Tesla раҳбари Илон Маск Марсга доимий парвозларни йўлга қўймоқчи (Видео)

Tesla раҳбари Илон Маск Марсга доимий парвозларни йўлга қўймоқчи (Видео)

Кеча АҚШда ўтказилган конференцияда Tesla раҳбари Илон Маск космосни забт этиш, сайёраларни ўзлаштириш, жумладан, Марсга доимий қатновларни жорий этиш ҳақида гапириб ўтди. Маскнинг айтишича, тез орада  Марс сайёрасига сайёҳлик парвозларини амалга ошириш мумкин бўлади. Энг қизиғи, бориб-бориб ушбу лойиҳа натижасида Марсда одамлар яшайдиган манзиллар ҳам барпо этилади.

Tesla раҳбари сайёралараро қатновларни арзон бўлиши тарафдори. Ҳозирги кунда мавжуд ва таклиф этилаётган космик саёҳатлар ҳаддан ортиқ қиммат ва саноқли инсонларгина ундан фойдалана олади. Маскнинг таъкидлашича, унинг лойиҳасида Марсга саёҳат қилиш 200 минг доллар атрофида нархланади, кейинчалик бу кўрсаткич 100 минг долларгача туширилади. Ҳар битта учар кемага 100 нафаргача сайёҳ жойлашади. Учар ракеталардан кўп марта фойдаланиш мумкин бўлади.

Маскдан олдин NASA вакиллари ҳам Марсга доимий парвозларни амалга ошириш дастурини тузишган. Унга кўра қатновлар 2030 йилгача йўлга қўйилиши белгиланган.

Илон Маскка қарашли SpaceX компанияси учар ракеталарни Калифорниянинг (АҚШ) Хоторн шаҳрида қуради. Компания айни пайтда Red Dragon (“Қизил аждар”) миссиясини Марсни тадқиқ этишга жўнатиш режаси устида ишламоқда. Тақдимот давомида Маск сайёралараро транспорт тизимининг ишлаш механизми акс этган 4 дақиқали анимацияланган видеони ҳам намойиш этган.

Ҳа, дарҳақиқат, воқеалар биз кутгандан ҳам тез ривожланаяпти. Бундан атиги эллик йиллар аввал инсоният космосга чиқишни орзу қилган бўлса, бугун сайёралараро транспорт тизимлари йўлга қўйилиши арафасида. Мавзуни яна батафсил ёритамиз.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!