Samsung ва BMW ишқибозлари учун янги смартфон тақдим этилди

Samsung ва BMW ишқибозлари учун янги смартфон тақдим этилди

Samsung ўтган йили Galaxy S22 Ultra моделининг Mercedes Benz версиясини тақдим этган эди. Бу йил кореялик компания энди бошқа немис компания, BMW билан ҳамкорликда Galaxy S23 Ultra BWM M Edition смартфонини эълон қилди.

Ушбу версиядаги смартфон 1000 дона ишлаб чиқарилиши режалаштирилган бўлиб, у фақат Жанубий Корея бозори учун мўлжалланган бўлади. Махсус версиянинг 12/512ГБ хотирага эга турини 1,727,000 вон (тахминан 1362 доллар) нарх эвазига сотиб олиш мумкин. Худди шундай хотирага эга оддий Galaxy S23 Ultra'нинг нархи 1,600,400 вонни (тахминан 1262 доллар) ташкил қилади. 

Смартфон дизайнини яратишда дизайнерлар асосан BMW M3 E30 автомобилидан илҳомланганлар. Қурилманинг қадоқ таркибида BMW дизайнидаги ғилоф, калит осгич ва унга ўрнатса бўладиган олти хил даврдаги BMW эмблемаси ҳамда “We are M“ ёзуви туширилган металл логотип бўлади. 

Смартфон қадоқ таркибидан, шунингдек, BMW брендидаги аккумуляторли ҳаво компрессори, стакан ушлагич, соат, постер ва фотоальбомли китоб ўрин олган. Харидорлар, бундан ташқари, Starter Pack воучерига эга бўлишади. У билан Инчеон шаҳрида жойлашган BMW Driving марказида малакали инструктордан автомобилни бошқаришга оид дарсларни олиш мумкин. 

Galaxy S23 Ultra BMW M Edition смартфонининг график қобиғи ҳам айнан BMW брендидагига асосланган бўлади.

ЎҚИНГ: 240 Вт тезликда қувватланадиган илк смартфон расман тақдим қилинди