Павел Дуров Telegram’даги тўловлар анонсини берди

Павел Дуров Telegram’даги тўловлар анонсини берди

Telegram асосчиси Павел Дуров 26 апрель куни мессенжерда пайдо бўладиган янги функциялар қораламаларини кўрсатди. Булар орасида тўловларни амалга ошириш, видеохабарлар ва Telescope сервиси учун платформалар бор, деб хабар беради Daryo.uz.

Дуров Instagram’даги саҳифасида янгиликларни келтириб ўтди. У таклиф этилаётган ўзгаришлар акс этган матнли ҳужжат суратини тақдим этди.

Ҳужжатда айтилишича, пул ўтказмалари платформаси ёрдамида фойдаланувчилар Telegram ичида ботлар орқали харидлар учун тўловларни амалга ошира олади. Бунинг учун товар ёки хизматни буюртма қилиш ёки тўлаш учун махсус тугма жорий қилинади.

Фойдаланувчи карта маълумотларини киритиб, тўловни тасдиқлаганидан сўнг карта автоматик тарзда илгари харидлар амалга оширилган ботларга боғланади.

Барча тўловлар тўғридан-тўғри фойдаланувчидан бот эгасига боради, мессенжер шартномалар учун хизмат ҳақи ундирмайди. Шунингдек, мессенжер жамоаси банк карталари маълумотларини сақламайди, шу боис сервис фойдаланувчиларнинг пулни қайтариш ҳақидаги шикоятларни қабул қилмайди. Аммо Telegram модерация билан шуғулланади.

«Биз ҳар бир шериф қиладиган ишни қиламиз — ёмон ботларни ўлдирамиз, яхшиларини белги билан мукофотлаймиз», — дейилади ҳужжатда.

Шунингдек, мессенжерда видеоқўнғироқлар функцияси пайдо бўлади. Telescope сервиси ҳақида эса ҳеч қандай маълумот йўқ.