Startup Mix мавзуларини билишни истайсизми?

  •   DiMaX
  •  1237
  •  03.02.2017 11:19

Startup Mix мавзуларини билишни истайсизми?

Ҳар ойда бир марта ўтказилиб келаётган ушбу конференциянинг навбатдагисида кўриладиган мавзулар лойиҳанинг сайтида эълон қилинган.

Ундаги маълумотларга кўра, бу гал биринчилардан бўлиб «Стартаплар тақдимоти» бўлимида «MyTaxi Express – MyTaxi элтиб бериш каталоги» мавзусидаги тақдимот намойиш этилади. Уни Workly, MyTaxi, Newmax Technologies ҳаммуассиси Акмал Пайзиев олиб боради.

Шунингдек, Zetta Group компанияси директори, iiko компаниясининг Ўзбекистондаги бизнес-ҳамкори Абдулла Зарипов «iiko – ресторанларни бошқарув бўйича ERP-класс тизими» мавзусида сўзга чиқади.

«Мутахассисларнинг чиқишлари» бўлимида «ВилГУД» ақлли автосервислари тармоғининг ҳаммуассиси Барно Турсунова онлайн тарзда чиқиш қилади. Унинг маърузаси автомобилларга техник хизмат кўрсатиш жараёнини бошқаришга IT-технологияларнинг жорий этилиши ҳамда инновациялар мавзусига бағишланган.

«Speed Mentoring» секциясида эса экспертлар олдида стартапнинг уч дақиқалик оммавий питчи – лўнда намойиши бўлиб ўтади. Унда эксперт сифатида Home Market супермаркетлар тармоғи раҳбари Хондамир Муслимов ҳамда Softline Uzbekistan лойиҳаларни бошқариш бўлими раҳбари Омон Мўминов иштирок этишади.

«Баҳс-мунозара» қисмида «Ресторанчилик бизнесида инновациялар» мавзусида фикр алмашинув бўлиб ўтади. Унда Smart Group Restaurants компанияси асосчиси, ресторатор ва тадбиркор Санжар Мақсудов ҳамда Ресторанчилик бизнеси академияси асосчиси, ресторатор ва тадбиркор Тимур Абдуллаев иштирок этишади.

Тадбирнинг «Таништирувчи семинарлар»ида Altinit LLC ва ConTex LLC компаниялари президенти, фан доктори Жамшид Авлоний «Илмий стартаплар: ғоядан то амалга оширишгача» мавзусида чиқиш қилади.

Шунингдек, «Ўзбекистондаги стартапларнинг Швейцария томонидан молиялаштирилиши имкониятлари» мавзусида Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси савдо маслаҳатчиси Абдурашид Абдукаримов сўз юритади.

Агар сизнинг ҳам янги лойиҳангиз мавжуд бўлса, уни навбатдаги учрашувларда тақдим этишингиз мумкин. Бунинг учун лойиҳангиз хусусидаги қисқача маълумотни [email protected] электрон манзилига юборишингиз лозим.