Сирға ёки қулоқчин? Мода ва технология бирлашди!

Сирға ёки қулоқчин? Мода ва технология бирлашди!

Германиянинг Мюнхен шаҳрида жойлашган Nova стартап компанияси ўзининг "марварид қулоқчин"ларини тақдим қилди – H1 Audio Earrings ўзида ҳам мода, ҳам технологияни мужассам этган.

Қизиғи шундаки, қулоқчинларнинг марвариди ҳақиқий ҳисобланади ва уларнинг орқасида иккита колонкалар жойлашган. Гарчи қурилмалар қулоғингиз ичида бўлмаса ҳам, улар аудиони сизга, қулоғингизга етказиб бериш учун "йўналишли овоз" технологиясидан фойдаланади. Бу эса ёнингиздаги одамлар сиз тинглаётган нарсаларни эшитмаслигини таъминлайди.

Компаниянинг айтишича, сиз атрофингизда бўлаётган нарсалар билан бирга мусиқа тинглашингиз мумкин. Бу шуни англатадики, қулоқчинлар шовқинни бекор қилиш хусусиятига эга эмас. Алоҳида таъкидлаш жоизки, қулоқчинларнинг қувватловчи кейси ҳам нафис ва чиройли дизайнга эга.

Техник хусусиятларга келадиган бўлсак, қулоқчинлар тўлиқ қувват билан 3.5 соатгача мусиқа тинглаш ёки ички ўрнатилган тўртта микрофонлар орқали 2.5 соатгача гаплашиш имконини беради. Қувватловчи кейс билан эса сиз қулоқчинларингизни уч марта тўлиқ қувватлаб олишингиз мумкин, яъни бу билан сиз қулоқчинлардан 14 соат фойдалана оласиз.

Шунингдек, қулоқчинлар мусиқани бошқариш ёки қўнғироқларга жавоб бериш учун ички ўрнатилган тугмаларга ҳам эга. Қулоқчинлар оғирлиги 7.7 граммни ташкил қилади.

Nova H1 Audio Earrings бир қарашда қулоқчин эмас, тақинчоқларга ўхшайди. Қолаверса, улардаги марваридларнинг ҳақиқийлиги билан уларнинг оддий қулоқчинлардан бир неча баробар қимматроқ бўлиши маънога эга. Шундай қилиб, нархлар қуйидагича:

  • Тилла вариантидагиси: 695 евро (≈$753)
  • Кумуш вариантдагиси: 595 евро (≈$645)

Марварид қулоқчинлар ҳозирда фақат Европада сотувга чиқарилган, лекин тез орада компания улар Америка ва Япония бозорларига киришни режалаштирган.

ЎҚИНГ: Apple AirPods Lite устида ишламоқда

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!