Смартфон – қўйнингиздаги жосус бўлмасин

Смартфон – қўйнингиздаги жосус бўлмасин

Махфий маълумотларни эълон қилувчи WikiLeaks нодавлат ташкилоти ўтаётган ҳафтада 8,000 саҳифадан иборат “Vault 7″ номли ҳужжатни эълон қилди. Бу ҳужжат катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Унга кўра, АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўз фаолиятлари давомида жиноятчиликларни ечиш учун фуқароларнинг электрон қурилмаларига кириб, маълумотлардан ноқонуний фойдаланиб келганлар.

Эсингизда бўлса, 2016 йилнинг феврал ойи ўрталарида Apple корпорацияси АҚШнинг Федерал тергов бюросига Сан-Бернардино шаҳрида қотилликларни амалга оширган шахснинг айфонидаги маълумотларни расшифровка қилишга ёрдам беришдан бўйин товлагани учун йирик низолар келиб чиққан эди.

Apple, Google ва “Кремний водийси”даги бошқа ахборот технологиялари ишлаб чиқарувчилари уларнинг девайсларидан фойдаланаётган мижозларининг қурилмаларидаги маълумотларни шифрлайдилар, яъни ўқиб бўлмас код кўринишига келтириш хизматларини ҳам таклиф қиладилар. Ва, ҳукумат муассасалари сўраган тақдирда ҳам, маълумотни коддан чиқариб беришни фойдаланувчига нисбатан ноҳақлик эканини таъкидлайдилар. Қуйида америкаликлар айфонга нега содиқ эканликларини яна бир бор тушуниб оламиз.

Смартфонни шифрлаш турлари 
Смартфонни шифрлашнинг 2 та тури бор. Ҳар иккаласи ҳам фойдаланувчининг махфий хат-хабарлари ва мулоқотини бегона, манфаатдор шахслардан ҳимоя қилишни англатади. Биринчи тури — смс-хатларни шифрлайди. “Ҳаракатдаги маълумот” деб ҳам аталувчи бу тур бир девайсдан иккинчи девайсга бораётган хабарни кодлаб, 3-томондаги ҳаккерлар тушунмайдиган кўринишга келтиради.

Шифрлашнинг 2-тури, “муфассал шифрлаш” бўлиб, ҳаттоки дастур, смартфон ишлаб чиқарувчи ёки етказиб берувчи ҳам бу шифрларни еча олмайди. Apple’нинг iMessages хизмати айнан шундай хизматни таклиф қилади. Ҳеч бир ҳаккер бу хизматдан фойдаланиб, хат-хабар юборган одамларнинг хатларини кибер усуллар билан ўғирлай олмайди. Шу сабабли ҳам, америкаликларнинг кўпи айфонга ишқибоз.

Бунда қурилмадаги барча маълумотлар, видео ҳамда аудиолар, иловалар ҳам шифрланади. Бу шифрлаш тури жиноятчилар ўртасида кенг тарқалган. Android ва iOS операцион тизимларининг ҳар иккаласи бундай хизматларни таклиф қилишади. Шу боис, Google ва Apple’нинг суд ҳамда тергов бюролари билан низолари кўп кузатилади.

Смартфонда шифрлаш нега керак?
2015 йилда Apple раҳбари Тим Кук шундай деган: “Бугун сизнинг айфонингизда, эҳтимол ўта махфий шахсий ёки иқтисодий аҳамиятга эга маълумотлар бўлиши мумкин. Бу ёзишмаларни, шахсий муносабат ҳамда бизнес сирларни ҳимоя қилишга бугунги фаол интернет фойдаланувчиси қодир эмас. Боиси, ҳаккерлар турли йўллар билан смартфон тизимига киришга, маълумотни олишга эришадилар. Маълумотларни ҳимоя қилишнинг ягона йўли — уларни шифрлашдир”.

Смартфоннинг шифрланиши нега баҳсли?

Смартфонни шифрлаш орқали ундаги маълумотларни энг кучли ҳаккер ва смартфонни ишлаб чиқарган компаниядан ҳам ҳимоялаш мумкин. Бу эса ўғри, гиёҳванд савдоси диллерлари, жиноятчилар учун айни муддао. Уларни аниқлаш учун эса шифрларни ечиш керак. Ҳозирча ҳукуматларга бунга ҳуқуқ берадиган асос мавжуд эмас.

2015 йилда бу мавзу АҚШ президентлигига номзод Ҳиллари Клинтон иштирокидаги дебатда ҳам ҳукуматга электрон қурилмалардаги маълумотларни зарур маҳалда расшифровка қилишга рухсат бериш-бермаслик масаласи кўтарилган эди. Клинтон хоним ўшанда бу мавзуни яхши тушунмаслигини, диққатни кучли мутахассислар тайёрлашга қаратиш кераклигини айтган эди.

Смартфонни шифрлаш учун оммабоп иловалар
Бугунда “Signal”, “Silent Text”, “Silent Phone”, “iMessages”, “CryptoCat” каби шифрлаш иловалари оммалашган.
Аммо, бу ечим эмас. Смартфондан фойдаланиш чоғида эҳтиёт чораларини кўриш, жумладан унда махфий ёки шахсий маълумотларни сақламаслик сизни кибер жиноятлар қурбонига айланишдан сақлайди.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.