ТАТУ, Амити ва Инҳада нима гаплар? Ал-Хоразмий номидаги мактабда-чи?

  •   DiMaX
  •  675
  •  04.02.2021 10:01

ТАТУ, Амити ва Инҳада нима гаплар? Ал-Хоразмий номидаги мактабда-чи?

2021 йил 31 январь куни «Халқ сўзи» газетасининг 22-сонида АКТ вазири Ш. Содиқовнинг «Ёшлар ва ахборот технологиялари: Ўзбекистонда уларнинг салоҳиятини бирлаштириш ҳолати қандай?» номли мақоласи чоп этилди. Шундан ёшларни мазкур соҳада ўқитиш борасидаги қисмини эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

ЎҚИНГ: Рақамли ислоҳотларнинг технологик пойдевори

ТАТУ, Амити ва Инҳада нима гаплар?

Ёшларнинг ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига қизиқишларини инобатга олиб, ТАТУда 2020/2021 ўқув йилида янги Рақамли иқтисодиёт бакалавр таълим йўналиши ҳамда саккизта янги магистратура мутахассислиги очилди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан мазкур олий таълим муассаси тузилмасида Ўзбек-Беларусь қўшма факультети ташкил этилиб, 2020/2021 ўқув йили учун 500 нафар талаба қабул қилинди. Умуман олганда, бугунги кунда, ТАТУ ва унинг филиалларида жами 15 мингга яқин талабалар таҳсил олмоқда.

Биламиз, АКТда тўхташ ва узилиш бўлмайди. Бу борадаги узлуксизликни таъминлашда эса хориж тажрибасини чуқур ўрганиш, энг илғорларини маҳаллий кадрлар тайёрлаш тизимига татбиқ этиш ҳамиша долзарбдир.

Шу маънода, 2019 йилда Тошкент шаҳрида Амити университети фаолияти бежизга йўлга қўйилмади. Унга хорижий мамлакатлардан 17 нафар PhD даражасига эга профессор-ўқитувчи жалб қилинди. Ўтган ўқув йилида 498 нафар талаба биринчи босқични якунлади. 2020/2021 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари тўлиқ онлайн шаклда ташкил этилиб, мазкур олий таълим муассассига 384 нафар талаба қабул қилинди.

Жанубий Кореянинг пойтахтимиздаги Инҳа университетида ҳам жараёнлар қизғин. Айни пайтда ушбу даргоҳда 51 нафар профессор-ўқитувчи ва ассистент фаолият юритиб келяпти. Талабаларнинг умумий сони 1 506 нафарни ташкил этади. Уларнинг 420 нафари жорий ўқув йилида имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган абитуриентлардир.

Ал-Хоразмийнинг муносиб издошлари

Маълумки, барча, айниқса, IT жабҳаси учун бўлажак мутахассисларни тайёрлаш жараёнлари қанча эрта бошланса, келажак учун яратилаётган пойдевор шунча мустаҳкам бўлади. Шу маънода, Юртбошимизнинг бевосита ғояси асосида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилгани айни муддао бўлди. Ҳозир бу ерда Ўзбекистоннинг энг илғор кадрлари таълим оляпти, имижи ва потенциали шакллантирилмоқда.

Жорий ўқув йилида уларнинг сафи янада кенгайди. Яъни қабул квотаси 330 нафар этиб белгиланди ва кириш имтиҳонлари республикамизда биринчи маротаба онлайн шаклда икки босқичда ўтказилди.

Айни чоғда беш муҳим ташаббус доирасида аҳоли ва ёшлар ўртасида компютер технологиялари ҳамда интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш масаласи ҳам доимий эътиборда.

Ахборот технологиялари соҳасида тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш мақсадида эса 2020 йилда мамлакатимиз бўйлаб 107 та рақамли технологиялар ўқув маркази очилди. Ўтган йилнинг ўзида ўқув курсларини 15 мингдан кўп тингловчилар якунлади.

ЎҚИНГ: Лазизбекнинг ҳикояси: Қандай қилиб 19 ёшда ойига $1000 дан кўп даромад топиш мумкин?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!