ТераТавсиф: Xiaomi Mi 11 Ultra (2-қисм)

ТераТавсиф: Xiaomi Mi 11 Ultra (2-қисм)

Дисплей

Mi 11 Ultra 6.81 дюймли AMOLED дисплейи билан жиҳозланган. Ушбу дисплейни ҳозирги кундаги энг яхши диплей десак муболаға бўлмайди. Юқори резолюция, юқори экран янгиланиш частотаси, юқори ёрқинлик, HDR имконияти, ранглар аниқлиги — буларнинг барчаси ушбу дисплейда мужассам. Дисплей резолюцияси 1440х3200p'ни ташкил қилади.

Фото: GSMArena

ЎҚИНГ: ТераТавсиф: Xiaomi Mi 11 Ultra (1-қисм)

Дисплейдаги пикселлар зичлиги эса 515ppi. Mi 11 Ultra'нинг дисплейи янгиланиш частотасини икки хил: Юқори ва Стандарт режимларда созлаш мумкин. Стандарт режимда дисплей доимо 60Hz частотада ишлайди.

Фото: GSMArena

Юқори режимда эса дисплей 120Hz частотада ишлайди. Бироқ ушбу режимда дисплей жорий иловага қараб, 30, 60, 90Hz'га пастлаши ҳам мумкин. Бундан ташқари, дисплейнинг намуна олиш частотаси 480Hz'ни ташкил қилади.

Фото: GSMArena

Экран янгиланиш частотаси Юқори режимда бўлганда фойдаланувчи интерфейси ва ундаги иловаларнинг барчаси 120Hz'да ишлайди. Қувватни тежаш режими ёқилган бўлса, экран янгиланиш частотаси 60Hz'га пасаяди.

Netflix, Prime Video, YouTube ва Mi Video каби иловалар стандарт равишда 60Hz'да ишлайди.

Баъзи илова ва ўйинларда қурилма 120-60Hz янгиланиш частотасига алмашган ҳолатда ишлайди. Бунда агар сиз жорий иловада экранга текканингизда экран 120Hz, тегмаганингизда эса 60Hz экран янгиланиш частотасида ишлайди. Facebook, Instagram, TikTok ва Pinterest ана шундай иловаларидан ҳисобланади.

Mi 11 Ultra'нинг дисплейи HDR10+ ни қўллаб-қувватлайди. Netflix, Amazon Prime Video ва YouTube каби стриминг сервислар қурилмада HDR контентни қўллаб-қувватлайди. Mi 11 Ultra, шунингдек, 10-бит рангларни қўллаб-қувватлайди, 2.07 миллиард рангларни тақдим этади.

Mi 11 Ultra'нинг дисплей максимал ёрқинлиги 1700 нитни ташкил қилади. Ушбу кўрсатгич Mi 11 ва 11 Pro'да 1500 нит эди. Юқори ёрқинлик режимида (ёруғлик юқори бўлган жойда) смартфон дисплей ёрқинлиги 900 нитгача кўтарилди.

Одатий шароитларда автоматик ёрқинлигини ошириш режими ўчиқ бўлган ҳолатда қурилма дисплейи ёрқинлиги 514 нитни ташкил қилди.

Скриншот: GSMArena

Қурилмада рангларнинг акс эттиришнинг уч хил: Автоматик, Тўйинган ҳамда Оргинал режимлари бор.

Бундан ташқари, Илғор менюдан Такомиллашган, Оргинал, P3 ва sRGB каби ранглар гаммасини топишингиз мумкин.

Аккумулятор автономлиги

Mi 11 Ultra'га 5,000 мАс ҳажмли аккумулятор ўрнатилинган. Ўтган йилги Mi 10 Ultra'да ушбу кўрсатгич 4,500 бўлганини ҳисобга олсак, буни ижобий ўзгариш дейиш мумкин. Бу борада Mi 11 Ultra асосий рақобатчиси Galaxy S21 Ultra билан тенг бўлса, 4,500 мАс сиғимли аккумуляторга эга бўлган Oppo Find X3 Pro va OnePlus 9 Pro смартфонларидан устунроқ.

Фото: GSMArena

Аккумулятор автономлиги тестида Mi 11 Ultra 95 соатни қайд этди. (11 соат Wi-Fi орқали интернетдан фойдаланганда, 28 соат телефон орқали суҳбатлашганда, 15 соат офлайн видео томоша қилганда). Бу кўрсаткич борасида қурилма Oppo Find X3 Pro ва OnePlus 9 Pro'ни ортда қолдирган бўлса, Galaxy S21 Ultra'дан бироз ортда қолган.

Скриншот: GSMArena

Қувватланиш тезлиги

Ўтган йилги Mi 10 Ultra'га нисбатан, Mi 11 Ultra'нинг қувватланиш тезлиги пастлаган. Mi 10 Ultra 110 ваттда заряд олар эди. Янги Mi 11 Ultra эса 67 ваттда қувватланади. Гаджет тўлиқ қувватланиши учун бор йўғи 37 дақиқа вақт сарфлайди. Ярим соатда эса қурилма 89% қувват олади.

Фото: GSMArena

Таққослаш учун, OnePlus 9 Pro ва Oppo Find X3 Pro, шунингдек, Mi 10 Ultra ҳам Mi 11 Ultra'га нисбатан тўлиқ қувватланиш учун камроқ вақт сарфлайди. Galaxy S21 Ultra бўлса бу борада анчагина ортда қолиб кетган.

Скриншот: GSMArena
Скриншот: GSMArena

ЎҚИНГ: Samsung Galaxy A72'нинг техник жиҳатлари ва қадоқ таркиби билан танишамиз

Динамик сифати

Бошқа флагманлар каби Mi 11 Ultra ҳам стерео карнайга эга ва улар Harman/Kardon компанияси томонида ишлаб чиқарилган. Асосий карнай қурилма ромининг пастки томонида, иккинчи карнай эса ромнинг юқори қисмида жойлашган. Умумий қилиб олганда, карнайнинг овоз чиқариш сифати аъло даражада.

Фото: GSMArena

Операцион тизим ва график қобиқ

Mi 11 Ultra Android 11 тизими ҳамда MIUI 12 график қобиғида ишлайди.

Фото: GSMArena

Қурилмада Always On Display режими мавжуд. Ушбу режимда бир неча турдаги мавзулар бўлиб, улардан ўзингизга ёққанини танлашингиз мумкин. Шунингдек, смартфонда Always On Display ёниқ бўлганда, смартфон дисплейининг қайрилган томонлари билдиришномлар келганда ёниб-ўчади.

Камера модулидаги кичик дисплейга ҳам турли хил мавзуларни қўйиш мумкин. Ушбу дисплей вақт, билдиришномлар ва руҳлантирувчи иқтибосларни кўрсатиб туради.

Фото: GSMArena

Олд дисплейга қайтсак, бармоқ изи сканери экран остида жойлашган. У жуда тез ва ишончли ишлайди. Шунингдек, қурилмани юз орқали ҳам блокдан чиқариш мумкин. Бироқ, ушбу танлов бармоқ изи сканерига нисбатан бироз ишончсизроқ.

MIUI 12 иловаларни сараловчи махсус тизимга эга бўлиб, иловаларнинг бажариш хизматига қараб алоқа, кўнгилочар, фотосуратлар, янгиликлар, таълим, харид ва ўйинлар каби гуруҳларга бўлиб чиқади. Ушбу категорияни фойдаланувчи ўзгартириши ёки ўчириб қўйиши мумкин.

MIUI 12 қобиғида ишлайдиган Mi 11 Ultra Супер Фон расмларини қўллаб-қувватлайди. Ушбу фон расмлар динамик фон расмлари бўлиб, экранга босилганда фон яқинлашади. Ушбу фонлар катта янгилик бўлмаса-да, кўзга жуда ажойиб кўринади. Супер Фон расмларнинг Ер, Марс, Сатурн каби турлари мавжуд.

Яна бир қизиқ функция бу билдиришномлар панели билдиришномлар маркази ва бошқарув марказига ажратилганлигидир. Бу худди iPhone'да бўлгани каби билдиришномлар маркази учун экраннинг чап қисми, бошқарув маркази учун экраннинг ўнг қисмини суриш керак бўлади.

Агар ушбу функция сизга маъқул келмаса, уни ўчириб қўйиш мумкин. Шунда билдиришномлар панели одатий ҳолатга қайтади.

Қурилмада негадир билдиришномлар тарихини топиб бўлмади. Ушбу функция Android 11 тизимида мавжуд. Демак, билдиришномлар панель созланмалар менюсида бўлиши керак.

Тезкор хотирада ишлаётган иловаларни кўрсатиб турувчи панель ўзгармаган. У тезкор хотирада ишлаётган иловаларни икки устунда кўрсатиб туради. Экранни иккига ажратиш учун илова картасини босиб туриш керак бўлади. Агар уларни ёпмоқчи бўлсангиз, шунчаки ўнг ёки чапга суриш кифоя.

MIUI 12 қобиғида қалқиб турувчи ойна бўлиб, унга мос келувчи иловани қўйиш мумкин.

Шунингдек, MIUI қобиғида энди тезкор хотирада ишлаётган иловаларни горизонталь кўринишда ҳам тартиблаш мумкин.

MIUI 12 график қобиғида мавзулар жуда ҳам кўп. Уларни Themes Store'дан кўчириб олиш мумкин. Мавзулар ўзгарганда, шунингдек, фон, чақирув овози, иконкалар ва Always On Display'нинг кўриниши ҳам ўзгаради. Xiaomi MIUI 12 қобиғига қўшимча махфийлик киритган бўлиб, энди расм ва видеолардан жойлашув ва бошқа маълумотларни олиб ташлаш мумкин.

ЎҚИНГ: Xiaomi Redmi Note 10'нинг техник жиҳатлари ва қадоқ таркиби билан танишамиз

MIUI Хавфсизлик иловасини ҳам фойдаланувчиларга тақдим етади. Ушбу илова смартфондаги зарарли иловаларни аниқлаш, қора рўйхатингизни бошқариш, трафикдан фойдаланиш ва уни чеклаш, аккумулятор қуввати сарфини созлаш ҳамда тезкор хотирада ишлаётган иловаларни тўхтатиш каби вазифаларни бажаради. Бундан ташқари, ушбу илова орқали иловаларга рухсатнома бериш ёки чеклаш каби амалларни бажариш мумкин.

Одатдагидек, галерия, мусиқа ва видео иловалар шунингдек, турли техникаларни бошқаруш учу Mi пульти иловаси ҳам мавжуд. Қайднома иловаси ҳам бир мунча такомиллашган.

Бенчмарк

Mi 11 Ultra Snapdragon 888 чипида ишлайди. Ушбу чип 5 нм жараён асосида ишлаб чиқарилган бўлиб, олдинги авлод чипига қараганда унумдорлиги 25% ошган.

Фото: GSMArena

Қурилманинг доимий хотирасининг 256ГБ ёки 512ГБ тури, тезкор хотиранинг эса 8ГБ ёки 12ГБ тури мавжуд.

GeekBench'нинг кўп ядроли тестида Mi 11 Ultra асосий рақобатчилари Galaxy S21 Ultra, OnePlus 9 Pro, vivo Х60 Pro+ смартфонларидан камроқ балл тўплаган. Ҳатто Mi 11 Ultra Mi 11'дан ҳам пастроқ натижа қайд этган.

Скриншот: GSMArena

Аммо бир ядролик тестда Mi 11 Ultra рақобатчиларига нисбатан яхшироқ натижа қайд этган.

Скриншот: GSMArena

AnTuTu 8'да Mi 11 Ultra Mi 11'га қараганда юқорироқ балл қайд этган. Шунингдек, Mi 11 Ultra асосий рақобатчилари Galaxy S21 Ultra, OnePlus 9 Pro ҳамда Oppo Find X3 Pro смартфонларини ортда қолдирган.

Скриншот: GSMArena

Бенчмарк синовларида Mi 11 Ultra ажойиб натижа қайд этди. Синовлар давомида смартфон қизиган бўлса-да, бир неча бор АnTuTu иловасидан фойдаланганда ҳам қурилма унумдорлиги пасаймади.

ЎҚИНГ: ТераТавсиф: Samsung Galaxy A52 5G