Тез зарядлаш смартфон аккумуляторига зарарлими?

Тез зарядлаш смартфон аккумуляторига зарарлими?

Кўпчилик смартфонни тезкор қувватлаш аккумулятор учун зарарли деб билади. Шунингдек, тезкор қувватлаш билан смартфонни қизиб, ёниб ҳатто портлаб кетгани ҳам кўплаб одамларни тезкор қувватлаш технологиясига шубҳа билан қарашларига сабаб бўлган. 

Смартфонлар биринчи пайдо бўлганда уларнинг қуввати узоққа етмаслиги асосий муаммолардан бири эди. Аммо аввалги смартфонларнинг аккумуляторини алмаштирган ҳолатда ишлатиш мумкин эди. Ҳозирга вақтда эса деярли барча смартфонларни аккумуляторини тўғридан-тўғри алмаштиришнинг иложи йўқ. 

Аслида тезкор қувватлаш аккумуляторга ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмайди. Муаммо тезкор қувватлаш вақтида келиб чиқадиган иссиқликда, чунки ушбу жараёнда электрнинг тез ҳаракати смартфон ёки унинг аккумуляторини қизитиб юбориши мумкин. Агар аккумулятор қизиб кетса, унинг ичидаги ионлар йўқ бўлишни бошлайди. Натижада аккумуляторнинг қувват самарадорлиги камайиб кетади. Энг ёмони, аккумуляторнинг ортиқча қизиши унинг ёниб ёки портлаб кетишига ҳам сабаб бўлади. 

Xiaomi ҳамда Oppo компаниялари тезкор зарядлаш вақтида смартфонни қизиб кетишини олдини олиш учун совутиш тизимларини ўйлаб топишди. Смартфон тезкор қувватланиш вақтида агар у қизишни бошласа, махсус сенсорлар ушбу муаммони аниқлаб зарядлаш тезлигини камайтиришни бошлайди. 

Совутиш тизимидан ташқари, аккумуляторини икки қисмга ажратиш ҳам яхши стратегиялардан бири. Бунда қувват оқими пасайиб, тезкор қувватлаш тезлиги ўзгармайди. Натижада, смартфон тезкор қувватлаш вақтида қизиб кетмайди. Шунингдек, смартфон ўрнига қувватлаш адаптерига иссиқлик чиқарувчи электрон мосламаларини ўрнатиш ҳам смартфонни қизиб кетишини олдини олади. 

Смартфон аккумуляторига қаратилган шунча саъй-ҳаракатларга қарамай, смартфон ишлаб чиқарувчи компаниялар ўз смартфонларнинг аккумулятори икки йиллик фойдаланишдан сўнг 80% самарадорлигини ушлаб қолишига умид қилишмоқда. Албатта, бу ҳар бир фойдаланувчининг ўз смартфонини қай тарзда қувватлашига боғлиқ. Аккумуляторнинг қуввлаш цикли ошиб борган сари, унинг самарадорлиги пасайиб боради. Литюм аккумуляторларини тўлиқ қувватлаш ёки қувватини нолга тушириб юбориш уларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади. 

Хулоса шуки, смартфонларни тезкор қувватлаш уларнинг аккумуляторига зарар етказмайди. Муҳими, ушбу жараёнда аккумуляторининг қизиб кетишига йўл қўймаслик керак. Бунинг учун компаниялар керакли бўлган ечимларни ўйлаб топишган. 

ЎҚИНГ: Рекорд янгиланади: Realme GT Neo5 энг тез қувватланадиган смартфонга айланиши кутилмоқда