«Поэтайзер» – фотосуратларга шеър бағишловчи илова

  •   DiMaX
  •  1094
  •  22.02.2017 13:46

«Поэтайзер» – фотосуратларга шеър бағишловчи илова

Бугунги селфилар ва ижтимоий тармоқлар даврида суратларни қайта ишлаш турлари ҳам, бунга хизмат қилувчи дастурлар ҳам кўпаймоқда. Жумладан, 4pda.ru сайти шунақа бир илова – «Поэтайзер»ни тавсия этади.

Бу дастурнинг ўзига хослиги – ҳар бир суратнинг руҳидан келиб чиқиб, унга атаб шеърий мисраларни танлаб жойлаб беради. Шеърлар рус тилида бўлиб, таниқли шоирларнинг ижодидан олинган. Бу билан фотосуратнинг ўзига хослиги оширилади, унга шоирона руҳ бағишланади.

Илованинг қисқача хусусиятлари:

Платформа: Android

Версия: 1.0.0.22

Русча интерфейс: Бор

Талаблар: Android 4.4 ёки ундан янгироғи

Тоифа: Фотосуратлар

Таъкидлаш керакки, «Поэтайзер» янги суратга олинаётган расмлар билан ҳам, «Галерея»да сақланаётган картиналар билан ҳам ишлай олади. Илованинг ишлаши фотосуратдаги барча объектларни таниб олишга қодир бўлган нейрон тармоқларига асосланган. Объектларни таниб олгач, «Поэтайзер» ўз базасидан таниқли шоирларнинг уларга мос келувчи сатрларини топиб, таклиф этади.

Фойдаланувчининг эътиборига суратга мос келувчи бир нечта вариантдаги шеърлар тақдим этилади. Ўзингизга ёққан тўртликни танлаб, унинг жойлашув параметрларини ҳам кўрсатишингиз мумкин. Жумладан, шеър матнининг фотосуратга жойланиш ўрни, ўлчами, шрифт ва рангини танлаш имкониятлари мавжуд.

Дастурни ишлатиш анча соддалиги сабабли, ҳатто тажрибасиз фойдаланувчилар ҳам уни бемалол ишлатишлари мумкин. Унинг «хотира»сида минглаб шеърлар борлиги боис, ҳатто бир хил мавзуга оид бир неча расмнинг ҳар бирига ҳам бетакрор шеър танлаш мумкин.

Тайёр бўлган шоирона тасвирларни шу ернинг ўзидан турли ижтимоий тармоқларда улашиш ёки смартфоннинг ўзида сақлаб қўйиш функциялари бор.

«Поэтайзер» мутлақо бепул, унда пулли контентнинг ўзи йўқ, яна энг яхши жиҳати – жонга тегувчи рекламаси йўқ! Илова қурилма хотирасида жуда кам жой олади ва «бундайроқ» смартфонларда ҳам бемалол ишлайди. Унинг биттагина салбий томони бор – фақат интернетга уланган ҳолдагина ишлайди.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!