Samsung, Xiaomi ва бошқа смартфонлар фойдаланувчилари хавф остида

Samsung, Xiaomi ва бошқа смартфонлар фойдаланувчилари хавф остида

Компьютер хавфсизлиги бўйича шуғулланувчи Kryptowire компанияси ҳар йили Android операцион тизимига эга смартфонлардаги иловалар ҳақида ҳисобот эълон қилади. Тадқиқот ишлари АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланади.

Компания смартфонларда ишлаб чиқарувчилар томонидан ўрнатилган дастурий таъминот ва прошивкаларни ўрганади. 2019 йил учун чиқарилган энг сўнгги ҳисоботда, мутахассислар зарарли дастурлардан фойдаланиши мумкин бўлган 146 та хавфли иловани аниқлади. Бу ҳақда iXBT сайти хабар бермоқда.

Бу иловаларнинг барчаси ишлаб чиқарувчилар томонидан арзон нархли смартфонларга ўрнатилади. Улар фирибгарларга ички микрофон орқали суҳбатни эшитиш, бир томонлама кириш ҳуқуқини ўзгартириш, шунингдек, ишлаб чиқарувчига махфий маълумотларни узатишга имкон беради. Буларнинг барчаси рухсатсиз амалга ошади.

Шунга ўхшаш хавфли унсурлар 29 хил ишлаб чиқарувчининг смартфонларида топилган. Ушбу рўйхатдан Cubot ва Doogee каби нисбатан номаълум брендлар, шунингдек, Sony, Samsung ва Xiaomi каби таниқли компаниялар ўрин олган.

Ўртача, Android смартфони юз тадан тўрт юзгача олдиндан ўрнатиладиган иловаларга эга бўлишини ҳисобга олсак, улардаги бу нуқсонлар фойдаланувчилар учун жиддий ва ўсиб бораётган хавф ҳисобланади.

 Мутахассисларнинг фикрига кўра, муаммо ҳал қилиб бўлмайдиган даражада. Kryptowire бош директори Анжелос Ставроу таъкидлашича, Google коднинг синчков таҳлилини ва Android экотизимига кирувчи маҳсулотлар учун дастурий таъминот етказувчининг жавобгарлигини талаб қилиши мумкин.

Ҳусан Қодиров тайёрлади.

ЎҚИНГ: Android-смартфондаги Chrome’ни доимо «Инкогнито» режимида ишлайдиган қиламиз

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!