Samsung ишга жиддий киришган – у iPhone 8’га жавоб тайёрламоқда!

  •   DiMaX
  •  2063
  •  02.09.2017 12:59

Samsung ишга жиддий киришган – у iPhone 8’га жавоб тайёрламоқда!

Саноқли кунлар ичида тақдим этилиши кутилаётган iPhone 8 смартфонига Samsung компанияси ўзининг навбатдаги флагмани билан жавоб беришга ошиқяпти. Бу хусусда ишончли манбаларга таянган ҳолда Кореянинг The Investor нашри хабар қилган.

Айтилишича, компания ўзининг Galaxy S9 смартфонини 2018 йилнинг январидаёқ тақдим этиш учун, ушбу модел устидаги ишларни тезлаштирган. Нашрнинг таъкидлашича, Samsung ушбу қурилмаси билан iPhone 8 ишлаб чиқувчисига қарши жиддий «жанг»га киришмоқчи.

The Investor манбаларига кўра, Galaxy S9’нинг синов намуналарини йиғиш ишлари аввал режалаштирилганидан 2–3 ой олдин бошланиши мумкин. Бироқ бунинг учун Samsung’нинг янги авлод смартфонлари учун бутловчи қисмларни етказиб берувчилар ҳам тезлашиб, узоғи билан ноябргача буюртмаларни бажаришларига тўғри келади. Бунақа вазиятда навбатдаги флагманларнинг юқори сифатли чиқишини Samsung таъминлай олармикан – масаланинг шу томони ҳам бор.

Galaxy S9 ҳамда S9+ хусусиятларига келадиган бўлсак, смартфонларнинг корпуслари ва дисплейлари аввалги ўлчамларида қолиши тахмин қилинаётир. Асосий ўзгаришлар эса қурилмаларнинг ички – аппарат қисмларига тегишли бўлади. Хусусан, бу флагманлар Snapdragon 845 чиплари ҳамда 6 ёки 8 гигабайтлик тезкор хотира билан таъминланади. Шунингдек, уларга қўшалоқ объективли камера ҳамда бармоқ изини бевосита дисплейдан аниқловчи сканер ҳам ўрнатилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!