Survival Game’ни қарши олинг: Xiaomi ҳам PUBG ва Fortnite каби ўйин тақдим этди!

  •   DiMaX
  •  2532
  •  21.01.2019 18:37

Survival Game’ни қарши олинг: Xiaomi ҳам PUBG ва Fortnite каби ўйин тақдим этди!

Xiaomi компанияси турли замонавий гаджетлар, «ақлли уй» жиҳозлари билан ном қозониб улгурган. Шу билан бирга, у дастурий таъминот борасида ҳам ўзини кўрсатмоқда.

ЎҚИНГ: Xiaomi барча Android-смартфонлар учун Mint браузерини тақдим этди: тезкор, тежамкор, хавфсиз ва рекламасиз!

«Хитойча Apple» энди «Шоҳона жанг» – Battle Royale жанридаги ўз ўйинининг бета-версиясини тақдим этди. У Survival Game («Жон сақлаш ўйини») деб номланган бўлиб, бутун жаҳонда жуда оммалашган PUBG ҳамда Fortnite ўйинларидан нусха олиб яратилган.

Survival Game ушбу жанрдаги ўйинлар учун умумий бўлган механикани таклиф этади: иштирокчилар реал вақт режимида, улкан майдонда, то сўнггиси қолгунича ўзаро олишадилар. Унинг бошқалардан фарқ қилувчи жиҳати шундаки, озми-кўпми мазмунли сюжетга, шунингдек, келажак қуроллари ва ҳаракатланиш воситалари кўринишидаги илмий-фантастик мундарижага эга.

ЎҚИНГ: 2018 йилдаги энг зўр ўйинлар: PlayStation Blog версияси

Ўйин персонажи аввало, жангнинг асосий қисми бўлиб ўтадиган оролгача етиб олиши керак бўлади. Ўйин давомида қуроллар, ўқ-дорилар, дори-дармонлар ва бошқа нарсаларни териб олиш мумкин. Шунингдек, оролда ҳарбий базалар, омборлар ва лабораториялар ҳам мавжудки, уларда кўплаб фойдали нарсалар топилади.

Survival Game бошқарилиши эса шу каби ўйинлардаги сингари: персонажни ҳаракатлантириш учун виртуал аналогли жойстикдан, мўлжалга олиш, отиш ва қуролни алмаштириш учун тугмачалардан фойдаланилади. Жанглар давомида харитани ҳамда ўйин статистикасини кўриш мумкин.

Xiaomi смартфонлари эгалари Survival Game ўйинини Mi App Store иловалар каталоги орқали ўрнатишлари мумкин. Бошқа Android-смартфонлар эса унинг APK-файлини мана бу ҳавола ёрдамида юклаб олиб ўрнатсалар бўлади, файл ҳажми 1 гигабайтга тенг. iOS тизими учун ушбу ўйин тақдим этилмаган ва келажакда бўлиш-бўлмаслиги ҳам номаълум.

ЎҚИНГ: Steam Awards: 2018 йилнинг энг зўр ўйинлари (Valve версияси)