Redmi битта флагманини нақ 110 долларга арзонлаштириб, яна бирини MIUI 12’гача янгилаяпти!

  •   DiMaX
  •  3231
  •  18.09.2020 09:53

Redmi битта флагманини нақ 110 долларга арзонлаштириб, яна бирини MIUI 12’гача янгилаяпти!

Xiaomi корпорациясининг арзончи суббрендига мансуб Redmi K30 флагмани энг арзон 5G-смартфон сифатида намойиш этилган эди. Шундай бўлса-да, Redmi K30 Ultra юбилей флагмани тақдимоти олдидан компания уни рекорд даражада арзонлаштирган.

ЎҚИНГ: Redmi K30’нинг тақдимотда айтилмаган сири фош бўлди! (+«жонли» видео)

Кейинги ойларда бошқа компаниялар ундан ҳам арзон 5G-смартфонлар тақдим этишди. Масалан, уларнинг ичида энг арзони – Realme V3 нархи атиги 146 доллардан бошланади! Мазкур рақобатни ҳисобга олиб, Redmi K30 нархини Хитойда янада пасайтиришди.

Хитойдаги оммабоп онлайн дўкон – JD.com платформасида ҳозир тезкор/ички хотираси 6/128 гигабайтлик Redmi K30 смартфонини 1499.00 юандан сотишяпти, бу эса тахминан 222 АҚШ долларига тўғри келади. Мазкур моделнинг айни шу конфигурацияли варианти дастлаб 332 доллардан сотувга чиққанини ҳисобга олсак, компания уни нақ 110 долларга арзонлаштирган!

ЎҚИНГ: Redmi 9i тақдим этилди: MIUI 12, катта хотира, кучли аккумулятор ва арзон нарх!

Бундан ташқари, Xiaomi шу кунларда мазкур туркумнинг яна бир вакили – Redmi K30 Pro моделини барқарор MIUI 12 график қобиғигача янгиламоқда. MIUI V12.0.9.0.QJKCNXM рақамли мазкур прошивка ҳажми бирмунча катта – 3,2 гигабайт келади.

Компания мазкур апдейтни дунёнинг турли ҳудудлари бўйлаб босқичма-босқич тарқатади, шу боисдан бизнинг ҳудудларга сал кейинроқ етиб келиши ҳам мумкин. Лекин энг муҳими – ушбу апдейтни ўрнатишдан олдин смартфондаги маълумотларнинг захира нусхасини яратиб, компьютерда сақлаб олишни Redmi K30 Pro эгаларидан Xiaomi’нинг ўзи сўрамоқда.

Xiaomi, Redmi, Poco ва Black Shark смартфонларининг глобал прошивка, глобал версия ва хитойча версиялари, уларнинг ўзаро фарқи ҳақида мана бу мақоламиздан батафсил маълумот оласиз.

ЎҚИНГ: Xiaomi ва Redmi смартфонларини 20 сентябргача чегирма билан олиш мумкин!