POCO X3 NFC намойиш қилинди: 120 Гц дисплейли, IP54 ҳимояли, 5160 mAh батареяли ва стереодинамикли ҳамёнбоп смартфон

  •   DiMaX
  •  6362
  •  08.09.2020 11:08

POCO X3 NFC намойиш қилинди: 120 Гц дисплейли, IP54 ҳимояли, 5160 mAh батареяли ва стереодинамикли ҳамёнбоп смартфон

Xiaomi корпорациясига қарашли Poco бренди ўрта нарх тоифасига мансуб POCO X3 NFC смартфонини тақдим этди. Компаниянинг кейинги қурилмаларидан фарқли равишда, бу – Xiaomi ёки Redmi бренди остида олдин чиққан бирор моделнинг клони эмас, балки чиндан ҳам яп-янги русумдаги телефондир.

ЎҚИНГ: Xiaomi, Redmi, Poco ва Black Shark смартфонларидан қайсилари ва қачон барқарор Android 11’гача янгиланади?

POCO X3 NFC модели алюминий ромли пластик корпусда чиққан ва IP54 стандартига кўра сувдан ҳимояга эга. Шунингдек, уни Hi-Fi овозли стереодинамиклар, янгича вибромоторча, қулоқчин тирқиши, NFC модули, инфрақизил датчик, Bluetooth 5.1, ён қиррадаги дактилоскоп ҳамда гибрид слот (иккита SIM-карта ёки SIM + microSD-карта) билан таъминлашган.

Смартфоннинг экрани IPS-панелли бўлиб, диагоналига 6.67 дюймлик ўлчамга эга. Дисплейнинг тасвир аниқлиги FHD+ форматида, у видеонинг HDR10 форматини қўллаб-қувватлайди, янгиланиш частотаси нақ 120 герцлик!

POCO X3 NFC экранининг тирқишида 20 мегапикселлик олд камера жойлашган.

Унинг бош камераси эса тўрт модулли бўлиб, асосий сенсор сифатида 64 мегапикселлик Sony IMX682 датчиги ишлатилган. Иккинчи – 13 МПлик модулга 119 даражали кўриш бурчагига эга кенг бурчакли объектив ўрнатилган. Квадрокамера жамланмасида яна 2 мегапикселлик макрокамера ҳамда шунақа аниқликдаги саҳна чуқурлиги датчиги ҳам бор.

ЎҚИНГ: Xiaomi ва Redmi смартфонларига узоқ кутилган функция кела бошлади!

Янги смартфоннинг «электрон юраги» сифатида саккиз ядроли Qualcomm Snapdragon 732G процессори танланган.

POCO X3 NFC самарадорлигини таъминлаш учун унга 6 гигабайтлик тезкор хотира ҳамроҳлик қилади. Смартфонни яна LiquidCool Technology 1.0 Plus совитиш тизими ҳамда Game Turbo 3.0 ўйин режими билан ҳам таъминлашган.

POCO X3 NFC аккумуляторининг ток сиғими 5160 мА/соатлик бўлиб, 33 ваттлик тезкор қувватланади ва шунақа зарядник смартфон жамланмасининг ўзига киритилган.

Xiaomi мазкур смартфонини MIUI 12 график қобиғи ҳамда POCO лаунчери билан тақдим этган.

Европада бу смартфоннинг савдолари бугун – 8 сентябрдан бошланяпти. Хоҳловчилар бу қурилмани ички хотираси 64 ёки 128 гигабайтлик вариантда харид қилишлари мумкин. Дастлабки харидорлар уларни махсус нархда олиш имконига эга: 6/64 гигабайтлиги 199 евро, 6/128 гигабайтлиги эса – 249 евро. Кейин эса POCO X3 NFC ўз нархида – тегишлича 229 ва 269 евро эвазига сотилади.

ЎҚИНГ: Xiaomi ўзининг смартфони воситасида автомобилни масофадан бошқариб кўрсатди (+видео)

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.