Redmi K30 Pro ва унинг Zoom Edition версияси чиқди: энг зўр чипсетли арзон 5G-смартфонлар! (+видео)

  •   DiMaX
  •  2414
  •  24.03.2020 19:05

Redmi K30 Pro ва унинг Zoom Edition версияси чиқди: энг зўр чипсетли арзон 5G-смартфонлар! (+видео)

Xiaomi компанияси бугун – 24 март куни Хитойда онлайн тақдимот маросимини ўтказди. Унда бир қатор гаджетлар намойиш этилган бўлса-да, энг асосийси – Redmi K30 Pro ҳамда Redmi K30 Pro Zoom Edition флагманлари бўлди.

ЎҚИНГ: Xiaomi уч йил аввалги флагманини замонавий қилиб қайта чиқаряпти!

Аввалроқ тақдим этилган арзон смартфон – Redmi K30 моделидан фарқли равишда, Pro-версияни ҳеч бир тирқишсиз ва кемтиксиз AMOLED-дисплей билан таъминлашган. Экраннинг ўлчами – диагоналига 6.67 дюйм, тасвир аниқлиги Full HD+ форматида, кадр янгланиш частотаси оддий – 60 герцлик. Дисплей HDR10+ сифатида тасвир узата олади, максимал ёрқинлиги – 1200 нит. Унинг юзасига Corning Gorilla Glass 5 ҳимоя шишаси ётқизилган.

Redmi K30 Pro айни дамдаги энг илғор Android-процессор – Snapdragon 865 базасига қурилган ва унга совитиш тизими ўрнатилган. Смартфон харидорларга LPDDR5 туридаги тезкор хотираси икки хил – 6 ва 8 гигабайтлик вариантларда тақдим этилади. Доимий хотираси эса 128 ёки 256 гигабайтлик UFS 3.1 чипларидир.

Янги смартфоннинг «қувват тоши» – 4700 мА/соатлик аккумулятор бўлиб, 33 ваттлик тезкор қувватлаш технологияси асосида 60 дақиқада нолдан бошлаб тўлиқ қувват олиб улгуради.

Redmi K30 Pro’да симсиз зарядланиш функцияси йўқ, лекин мақтанишга арзирли бошқа жиҳатлари кўп. Жумладан, экраности дактилоскоп, янгича вибромотор, қулоқчин тирқиши, Wi-Fi 6 ва NFC модуллари, 5G-модем, инфрақизил порт, Hi-Res Audio ва ҳатто IP57 стандартидаги сувдан ҳимоя ҳам!

Тақдимотда компания янги моделнинг камераларига катта эътибор қаратган. Олд камера 20 мегапикселлик датчик бўлиб, корпуснинг юқори қиррасидан чиқувчи механизмга жойланган ва ранги ўзгарувчи LED-индикаторга ҳам эга.

Асосий камера тўрт модулли: асосий сенсор – 64 мегапикселлик Sony IMX686 датчиги. Ушбу сенсор 0.8 мкм ҳажмли пикселларга эга бўлиб, OIS ва EIS технологияларини қўллаб-қувватлайди; шунингдек, 8K сифатида видео ёзиб олишга қодир.

Қолганлари – кенг бурчакли объектив билан бирлашган 13 мегапикселлик модул; 2 мегапикселлик чуқурлик сенсори; 5 мегапикселлик макрокамера ҳамда фокус масофаси 50 мм бўлган 5 мегапикселлик датчик.

Redmi K30 Pro моделидан ташқари, ушбу тадбирда унинг махсус – версияси – Redmi K30 Pro Zoom Edition ҳам намойиш қилинди. Ушбу смартфон «оддий» шеригидан камералари билан фарқланади: 5 мегапикселлик сенсор ўрнига унда 8 мегапикселлик камера ўрнатилган бўлиб, ушбу датчик 3 карралик оптик яқинлаштирув ва тўртта ўқли барқарорлаштириш технологияларига эга.

Redmi K30 Pro ҳамда Redmi K30 Pro Zoom Edition савдолари Хитойда шу йилнинг 4 апрелида бошланади, нархлар эса қуйидагича:

Redmi K30 Pro 6/128 ГБ – $423

Redmi K30 Pro 8/128 ГБ – $480

Redmi K30 Pro 8/256 ГБ – $522

Redmi K30 Pro Zoom Edition 8/128 ГБ – $535

Redmi K30 Pro Zoom Edition 8/256 ГБ – $564

Ушбу икки «қотил» смартфоннинг бошқа мамлкатлар бозорларига чиқиши хусусида ҳозирча маълумот йўқ.

ЎҚИНГ: Xiaomi смартфонлари эгалари, коронавируснинг навбатдаги зарбасига тайёр туринг!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.