Сунъий интеллект инсониятга нима беради?

Сунъий интеллект инсониятга нима беради?

Одатда, роботлар деганда, кўпчиликнинг кўз олдига инсонлардек гаплаша оладиган, уларнинг ўрнига барча юмушларни бажара оладиган ёрдамчилар келади. Аммо бу нисбатан кенгроқ тушунча. Аслида, мобиль қурилмангиздаги дастурлар: google-таржимон, луғатлар, турли хил ўйинлар ва ҳоказолар ҳам сунъий интеллектга яққол мисол бўла олади. Фақат уларнинг қамрови кичикроқ бўлиб, маълум бир йўналишдагина сизга ёрдам бера олади. Яъни, бажармоқчи бўлган амалларингиз турига қараб тегишли дастурдан фойдаланасиз.

СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ЎЗИ НИМА?

Сунъий интеллект — информатиканинг алоҳида соҳаси бўлиб, одатда инсон онги билан боғлиқ имкониятлар: тилни тушуниш, ўргатиш, муҳокама қилиш, масалани
ечиш, таржима ва шу каби имкониятларга эга компьютер тизимларини яратиш билан шуғулланади.

Ҳозирда СИ турли амалларни бажаришга мўлжалланган алгоритм ҳамда дастурий тизимлардан иборат ва у инсон онги бажариши мумкин бўлган бир қанча вазифаларнинг уддасидан чиқа олади.

1990 йилларда СИ тараққиётида янги саҳифа очилди. 1997 йилда Deep Blue номли IBM компьютери шахмат бўйича жаҳон чемпиони Гарри Каспаровни енгган тарихдаги илк компьютер бўлди.

СИнинг ёрқин намуналаридан яна бири – IBM Watson суперкомпьютери бўлиб, у ўз базасидан келиб чиқиб муайян тилда берилган саволларга жавоб беради. Шунингдек, кўпчиликнинг доимий ҳамроҳига айланиб улгурган мобил ёрдамчи Siri, фотосуратларни қайта ишловчи Prisma каби дастурларни СИнинг ютуқларидан бири сифатида қайд этиш мумкин. Ҳозирга келиб сунъий интеллект кенг кўламда оммалашиб кундалик турмуш тарзимизнинг деярли барча жабҳаларини қамраб олмоқда. Масалан, Хитойдаги Иньчуань шаҳри аҳолисига банк карталарининг кераги йўқ. Ҳисоб-китоблар билан боғлиқ барча жараёнлар сунъий интеллект томонидан инсоннинг юз қиёфасини аниқлаштириш орқали амалга оширилади.

ФОЙДАМИ ЁКИ ЗАРАР?

СИ ҳақидаги баҳс-мунозаралар қарийб 50 йилдан бери давом этиб келмоқда. Мутахассислар ҳанузгача бир тўхтамга келишгани йўқ. Баъзилар уларнинг оммалашиб одамлар ўрнини эгаллаб бораётгани натижасида оммавий ишсизлик кўрсаткичлари ошиб кетиши мумкинлигидан ташвишдалар. Мутахассисларнинг бошқа
бир гуруҳи эса СИга ижобий муносабатда бўлиш кераклигини уқтиришмоқда. Ҳатто
IT- соҳасидаги миллиардерлар орасида ҳам турли қарашлар мавжуд.

Жумладан, SpaceX асосчиси Илон Маск СИнинг бутун бошли цивилизацияни барбод қилишига ишончи комил.

Маскнинг фикрича, “СИ инсоният цивилизацсияси учун асосий хавфдир. СИ меҳнат билан боғлиқ оммавий муаммоларни келтириб чиқаради. Сабаби, роботлар ҳамма ишни биздан кўра яхшироқ бажара олишади. Илғор технологиялар ортидан қувиш натижасида, компаниялар сунъий интеллект ортидан келиб чиқадиган хавф-хатарни кўрмай қолишлари мумкин”.

Шунингдек, Microsoft раҳбари Билл Гейтс ҳам унинг зарарига тўхталиб ўтади.

“Бир неча ўн йилдан сўнг, роботлар ишнинг катта қисмини бажара бошлагач, СИ шу қадар кучайиб кетадики, якунда у бизни хавотирга сола бошлайди. Бу борада Илон
Маскнинг фикрига қўшиламан. Аммо нега бу савол бошқаларни ташвишлантирмаётганига ҳеч тушунолмайман”, – дейди Гейтс.

“Бошқалар” деганда Гейтс Facebook эгаси Марк Цукербергни назарда тутган бўлса, ажаб эмас. Чунки, Марк СИга нисбатан ижобий муносабатда эканлигини билдирар экан: “Янги технологиялар ҳар доим ҳам яхшилик ёки ёмонлик қилиш мақсадида яратилиши мумкин. СИнинг кенг тарқалиши ортидан келадиган ижобий натижани эса, яқин 5-10 йил ичида кўрамиз”, дея Илон Маскнинг фикрига эътироз билдирган эди.

Бугунги кунда айрим давлатларда робот-ҳамширалар, хайдовчисиз транспорт воситалари, буюртмани етказиб берувчи дронлар хизматидан фойдаланиш йўлга қўйилган. Ҳатто полиция ходимларининг баъзи вазифаларини ҳам махсус роботлар бажаришяпти. Олимлар уларнинг ташқи кўринишини имкон қадар одамларникига ўхшатишга уринишмоқда.

Бундан ташқари, СИ журналистларнинг доимий кўмакчисига айланиб улгурган. Масалан, Associated Pressда “ишлаётган” роботлар молиявий ҳисоботларни ёзиб боради. СИнинг қўлланилиши ушбу нашрда ҳар чоракда бериладиган янгиликларни 300 тадан 4400 тага оширди.

Swiss Re суғурта компанияси маълумотларига кўра, 2020 йилга келиб 4,7 млн аҳоли ишсиз қолиши мумкин. Шунингдек, ишсизлик ғазначилар, почта ходимлари, ҳисобчилар ва идора хизматчиларига хавф солиши мумкинлиги айтилган. СИ уларнинг вазифасини бемалол бажара олади.

СИ – ТИББИЁТДА

Юқоридагилардан ташқари, акса-рият истеъмолчиларнинг роботларга ишонч билдирмаётганлиги СИнинг оммалашишига ҳалал бераётган тўсиқлардан биридир. Одамлар ўзиюрар машина ёки самолётлар хизматини қабул қилишлари учун бироз вақт керак, албатта. Бироқ, замонавий технология-лар қуршовида ўсиб-унаётган ёш авлодда бунинг акси бўлиб, уларни бу жараён у қадар ҳавотирга солаётгани йўқ.

Ҳар қанча эътироз ва танқидларга қарамай СИ ривожланишдан одамларга ёрдам беришдан тўхтамаяпти. Айниқса, тиббиётда унинг аҳамияти тобора ошиб бормоқда. Эндиликда роботлар нисбатан мураккаб жарроҳлик амалиётларини ҳам уддасидан чиқишяпти. Робот-шифокорларнинг тиббиёт ҳодимлари билан ўзига хос ҳамкорлиги самарадорликни анча оширди.

Medtroniс компанияси эса IBM билан ҳамкорликда қандли диабет касаллиги билан оғриган беморлар учун махсус дастур ишлаб чиқмоқда. Мазкур дастурий таъминот қон таркибидаги қанд миқдорининг фавқулодда тушиб кетишини 3 соат аввал аниқлаш имкониятига эга бўлади. Бунинг учун шу касаллика чалинган 600 та аноним беморларнинг тиббий маълумотлари ўрганиб чиқилди. Бу энди одамлар ўз саломатликларини мобиль қурилмалардаги махсус дастурлар орқали мунтазам назорат қилиб бориш имконига эга бўлишади деганидир.

Кўриб турганингиздек, СИ нинг ҳаётимиздаги ўрни кундан-кунга чуқурлашиб бормоқда. Улар инсониятнинг ютуғими ёки мағлубияти, деган савол устидаги баҳслар ҳали узоқ давом этади. Энг муҳими, фантастик ёзувчи Исҳоқ Азимов таъбири билан айтганда, роботларни яратишда одамларга зарар етказмаслик шиор қилиб олиниши керак.

ЎҚИНГ: Блогерлар ўз постларига қолдирилаётган изоҳлар учун ҳам жавоб беради!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!