Топ-12: Харидоргир смартфонлар – нарх ва жиҳат

Топ-12: Харидоргир смартфонлар – нарх ва жиҳат

Смартфон бозорига ҳар кун янги мобил алоқа воситасининг бирор модели кириб келмоқда. Телефонлар кўриниши, нархи, самарадорлиги, камераси, дастурий таъминоти ёки бошқа бирор жиҳатлари билан бир-бирларидан ажралиб туришади. Харидорлар яхши телефонларни харид қилишади. Айниқса, вақт синовидан ўтган брендлар, нархи инсоф доирасида бўлган смартфон моделлари бозорда яхши сотилмоқда.

Бугун жаҳон смартфон бозорларида бўлгани каби, Samsung Galaxy S8 модели юртимизда ҳам яхши сотилмоқда. Боиси, бу модел ҳозирга келиб ўтган йилга қараганда анча арзонлашди. Компаниянинг бўйига 148,9, энига 68,1 мм бўлган смарфтон корпуси ичига 5,8 дюймли экранни жойлаштира олгани чиндан ҳам ҳайратланарли ва буни технологик маҳорат деб аташ мумкин. Натижада, олд панелнинг 84,26% қисми экрандан иборат ва экраннинг ён томонлари силлиқ равишда букик.

Юртимиздаги баҳоси: 4,7  млн сўмни ташкил қилади.

 

Яхши сотилиш бўйича навбатдаги ўрин Xiaomi Redmi 5 Plus моделига насиб қилди. Замонавий дизайн ҳамда арзон нарх эвазига таклиф қилинаётган муносиб техник имкониятлар фойдаланувчини хурсанд қилади. Xiaomi Redmi 5 Plus илғор ва янги Snapdragon 625 платформасига эга бўлган. 5,99 дюймли, сиғими 2160x1080 пиксел (FullHD+), томонлар нисбати 18:9 ўлчамли экран ёрқин ва сифатли.

Юртимиздаги баҳоси: 1,2 млн сўмни ташкил қилади.

Учинчи ўрин  iPhone 8 смартфонига насиб қилган. Гарчи бу модел экрани 4,7 дюймли бўлса ҳам, унинг тезкор ишлаши ҳамда Apple маҳсулоти экани харидорларни илҳомлантирмоқда.

Юртимиздаги баҳоси:  5,6 млн сўмни ташкил қилади.

Ўқинг: iPhone 8 ва iPhone 8 Plus: Жаҳоннинг биринчи рақамли смартфонлари

Жаҳон смартфон тарихида илк маротаба қадрдон "3,5 мм" ўлчамдаги аудио туйнкудан воз кечган iPhone 7 ҳали ҳам яхши сотилмоқда. 4,7 дюймли iPhone 7 жозибали ва мислсиз дизайн, алюминий корпус ва шиша уйғунлиги, силлиқ дизайн ва сайқалланган металл уйғунлигида ишлаб чиқарилган. Устига-устак ҳозирга келиб бу модел ҳам жаҳон бозорларида арзонлашиб қолган. Унинг корпуси  IP67 стандарти бўйича сув ҳамда чангдан ҳимоя қилинган.

Юртимиздаги баҳоси:  4,5 млн сўмни ташкил қилади.

iPhone 8 Plus айни пайтда яхши сотилиш бўйича жаҳон смартфон бозорларида кучли бешталикдан ўрин олган. iPhone 8 моделидан унинг фарқи қўш сенсорли бош камераси ҳисобланади. Унинг "қад-қомати" ҳам йирик. У самарадорликда барча Андроид смартфонларни ортда қолдиради. Боиси, iPhone 8 Plus'даги "юракча" – янги A11 Bionic процессоридир. Айнан шу процессор Apple iPhone X ҳамда  iPhone 8 моделларига ҳам ўрнатилган. iPhone 8 Plus 3 Гб тезкор хотирага эга.

Юртимиздаги баҳоси: 6,6  млн сўмни ташкил қилади.

Юртимизда iPhone X савдоси жуда юқори бўлмаса ҳам, жаҳон смартфон бозорларида уни яхши харид қилишмоқда. Илғор флагмандаги 5.8 дюймли шиша корпус сув ва чангдан ҳимояланган. Экран жуда сифатли -- ҳар бир дюймда 458 та белги, пикселлар сиғими 2436 x 1125! Телефонни блокировкадан чиқариш учун татбиқ қилинган Face ID сканери экспертлар томонидан ҳам инновацион технология сифатида қайд этилди.

Юртимиздаги баҳоси: 8,2  млн сўмни ташкил қилади.

Ўқинг: Йилнинг беқиёс, ҳамёнга мос смартфони — Redmi Note 5 Pro!

Еттинчи ўринни эса Samsung Galaxy S9 модели эгаллаб турибди. Samsung Galaxy S9 флагмани энг яхши камера, сунъий ақл технологиясига ҳамда кучли ҳимояланган тизимга эга бўлгани билан аввалги флагманлардан ажралиб туради. Дизайн, камера, аниможи технологиялари – булар бари ўзига хос ва янгилик. S9 моделида экран диагонали  – 5.8 дюйм.

Юртимиздаги баҳоси: 5,2 млн сўмни ташкил қилади.

Ўқинг: Galaxy S9/S9+ : суперфлагманларнинг сири!

Саккизинчи ўринда унчалик ҳам қиммат бўлмаган ҳамда ихчамгина iPhone SE турибди. Ундаги A9 процессори, 2 гигабайтли тезкор хотира ҳануз смартфоннинг самарадорлиги учун хизмат қилади. Экран жажжи бўлгани эвазига смартфон iOS 11 операцион тизимида ҳам тезкор ишлаши билан фойдаланувчини хурсанд қилади.

Юртимиздаги баҳоси: 2,4 млн сўмни ташкил қилади.

Samsung Galaxy S8+ флагмани тўққизинчи ўринни банд қилиб турибди. Унинг оддий талқиндан бош фарқи -- экранининг йириклиги. 6,2 дюймли S8 Plus модели 12 ва 8 мегапикселли асосий ва олд камералар, 3500 мА соат сиғимли аккумулятор, илғор Qualcomm Snapdragon 835 процессори  билан таъминланган. 

Юртимиздаги баҳоси: 5  млн сўмни ташкил қилади.

Кучли ўнликни 2017 йилнинг қизиқарли ва оммабоп Xiaomi Mi A1 модели якунлаб берган. Унинг ўзига хослиги металл корпус ва қўш сенсорли  12 + 12 Mp бирикувидаги флагман камера.  5.5 дюймли, Full HD сиғимли IPS экран эса айни муддао.  Унга 4 ГБ тезкор, 64 ГБ доимий хотира ўрнатилган. Смартфонда юқори технологияли қулоқчинларни қўллаб-қувватлайдиган DHS овоз узатиш алгоритмидан фойдаланилган.

Юртимиздаги баҳоси: 1,5 млн сўмни ташкил қилади.

Ўқинг: "Малика"даги "селфи-киллер" — Redmi S2'ни ўрганамиз

Ҳаммабоп ва ҳамёнбоп Xiaomi Redmi 5A 11 ўринга муносиб кўрилган. 5 дюймли Xiaomi Redmi 5A аппарат таъминоти учун таниқли ва ишончдан ўтган 4 ядроли, частота тезлиги 1,4 ГГц бўлган Snapdragon 425 танланган. Ҳамёнбоп модел бўлгани боис, Xiaomi Redmi 5A HD дисплей, 2 Гб оператив ва 16 Гб доимий хотира билан таъминланган. microSD ёрдамида хотирани 128 Гб.гача кенгайтириш мумкин.

Юртимиздаги баҳоси: 820 минг сўмни ташкил қилади.

12-ўринда эса ўтган йилдан буён яхши сотилиб келинаётган Xiaomi Redmi 4X турибди. Xiaomi Redmi 4X смартфони бугунда жаҳондаги энг мақбул ва технологик жиҳатларга бой ҳамёнбоп смартфон ҳисобланади. Девайс 5 дюймли IPS матрицали, 1280 х 720 пикселли (HD) экрани, 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 435 процессори, Adreno 505 видео-картаси, 3 ГБ оператив ҳамда 32 ГБ доимий хотира талқини билан ўзига хос.

Шу билан бирга, Xiaomi Redmi 4X 13 Мп бош ва 5 Мп олд камерага эга бўлган. microSD ёрдамида доимий хотирани 128 гигабайтгача катталаштириш мумкин. Шунингдек, смартфоннинг аккумулятор батареяси 4100 мА соат ҳамда тезкор қувватлаш технологиясини қўллаб-қувватлайди.

Юртимиздаги баҳоси: 1.2  млн сўмни ташкил қилади.