиқаради ва керак вақтда улардан фойдаланади», – қўшимча қилди Дуров.

Унингча, Apple ҳамда Google каби компаниялар WhatsApp’даги маълумотларни тўғридан-тўғри кириб ўқий олади.

«Сир эмаски, ҳукумат ва бошқарувчи органлар Telegram’га нисбатан салбий муносабатда. Майли, улар бизни блоклаб қўйишса ҳам. Биз ўз қоидаларимизни ўзгартирмаймиз ва фойдаланувчиларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз, – хулоса қилади Дуров.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!