Samsung Galaxy S21 Ultra қўшимча бир компонентга эга бўлиши айтилди

Samsung Galaxy S21 Ultra қўшимча бир компонентга эга бўлиши айтилди

Таниқли инсайдер Ice Universe анчадан буён Samsung қурилмалари ҳақида ишончли маълумотларни сиздириб келади. Инсайдернинг Twitter тармоғи орқали маълум қилишича, Samsung Galaxy S21 Ultra смартфони худди Galaxy Note'ларда бўлгани каби S Pen стилусига эга бўлади.

S Pen ручкалари Galaxy S21 Ultra қадоғи таркибида бўлиши ҳақида илгари ҳам хабарлар тарқалган эди. Олдинги хабарларда, шунингдек, букламафонлар экрани Samsung стилусларини қўллаб-қувватлаш даражасида мустаҳкам бўлиши билан Galaxy Note линейкаси ўрнини кейинги авлод Z Fold'лар эгаллаши айтилган.

Аслини олиб қараганда, Galaxy S ва Note сериялари ўртасидаги ўхшашликлар кўпайиб бораётгани аллақачон сезилмоқда. Бунга S20 Ultra ва Note 20 Ultra'ларни мисол қилиб келтириш мумкин. Афтидан, кореялик смартфонсоз иккала серияни бирлаштириб, Galaxy Note'лардан воз кечадиган кўринади. S21 моделлари келаси йил 14 январда тақдим қилиниши кутилмоқда. Бу ушбу линейка тарихидаги энг эрта тақдимот санаси ҳисобланади.

S21 Ultra ҳақида сиздирилган энг сўнгги маълумотларга кўра, янги модель 120Hz'да янгиланувчи 1440p резолюцияли LTPO AMOLED экранга эга бўлади. S21 Ultra'га, шунингдек, Samsung'нинг янги 108 мегапикселлик HM3 датчиги ўрнатилиши кутилмоқда. Ушбу датчикнинг ёруғликка сезгирлик даражаси 12% юқорироқ бўлади.

Яна тахминларга кўра, янги S21 смартфонлари худди iPhone 12 серияси каби қувватлагичсиз сотилиши мумкин. Бошқа миш-мишларга кўра эса, Samsung флагманлар қадоғи таркибига Galaxy Buds Beyond деб номланувчи симсиз оригинал қулоқчинларни ҳам солиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирга қадар сайтимизда Samsung Galaxy S21 моделларининг сифатли расмлари, смартфондаги камера жойлашувни кўрсатувчи сурат ва серия таркибидаги ҳар учала модель ўртасидаги ўхшаш ҳамда фарқли жиҳатлар ҳақида маълумот берганмиз.

ЎҚИНГ: Samsung’нинг бу смартфони ҳам Mi Mix 3, ҳам Mi Mix Alpha’га ўхшайди! (+видео)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!