Президент: "IT касбларни эгаллаш ёшлар ўртасида трендга айланди"

Президент:

Президент матбуот котиби, Шерзод Асадов ўзининг Telegram каналида хабар беришича, бугун Президент Шавкат Мирзиёев Юқоричирчиқ туманида янги очилган "Astrum" IT академиясига ахборот технологиялари соҳаси мутахассислари, ёш дастурчилар, IT ва коммуникация компанияларининг раҳбарлари ва ходимлари билан учрашув ўтказиш учун ташриф буюрди.

“Бугун янги IT академиясига биз учун аҳамияти ниҳоятда юқори бўлган IT соҳасидаги етук мутахассислар ва ёшларимиз билан учрашув ўтказиш учун келдим. Биз бугун биргаликда ечимларини топадиган масалалар бутун Ўзбекистон ёшларининг IT соҳасидаги интилишларига катта туртки ва мотивация беришига ишонаман”, дейди давлатимиз раҳбари.

Учрашув давомида давлатимиз раҳбарининг IT соҳасидаги ютуқларни санаб ўтди:

  • сўнгги беш йилда IT соҳасига 2 миллиард доллар, шундан 700 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестициялар йўналтирилган.
  • алоҳида солиқ режими билан уч йилдан олдин ташкил қилинган IT парклар ҳисобига 14 минг нафар ёшлар юқори даромадли иш жойлари билан таъминланган.
  • ўзини ўзи банд қилган IT мутахассислари сони йил бошидан 2,5 баробарга ўсиб, 43 мингга етган.
  • 2022 йилнинг ўзида Ўзбекистонда 134 та янги, шулар қаторида 50 та хорижий IT компаниялари ташкил қилинган, экспортчи корхоналар сони эса 2 бараварга ошган.
  • Сўнгги уч йилда мобил интернет нархи 9 бараварга арзонлашган ва Ўзбекистон 200 дан ортиқ давлатлар ичида 68 ўриндан 15 ўринга кўтарилган.
  • IT хизматлари ҳажми ва экспорти бир неча баробарга ўсган.

"Энг асосийси, IT касбларни эгаллаш ёшлар ўртасида трендга айланди". дейди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, президент Astrum академиясида юзлаб ёшлар замонавий дастурлаш кўникмаларини эгаллаётганлиги ва уларнинг ўқиш давомидаёқ даромад топаётганини қувонарли эканлигини таъкидлаб, бошқа ҳудудларда ҳам мана шундай IT академиялар ташкил қилиш учун вилоят ҳокимларига топшириқ берди.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев "Бир миллион ўзбек дастурчилари" лойиҳасига ҳам тўхталиб ўтди ва келгусида ҳам бу дастур давом эттирилишини айтди.

Суҳбат давомида президент келгуси беш йилда мамлакатимиз IT хизматлари экспортини 1 миллиард долларга етказишни режа қилинганини ва буни амалга ошириш учун қуйидаги масалалар ҳал этилиши кераклигини кўрсатиб ўтди.

Биринчидан, интернет қамрови ва сифатини кескин ошириш зарур. Маълум бўлишича, ҳудудларнинг оптик толали тезкор мобил интернет (4G) билан қамраб олиниши 70% атрофида. Ҳали 118 та қишлоқларга Интернет тугул, мобил алоқа ҳам кириб бормаган.

Иккинчидан, IT соҳасида иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш зарур. Бугунги кунда бундай ёшларнинг стартапларига (230 та) атиги 10 миллиард сўм грантлар ажратилган, ёхуд компютер хариди учун 3,5 минг нафар ёшларга кредит берилган бўлса, кафил йўқлиги учун 6,5 мингдан зиёд ёшларга кредит бериш рад этилган. Ҳатто, Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган ва Навоий вилоятларида IT паркларини ташкил қилиш ишлари охиригача битказилмаган.

Шу билан бирга, президент вазирлар, ҳокимлар, олийгоҳлар ректорларига рақамлаштиришни биринчи ўриндаги вазифага олиб чиқиш лозимлигини таъкидлади ва бу борада айрим вазирликлар ва идораларни, "Автосаноат" билан "Саноат қурилиш банки"ни ўрнак сифатида кўрсатди. Лекин, Транспорт, Энергетика вазирликлари, "Uzbekistan Airports", "Темир йўллари", "Агросуғурта"да ишлар аҳволи суст эканлиги ҳам маълум қилинган.

Сўз якунида Шавкат Мирзиёев хорижий корхоналар ёшларимизга ишонч билдириб, жорий йилнинг ўзида 100 миллион долларлик хизматларга буюртма берганлигини, лекин, маҳаллий корхоналаримиз буюртмалари бундан анча кам эканлигини, ҳудудларда ёшларни экспорт бозорларига чиқишга кўмаклашадиган тизим яратиш зарурлигини айтди.

ЎҚИНГ: Россиялик IT-мигрант Ш. Мирзиёевга раҳмат айтди

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.