Расмий: янги авлод Nokia 6 смартфони тақдим қилинди

Расмий: янги авлод Nokia 6 смартфони тақдим қилинди

2017 йилнинг январида Nokia бренди остида смартфон ишлаб чиқарувчи HMD Global компанияси ўзининг илк смартфони -- Nokia 6 моделини тақдим қилган эди. Орадан бир йил ўтиб, кеча компания томонидан иккинчи авлод Nokia 6 (2018) модели тақдим қилинди. Унинг аппарат таъминоти такомиллашиб, дизайни янада кўркамлашган.

Nokia 6 бу гал 6000 сериясидаги алюминий қотишмасидан тайёрланган корпусга эга бўлган. Унинг корпус ёнлари олмос каби қиррадор ҳошия билан ўраб олинган. Орқа панел ўзининг "истарасини" Nokia 5 моделидан олган ва бу ерда бармоқ изи сканери ўрнатилган.

Nokia 6 (2018)'нинг корпус ўлчамлари: 148,8х75,8х8,15 мм. Смартфон 2 рангда ишлаб чиқарилмоқда: қора ва кумуш. Компания дисплейни бугунги тенденцияни рад қилган ҳолда, негадир 18:9 форматида ишлаб чиқармаган. Смартфон экрани 5,5 дюймли ҳамда Full HD (1920х1080) сиғимли. Унинг томонлар нисбати анъанавий -- 16:9 стандартида.

Девайснинг аппарат таъминоти учун — 2,2 ГГц частота тезлигига эга Snapdragon 630 процессори танланган. Айтиш жоизки, бугунги кунда смартфон бозорида Sharp Aquos S2, Asus ZenFone 4, Motorola Moto X4,
Nokia 7, HTC U11 Life, Xiaomi R1 моделлари айнан шу чипсетда ишлайди.

Nokia 6 (2018) модели 4 Гб тезкор (LPDDR4) хотирага эга бўлган. Унинг доимий ички хотираси 2 хил модификацияда ишлаб чиқарилмоқда: 32 Гб ҳамда 64 Гб. Смартфон қўшимча хотира флешкасини ҳам қўллаб-қувватлайди.

Девайс аккумуляторининг электр токи сиғими 3000 мА соат. Уни 18 ваттли кучланиш билан тезкор қувватлаш мумкин. Бунда "қувват тоши" ярим соат ичида қувватини 50% га тўлдиради.

Гаджетдаги олд камеранинг аниқлиги 8 мегапикселли. Бош камера учун эса 16 мегапикселли сенсор танланган. Бу модел ҳам Nokia 8 каби, Bothie режимига эга бўлган. Яъни, энди ҳар иккала камерани бир вақтнинг ўзида ёқиб, Dual-Sight фото ва видеоларни олиш мумкин. Қуйидаги суратлар айнан шу модели "ижодига" мансуб.

Смартфонга хос яна бир аҳамиятли жиҳат — унинг Android 7.1.1 Nougat операцион тизими бошқарувида фаолият кўрсатишидир. Ишлаб чиқарувчи бу тизимни яқин вақт ичида Oreo'га ҳам янгилашни ваъда қилмоқда.

Девайсда USB Type-C порти, 3,5 мм.ли аудио-туйнук, сифатли овозга масъул OZO Audio технологияси, Bluetooth 5.0, Wi-Fi ҳамда LTE технологиялари жорий қилинган.

Иккинчи Nokia 6 моделининг энг арзон талқини (32 Гб) $231, ва унинг 64 гигабайтли қиммат талқини $262 доллардан, 10 январдан сотувга чиқарилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!