Қуввати 5 кунга етувчи ностандарт смартфон – Poco M3 намойиш қилинди

  •   DiMaX
  •  14940
  •  25.11.2020 11:17

Қуввати 5 кунга етувчи ностандарт смартфон – Poco M3 намойиш қилинди

Xiaomi корпорацияси ўзининг ҳамёнбоп девайслар чиқаришга ихтисослашган Poco (ёки POCOPHONE) бренди остида навбатдаги телефонини тақдим этди. Poco M3 номли бу гаджет икки ҳафтадан бери энг оммабоп смартфонлар рейтингида етакчи бўлиб келаётир.

ЎҚИНГ: Xiaomi янги рекорди билан Realme’ни «жойига ўтирғизиб» қўйди!

Poco M3 ноодатий камера дизайни билан ажралиб туради; унинг корпуси пластикдан ишланган бўлиб, юзаси чармга ўхшаш. Компания уни уч хил – Power Black, Cool Blue ҳамда Poco Yellow рангларида таклиф этади. Корпус ўлчами 162,3х77,3х9,6 миллиметрга тенг, вазни эса 198 граммни ташкил этади.

Смартфоннинг «электрон юраги» – 11 нанометрлик тех-жараёнга асосланган Qualcomm Snapdragon 662 процессори. Poco M3 доимий хотираси 64 ва 128 гигабайтлик вариантларда чиқади; тезкор хотираси ҳар иккала ҳолатда ҳам 4 гигабайтлик. Қурилмада иккита SIM-карта слотидан ташқари, алоҳида microSD-карта уячаси ҳам кўзда тутилган.

Poco M3 моделининг асосий ўзига хосликларидан бири – нақ 6000 мА/соатлик батареясидир. Тўғри, бу ҳозирда рекорд кўрсаткич эмас, лекин, ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, енгилроқ юклама билан ишлатганда унинг автономлиги 5 кунгача боради! Ўртача фойдаланганда Poco M3 аккумуляторининг қуввати 3 кунга, аямасдан ишлатганда ҳам бир ярим кунга етади, деяпти Xiaomi. Дарвоқе, смартфон USB-C порти орқали 18 ваттлик тезкор қувват олади.

Компания бу девайсини диагоналига 6.53 дюймлик, IPS-матрицали дисплей билан таъминлаган. Унинг тасвир аниқлиги FHD+ форматида (2340х1080 пикселлик), экранда кадр янгиланиши эса 60 герцлик. Экраннинг томчисимон кемтигида 8 мегапикселлик олд камера жойланган. Бош камера эса учта датчикдан иборат: 48 Мп + 2 Мп + 2 Мп.

Қурилмада симсиз интерфейслардан 4G VoLTE, Wi-Fi (802.11 ac), Bluetooth 5, GPS ҳамда ГЛОНАСС, FM-радио мавжуд. Poco M3 яна стереодинамиклари, 3,5 миллиметрлик стандарт қулоқчин тирқиши, смартфонни бошқарув пульти сифатида қўллашга имкон берувчи инфрақизил датчиги ҳамда ён томонига жойланган дактилоскопик сканери билан мақтана олади. Расмий саҳифасида NFC модули ҳақида маълумот йўқлигига қараганда, унга бундай чип ўрнатилмаган.

Android 10 операцион тизимли Poco M3 смартфони MIUI 12 график қобиғи билан ишлайди, унга яна Poco launcher ҳам жорий этилган Xiaomi уни кейинроқ Android 11 тизимигача янгилайди.

Poco M3 сотувга 27 ноябрдан чиқади, унинг 4/64 гигабайтлик варианти учун 149 АҚШ доллари, 4/128 гигабайтлигига эса 169 доллар миқдорида нарх белгиланган. Унинг савдога чиқарилиши «Қора жума» – чегирмалар кунига тўғриланган; айни шу куни смартфон ўз нархидан 20 долларга арзонроқ – тегишлича 129 ва 149 долларга сотилади.

ЎҚИНГ: Xiaomi техникаси нега бунчалик қимматлашди? Компания раҳбари афсусда...

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!