Telegram’да икки босқичли аутентификация ҳимоясини бузиб бўладими?

  •   DiMaX
  •  35241
  •  19.06.2019 12:27

Telegram’да икки босқичли аутентификация ҳимоясини бузиб бўладими?

Энг кучли ҳимояланган мессенжерлардан бири Telegram бўлса, икки босқичли аутентификация – муҳофазанинг энг ишончли усулидир. Бу хусусда Маркус Ра ёзган мақолани Telegram Uzbekistan канали ўзбек тилига ўгириб эълон қилган.

ЎҚИНГ: Telegram'ни янгилашга шошилманг - бошқа ишламай қолиши мумкин!

БУЗА ОЛАМАН, ДЕЙДИГАН МАРД ТОПИЛСА...

Агар кимдир икки босқичли аутентификация билан ҳимояланган Telegram профилларини буза оламан, деса, ундан ушбу каналдаги GIF’ни алмаштиришни сўраб кўринг:

Ушбу канални бошқарувчи профилда икки босқичли аутентификация фаоллаштирилган, аммо уни бузишга қодир бўлган инсон учун янги GIF жойлаштиришда муаммо бўлмаслиги керак.

ИККИ БОСҚИЧЛИ АУТЕНТИФИКАЦИЯ НИМА ЎЗИ?

Одатда, янги қурилмада Telegram-профилга кириб булутли чатларда суҳбат қилиш учун сиз телефон рақамингизга юборилган SMS-хабардаги коддан фойдаланишингиз мумкин. Бу – мулоқот учун бўлган дастурларга, яъни мессенжерларга кириш учун саноат стандартидир.

Бироқ, агарда мобил алоқа операторига ёки ҳукуматингизга ишонмаслик учун сабабларингиз бўлса, Telegram профилингизни қўшимча парол билан ҳимоя қилишингизни тавсия этамиз.

Профилга янги қурилмада кираётганингизда, Telegram ушбу профил эгаси айнан сиз эканлигингизни икки босқичда текширади: у аввал кодни, кейин эса паролингизни сўрайди. Шунинг учун ҳам бу «икки босқичли аутентификация» деб номланади.

ЎҚИНГ: Паролингиз ўғирланганини янги Telegram-бот орқали текшириб кўринг!

БУНДАЙ АУТЕНТИФИКАЦИЯНИ ҚАНДАЙ ЁҚИШ МУМКИН?

Telegram Созламалари → Махфийлик ва Хавфсизлик → 2 босқичли аутентификация бандига ўтинг ва янги қурилмада Telegram-профилга киришда сўраладиган паролни киритинг.

ҚАЙТА ТИКЛАШ УЧУН ЗАХИРА ПОЧТА

Агар сиз паролингизни унутиб қўйишим мумкин, деган хавотирда бўлсангиз, уни қайта тиклаб олиш учун захира почтани созлашингиз мумкин. Агар буни қилсангиз, «Паролни унутдингизми?» тугмачасини босиб, кодни электрон почта манзилингизга қабул қилишингиз мумкин бўлади. Ушбу кодни киритиш паролни ўчириб ташлайди ва сизга Telegram профилингизга кириш имконини беради.

Ушбу қадамни ўтказиб юборишингиз ва захира почтасини ўрнатмаслигингиз мумкин. Агар буни қилсангиз ва паролингизни унутсангиз, Telegram-профилингизга кириш имкониятини тиклаш иложи бўлмайди. Бундай ҳолатда ягона йўл – Telegram профилини ўчириш ва нолдан бошлашдир.

ЎҚИНГ: Павел Дуров: Telegram’га қилинган DDoS-ҳужумлар ортида шу давлат турибди!

ХАВФСИЗЛИК БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА МАСЛАҲАТЛАР

Захира почтасини ҳимоялаш

Икки босқичли аутентификация самарали бўлиши учун захира почтангиз хавфсизлигини таъминлаш муҳим. Аҳир агар кимдир сизнинг электрон почтангизга кира олса, улар паролингизни ўчириши ва Telegram профилингизга киришлари мумкин.

Шунинг учун сиз, айниқса коррупцион мансабдор шахслар ёки уларнинг дўстлари маҳаллий компаниялардан маълумот олиши қулай бўлган мамлакатда яшаётган бўлсангиз, биз нуфузли халқаро электрон почта хизматларидан фойдаланишни тавсия қиламиз.

Захирали почтани «тиклаш»

Электрон почтангиз паролини унутиб қўйсангиз, захира электрон почтангизга киришни қандай қилиб тиклашингиз мумкинлигига алоҳида эътибор беринг. Баъзи хизматлар оддий SMS-код ёрдамида ва ҳеч қандай паролсиз электрон почтага тўлиқ киришни қайта тиклашга имкон беради. Бу қулай кўриниши мумкин бўлса-да, у сизнинг телефон рақамингизни бузиб олган тажовузкорга жуда кўп куч бериши мумкин.

Қурилмангизни ҳимоялаш

Шуни ёдда тутингки, қурилмангиз – маълумотларингизнинг асосий сақловчиси ҳисобланади. Сизнинг қурилмангизга кириш имконига эга бўлган одамлардан сизни ҳеч қандай мессенжер ҳимоя қила олмайди.

Қурилмангизни зарарли дастурлардан ҳимоя қилиш учун операцион тизимни энг сўнгги талқинига янгиланг ва иловаларни шубҳали манбалардан ҳеч қачон ўрнатманг. Бундан ташқари, фақат Telegram’нинг расмий дастурларидан фойдаланиш тавсия этилади.

ЎҚИНГ: Telegram’даги барча ўқилмаган хабарларни биттада «ўқилган»га айлантирамиз