Қандай қилиб интернетдан хавфсиз фойдаланиш мумкин? (2-қисм)

Қандай қилиб интернетдан хавфсиз фойдаланиш мумкин? (2-қисм)

Интернетдан хавфсиз фойдаланиш ҳақидаги мақоламиз давом этади. Мақоланинг олдинги қисми билан танишиш учун бу ерга босинг.

Қуйида ишончли сайтлар ва тармоқлардан фойдаланиш ҳамда смартфонингиз хавфсизлигини таъминлаш борасида тавсиялар бериб ўтамиз.

Ишончли сайт ва тармоқлардан фойдаланиш

1. Кўринишидан сохтага ўхшовчи ёки фириб берувчи сайтларга кирманг. Агар интернетдан кўп фойдалансангиз, ҳаддан ташқари кўп поп-ап реклама кўрсатадиган, жуда кўп имловий/грамматик хатоларга йўл қўядиган ёки афтидан сохталиги кўриниб турган веб-манзилларни кўрсатиб қўйган сайтлар ҳам борлигидан яхши хабардор бўлсангиз керак. Бундай сайтларга иложи борича кирманг ва улардан ҳеч нарса юклаб олманг.

• Бунга ўхшаш сайтлардан фойдаланиш компьютерингизга вирус тушириши ёки уни ишдан чиқариши ҳам мумкин.

2. Тез-тез браузерингиз тарихини тозалаб туринг. Кўплаб сайтлар қурилмангиздаги cookie-файлларга кира олади. (Cookie-файл нима эканини бу ердан ўқинг). Cookie-файлдан фойдаланиб хакерлар шахсий маълумотингизни ўғирлаши мумкин.

• Cookie-файллардаги шахсий маълумотларингизни ўчириб юбориш учун ҳар ойда бир марта браузерингиз қидирув тарихини тозалаб туринг.

3. Онлайн харидларни фақат шифрланган сайтлардан амалга оширинг. Интернетдан бирор нарса сотиб олаётганда ёки онлайн банк ҳисобингизга кираётганда, сиз ташриф буюраётган сайт URL'и «http» билан эмас, балки «https» билан бошланаётганига эътибор беринг. «s» ҳарфи сайт ишончли экани ҳамда маълумотларингиз шифрланиши ва ўғриланмаслигини кўрсатиб туради.

• Хавфсиз сайтларга кирганингизда URL майдонида кичик қулф иконкаси пайдо бўлади.

4. Фақат шахсий Wi-Fi тармоғидан фойдаланинг, оммавий Wi-Fi'дан эмас. Ресторан, меҳмонхона ёки аэропортлардаги оммавий Wi-Fi тармоқлари кўпинча ишончли бўлмайди. Бу эса компьютерингизга бузиб кириш имконини оширади. Бундай ишончсиз Wi-Fi'лардан фақатгина ўта зарур бўлган ҳолларда фойдаланинг, бироқ шунда ҳам хавфдан огоҳ бўлишни унутманг!

5. Браузерингизда антивирус кенгайтмасидан фойдаланинг. Интернетдан янада хавфсиз фойдаланиш учун — сайтлардаги поп-ап рекламаларни блоклаб қўювчи ва сайтда хавфли файллар бор-йўқлигини текширувчи — антивирус кенгайтмасини юклаб олинг. Кенгайтма ишончли бўлиши учун уни ишончли манба, масалан, Chrome веб-дўконидан юкланг.

6. Уй интернетингизни ҳимоялаш учун тармоқлараро тўсиқни ўрнатинг. Тармоқлараро тўсиқ, тармоқ тўсиғи, брандмауэр ёки файрвол электрон тўсиқ бўлиб, рухсатга эга бўлмаган қурилмаларнинг компьютер ёки смартфонингизга киришига йўл қўймайди. Кўпгина компьютерларга заводданоқ тармоқ тўсиғи ўрнатилган бўлади. Сизда ушбу функция бор-йўқлигини компьютерингиз созламаларидаги хавфсизлик бўлимидан текширишингиз мумкин.

• Norton, McAfee ёки Microsoft каби ишончли компаниялардан файрвол дастурини тўлов эвазига сотиб олсангиз ҳам бўлади.

7. Компьютерингиз дастурий таъминотини доим янгилаб боринг. Смартфон ёки компьютерингизга келган тизим янгиланишлари хавфсизлик апгрейдига эга бўлади. Шунинг учун, ҳар доим энг сўнгги дастурий таъминотдан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Апдейтларни осон ўрнатиш учун созламалардан янгиланишларни автоматик юклаб олиш функциясини фаоллаштириб қўйинг.

ЎҚИНГ: Нима учун VPN'дан фойдаланиш керак? (+бонус)

Смартфондан хавфсиз фойдаланиш

1. Смартфонингиздаги шифрлаш функциясини ёқиб қўйинг. Кўплаб смартфонлар шифрлаш функцияси фаоллаштирилган ҳолда сотилади. Бу эса маълумотларингизга кириш рухсатига эга бўлмаган учинчи томондан сизни ҳимоялайди. Смартфонингиз шифрланганини Созламалар/Параметрлар менюсидаги Хавфсизлик ойнасидан текширишингиз мумкин.

• Автоматик шифрланган смартфонлар қаторига iPhone, янги версия Android мобил қурилмалари ва Google Pixel смартфонлари киради.

• Шифрлаш дастурини Андроид хавфсизлик менюсидан фаоллаштириш мумкин.

• Қўшимча хавфсизлик учун Google Play ёки  App Store'дан шифрловчи махсус иловани юклаб олинг.

2. Bluetooth'ингизни бегоналарга кўринмайдиган қилиб қўйинг. Телефонга Bluetooth ёрдамида бузиб кириш осон бўлмаса-да, моҳир хакерлар яқин масофадан туриб Bluetooth ёрдамида смартфонингизни бошқариши мумкинлигини унутманг. Бунинг олдини олиш учун эса Bluetooth'ни бегоналарга кўринмайдиган қилиб қўйинг. Шунда, хакерлар «радар»ига тушиб қолмайсиз.

• Нотаниш қурилма сиз билан Bluetooth орқали уланиш сўровини юборса, дарҳол «Рад этиш» тугмасини босинг.

• Потенциал хакерлар бўлиши мумкин бўлган гавжум жойлар, масалан, ресторан ёки жамоат транспортида янада эҳтиёт бўлинг.

3. Иловаларни фақат тасдиқланган дўконлардан юкланг. Вируснинг қурилмангизга энг осон жойлашиб олиши ишончсиз манбадан юкланган иловалар орқали амалга ошади. Расмий дўконлар қаторига Apple App Store ва Google Play'лар киради. Бошқа сайтлардан иловаларни ҳеч қачон юкламанг.

Бирор-бир дастурни юклашдан олдин унинг фойдаланиш шартлари билан танишиб чиқинг. Тўғри, бу кўп вақт талаб қилиши ва зерикарли бўлиши мумкин, бироқ смартфонингизга нимани ўрнатаётганингизни билишнинг ягона йўли — шу.

4. Янада хавфсиз бўлиш учун хавфсизлик дастурини юклаб олинг. Смартфонингиз максимал даражада хавфсиз бўлиши учун мобил хавфсизлик пакетини сотиб олинг. Бундай ускуналар таркибига файрвол ва фирибгарлардан ҳимоя воситалари ҳамда геолокацияни кузатиб бориш функцияси киради. Бундай дастурларнинг баъзилари смартфонни масофадан қулфлаш функциясига ҳам эга, мабодо қурилмангизни ўғирлатиб қўйсангиз.

Сиз билан улашмоқчи бўлганларимиз шулардан иборат эди. Ахборот асрида ахборотдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига риоя қилинг.

ЎҚИНГ: Интернет биз кутгандек бўлмади(ми)?

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!