Tas-IX — нима? “Тасикс” тармоғидаги фойдали ресурслар

Tas-IX — нима? “Тасикс” тармоғидаги фойдали ресурслар

Айрим интернет фойдаланувчилари .uz доменидаги ва Tas-IX ҳудудидаги сайтларни бир-биридан фарқлай олмайди. Айтиш керакки, сайт .uz доменида жойлашса ҳам, унга жойлаштирилаётган маълумотлар хориждаги серверларда сақланаётган бўлиши мумкин. Бундай сайтларга кириш ташқи каналлар орқали кечади.

Tas-IX эса Ўзбекистоннинг ички интернет тармоғи бўлиб, маълумотлар мамлакат ҳудудидаги серверларда сақланади ва уларга мурожаат ташқи каналсиз амалга оширилади. Навбатдаги мақолада Tas-IX`нинг нималиги, қайси сайтлар ушбу тармоқда жойлашгани, сайт ёки блог очиш истагида бўлганлар уни қандай қилиб Tas-IX ҳудудига жойлаштириш мумкинлиги ҳақиа айрим тавсиялар бериб ўтилган.

Аввало Tas-IX ҳақида. Ушбу тизим Ўзбекистон ичида интернет-трафиклари алмашиш нуқтаси бўлиб, ташкил этилганига унча кўп бўлгани йўқ. Яқин-яқингача ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари юртимиздаги бирор сайтга кирмоқчи бўлса, сайт сервери Ўзбекистонда жойлашган бўлса ҳам, унга уланиш ташқи канал орқали амалга оширилар эди. Аввал халқаро тармоққа чиқар, сўнгра яна ортга қайтарди. Ягона ҳисобланган ташқи канал ҳажми чекланган бўлиб, у икки баробар кўп банд бўлгани сабабли Ўзбекистон ичидаги сайтларга кириш ҳам жуда секин кечарди.

Шу боис 2004 йил 24 декабрда Tas-IX ташкил этилди. Бунда Tas-IX атамаси «Tas» — Тошкент (Tashkent) ҳамда инглиз тилидаги «Internet eXchange Point», яъни «Интернет алмашинув нуқтаси» сўзлари қисқартмасидан олинган. Tas-IX ишга туширилиши билан ички сайтлар ўртасида маълумотлар алмашиш тезлиги кескин ортди. Эндиликда Tas-IX ҳудудида жойлашган сайтлардаги катта ҳажмли кино, видео роликлар, мусиқалар, минглаб дастурларни бепул юклаб олиш, онлайн томоша қилиш мумкин.

Айтиш жоизки, бугунги кунда 30 дан зиёд провайдер Tas-IX тармоғида интернетдан бепул фойдаланиш имкониятини тақдим этмоқда.

Terabayt.uz сайти эътиборингизга Tas-IX тармоғида жойлашган ҳамда кўпчилик провайдерлар бепул фойдаланишни таклиф этаётган бир қатор фойдали манбаларни санаб ўтишни жоиз деб топди.

Онлайн видео ва кино томоша қилишни истаганлар Mover.uz, MyTube.uz, Player.uz ва бошқа сайтларга мурожаат қилишлари мумкин. Tas-IX ҳудудидаги кўнгилочар сайтларнинг тўлиқ рўйхати билан эса қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин. Бунда сайтнинг Tas-IX ҳудудида эканини манзили тўғрисидаги яшил ранг билан белгиланган Tas-IX сўзидан ажратиб олиш мумкин.

Tas-IX ҳудудида энг оммабоп сайтлар рўйхатини спорт нашрлари бошқариши сир эмас. uff.uz, championat.asia, Stadion.uz каби сайтларга кирсангиз, трафик ҳисобланмаслиги мумкин. Спорт ихлосмандлари мана бу ҳавола орқали спортга ихтисослашган Tas-IX ҳудудидаги сайтлар билан танишиш мумкин.

Турли компьютер дастурлари, ўйинлар, видеомашғулотлар ва бошқа шу каби дастурий таъминотларни бепул юклаб олишни истаганлар учун эса миллий интернет тармоғи – Ўзнетда бир қатор сайтлар фаолият кўрсатмоқда. Улар сафини Mnogo.uz, Megasoft.uz, ўзбекча-русча онлайн луғат – solver.uz ва бошқалар тўлдиради. Ахборот технологиялари йўналишидаги сайтлар рўйхатини эса ушбу ҳавола орқали кўриш мумкин.

Янгиликлар йўналишида эса gazeta.uz, uz24.uz, telegraf.uz каби сайтлар Tas-IX ҳудудида жойлашган. Улар рейтинги қуйидаги ҳаволада мавжуд.

Сайтларнинг Tas-IX ҳудудида жойлашганини қуйидаги ҳавола орқали осонгина текшириб олиш мумкин.

Энди эса сайт ёки шахсий веб-саҳифа (блог)ни қандай қилиб Tas-IX`га жойлаш мумкинлиги ҳақида ёзсак. Айтиш жоизки, бугунги кунда ҳам Tas-IX тарифлари хорижникига қараганда уч-тўрт баравар қиммат ҳисобланади. Сайтни Tas-IX ҳудудига жойлаштиришдан аввал сарфлаётган маблағларингизни ўзини оқлашига ишончингиз комил бўлиши лозим. Агар бунга амин бўлсангиз, хостинг хизматларини кўрсатаётган провайдерларга мурожаат қилишингиз мумкин. Хостинг, яъни сервердаги маълумотларни сақлаш учун мўлжалланган қаттиқ дискни “ижара”га бериш хизматларини кўрсатаётган regname.uz, ahost.uz, active.uz каби манбаларни келтириб ўтиш мумкин. Хостинг хизматларини кўрсатаётган манбалар рўйхатини қуйидаги ҳаволадан топа оласиз.

Tas-IX`да интернет тезлигини текширмоқчи бўлсангиз, мана ҳавола сизга қўл келади.