Пулли аналогларидан ҳам зўр олтита бепул дастур – танишинг ва юклаб олинг!

  •   DiMaX
  •  3812
  •  30.07.2019 13:31

Пулли аналогларидан ҳам зўр олтита бепул дастур – танишинг ва юклаб олинг!

Яхши дастурий таъминот маҳсулотлари одатда пулли, уларнинг бепул версиялари эса функционали чекланган ёки рекламали бўлади. Бироқ шундай бепул дастурлар ҳам борки, юқоридаги каби қарашларимизни йўққа чиқаради.

ЎҚИНГ: Энг зўр пулли дастурларнинг бепул аналоглари

Шундай дастурларни аниқлаш мақсадида nartinos никли Reddit фойдаланувчиси сўровнома эълон қилди. Бепул эканлигига ишониш ҳам қийин бўлган энг зўр дастурлар ҳақида фойдаланувчилар 1100 дан ошиқ изоҳлар ёзишган.

Улар асосида маълум бўлган энг қизиқарли ва фойдали бепул дастурлардан олтитасини қуйида келтириб ўтамиз.

  1. 7zip – файлларни архивлаш ва архивларни очишга мўлжалланган бепул дастур. Уни мана бу ҳавола орқали расмий сайтидан юклаб олиш мумкин.
  2. Everything – ажойиб қидирув тизими. Ушбу дастур Windows тизимли компьютердаги ҳар қандай жилд (папка) ёки файлни бир зумдаёқ топиб бера олади. Стандарт қидирувдан фарқли равишда, Everything’ни очишингиз биланоқ компьютерингизда бор нарсаларнинг барчасини рўйхат тарзида кўрсатади. Калит сўзни киритиб, кераксизларини фильтрлайсиз ва излаганингизни тезда топиб оласиз. Хуллас, ушбу ҳавола орқали унинг расмий сайтига ўтиб, юклаб олинг, ишлатиб кўринг ва ўзингиз ишонч ҳосил қилинг!
  3. OBS – видео ёзиш ва қайта ишлаш, стриминг қилиш иловаси. Видеоблогерлар учун бетакрор дастур: созламалари кенг, имкониятлари бир дунё, ўзи эса мутлақо бепул! Мана бу ҳавола ёрдамида OBS дастурини компьютерингизга ўрнатиб олинг – афсус қилмайсиз.
  4. Blender – 3D-моделлаштириш учун ажойиб бепул дастур. Шунингдек, уни яна видеоларни таҳрирлаш, қайта ишлашда ҳам қўлласа бўлади. Дизайнерларга жуда қўл келади. Уни ушбу ҳавола ёрдамида расмий сайтидан юклаб олиш мумкин.
  5. VLC – медиижрочи илова. Видеолавҳаларни ижро этиш учун бундан яхши, тағин бепул дастур топиш қийин. Жуда кўплаб форматлардаги видеофайлларни оча олади, ҳатто тушунарсиз кенгайтмаларга эга бўлганларини ҳам. Кўпчилик билмайдиган яна бир яхши жиҳати – унинг ёрдамида YouTube’дан исталган видеони юклаб олиш мумкин! Расмий сайтидан VLC дастурини ўрнатиб олиш учун мана бу ҳавола орқали ўтинг.
  6. DaVinci Resolve – видеомонтаж дастури. Аслини олганда, у видеодаги рангларни профессионал даражада таҳрирлаш учун ишлаб чиқилган, лекин унда лавҳаларни таҳрирлаш ҳам мумкин. Бепул версиясининг ўзида аксарият фойдаланувчилар учун керак бўладиган барча функциялар мавжуд. DaVinci Resolve иловасини ушбу ҳавола ёрдамида расмий сайтидан юклаб олиш мумкин.

ЎҚИНГ: Windows’ни тезлаштирувчи ва функцияларини яхшиловчи бепул дастурлар

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.