Президент “Huawei” компаниясининг Инновациялар марказида бўлди

Президент “Huawei” компаниясининг Инновациялар марказида бўлди

Президент Шавкат Мирзиёев “Бир макон, бир йўл” халқаро форумидаги иштироки доирасида 25 апрель куни “Huawei” компаниясининг Тадқиқотлар ва инновациялар марказига ташриф буюрди.

“Huawei Technologies” рақамлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида дунёдаги энг йирик компаниялардан биридир. Инновацион ахборот маҳсулотлари ва ечимлари, маълумот узатиш тизимлари, оптик қурилмалар, роутерлар, тармоқ ускуналари, маълумот марказлари, истеъмолчилар учун смартфонлар, планшетлар, компьютерлар, маиший электр жиҳозлари ишлаб чиқариш компания фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади.

Ўзбекистонда “Huawei” компанияси билан биргаликда телекоммуникация тармоқларини кенгайтириш, мобил алоқа операторлари ва  провайдерлари тармоқларини ривожлантириш, оптик толали алоқа линиялари ёрдамида юқори тезликда маълумотлар узатиш технологияларини ишга тушириш бўйича муҳим лойиҳалар амалга оширилган.

Президент Шавкат Мирзиёев дастлаб “Huawei” компаниясининг энг сўнгги технологик ечимлари ва маҳсулотлари намуналари билан танишди.

Компания асосчиси Жэн Чжэнфэй билан мамлакатимизда “Хавфсиз шаҳар”, “Электрон ҳукумат” ва шошилинч тиббий ёрдам хизматини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Президентимиз компаниянинг сунъий интеллектга асосланган технологик ечимларига юқори баҳо берди.

Давлатимиз раҳбари компания билан ҳамкорликда мамлакатимизда амалга оширилган лойиҳалар, мутахассисларни тайёрлаш масалалари билан қизиқди. 

– Янги технологияларни жалб этишдан олдин уларни ишлатувчи мутахассислар тайёрлаш ва малакасини ошириш жуда муҳим. Компания билан аввало ушбу йўналиш бўйича ҳамкорлик қилиш, мамлакатимизда 5G технологиясини жорий этишни тезлаштириш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Учрашув якунида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан келишувга эришилди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!