Россияда Telegram блокланишининг асл сабаби ошкор бўлди

Россияда Telegram блокланишининг асл сабаби ошкор бўлди

Telegram'нинг Россия Федерацияси ҳудудида блокланиши атрофидаги шов-шувлар тинмаган бир пайтда мамлакат хавфсизлик хизматларининг ўзаро ёзишмалари мессенжернинг босимга учраш сабаби умуман бошқа эканлигини кўрсатмоқда. Махсус хизматлар мессенжердан айланма йўллар билан фойдаланишга чек қўя олмаётир. Шу сабабли Telegram уларнинг ҳам кундалик муҳокама мавзусига айланиб қолганлиги айтилмоқда. Бугун маълум бўлишича, РБК нашри ихтиёрига ФСБ 12-маркази ходими Роман Антипкиннинг 18 апрел куни ўз ҳамкасбларига йўллаган хабари келиб тушган. Унда ходим Telegram блокланишининг асл сабабини билиши ҳақида даъво қилади:

«Ҳамкасблар, нега тушунмайсиз, сабаби бу эмас. Сабаб крипто-калитлар ва терроризмда ҳам эмас. Паша Дуров шунчаки янги Мавродига айланишга қарор қилди. У ўз криптовалютасини жорий қилса, бизнинг Россияда батамом бошқариб бўлмас молиявий тизим пайдо бўлади. Ва у биткоиндан ҳам ишончлироқ ва назоратсиз бўлади. Бу бутун мамлакат хавфсизлигига таҳдид демакдир. Барча наркотик моддалар савдоси, ноқонуний пул айирбошлаш ва одам ички аъзоларини сотиш айнан шу криптовалюта орқали амалга оширила бошланади.»

ЎҚИНГ: Нима сабабдан махсус хизматлар Telegram'ни ёмон кўрадилар?

Ходимнинг ёзганларидан маълум бўлишича, Павел Дуров ва ФСБ зиддиятининг асосий сабаби фойдаланувчилар хабарлари ва ёзишмаларини ўқиш имконини берувчи крипто-калитлар эмас, балки Telegram асосчисининг мессенжер тармоғи доирасида ўз криптовалютасини жорий қилмоқчи бўлганлиги бўлиб чиқмоқда.

Ушбу хабар электрон почта орқали юборилган. РБК нашрининг маълумот беришича, бу хабар Антипкинга тегишли эканлигини алоқа операторларидан бирининг топ-менежери ва бир федерал амалдор тасдиқлаган. Айни вақтда Антипкиннинг ўзи юқоридаги сўзлар ўзига тегишлилигини тан олмаган.

РБК нашри хабарда ёзилган сўзлар юзасидан изоҳ сўраб ФСБга мурожаат қилган, лекин ҳеч қандай жавоб ололмаган. Павел Дуров ҳам РБКнинг сўровини жавобсиз қолдирган.

Павел Дуровнинг Telegram Open Network (TON) номли блокчейн платформа асосида Gram криптовалютасини жорий қилиш режалари ўтган йилнинг сўнггида маълум бўлган эди. 132 бетдан иборат ва Павел Дуровнинг акаси Николай Дуров томонидан имзоланган криптовалюта режасида Telegram ва бошқа тармоқлардаги молиявий айланмаларга асос бўлиши лозим бўлган қудратли тизимга батафсил изоҳ берилади. Режада маълум қилинишича, TON платформаси бир сония ичида миллионлаб транзакцияни қайта ишлаш имконига эга бўлади. Ҳозирда машҳур Bitcoin тўлов тизими сониясига атиги 9-12, MasterCard ва Visa тизимлари эса бир неча минг транзакцияни амалга ошира олади, холос.

ЎҚИНГ: Telegram’га қарши беҳуда жанг: Роскомнадзор адашиб, Amazon IP-манзилларига киришни ёпиб қўйди

Россия махсус хизматлари томонидан Telegram'нинг блокланиши тўғрисидаги гап-сўзлар бошланганига бир йилдан ошди. Бироқ ушбу тақиқ фақатгина Павел Дуровнинг Gram криптовалютасини жорий қилишга жиддий киришганидан сўнг амалга оширилди. Шу вақтга қадар Дуров бўлажак криптовалютаси учун $1,7 миллиард маблағ жамғаришга муваффақ бўлган.

Мутахассислар Telegram блокланишининг асл сабаби бекорга яширилмаяпти, демоқда. Павел Дуров яратаётган криптовалюта халқаро қонунларга зид келмайди ва Telegram асосчисининг ўзи ҳам бирор тартибни бузмасликка уринмоқда. Шу учун ҳам яратилаётган криптовалюта суднинг блоклаш ҳақида қарор чиқариши учун етарли бўлолмас эди. Бундан ташқари Россия қонунчилигида криптовалюталарга нисбатан аниқ тартиб ва чоралар белгиланмаган. Агар Telegram'нинг асл блокланиш сабаби ошкор қилинса, унинг блокланиши юзасидан чиқарилган суд қарорини бекор қилиш учун имконият пайдо бўлади.

Юқоридаги сабаблар туфайли Telegram блокланиши сабабининг бундай версияси тасдиқдан ўтиши мушкул ҳол.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!