ТОП-8: Октябрнинг энг яхши сотилаётган смартфонлари

ТОП-8: Октябрнинг энг яхши сотилаётган смартфонлари

Гарчи, кейинги йилга қадар 3 ой вақт қолган бўлса ҳам, йилнинг энг кутилган мобил алоқа воситалари тақдим қилинганини ҳисобга олиб, смартфон бозоридаги энг яхши ва энг оммабоп "ақлли телефон"лари рейтингини бемалол шакллантириш мумкин. Шу билан бирга, олдинда бизни Google Pixel ва Huawei Mate 10 каби кучли флагманлар ҳам кутаётганини унутмаслик керак.

Октябрга келиб жаҳоннинг энг оммабоп смартфонлари рўйхати тубдан ўзгариб кетди. Бу рўйхатга айни пайтда савдога чиқарилган девайсларни киритишни маъқул топдик.

Қуйида ҳозирги пайтда кўпчиликнинг диққатида бўлиб турган, савдоси жадал кетаётган смартфонларга диққат қиламиз.

1-ўрин: Samsung Galaxy Note 8 - ҳозирча Android смартфонлар орасида энг зўри бўлиб, платформа ва процессор самарадорлиги бўйича етакчи ва фотосурат, видеотасвир олишда, дисплейи тасвирни аниқ-равшан акс эттириши, таассуротли дизайни билан ўзига хос. Жаҳон бозорида $930–960 АҚШ долларидан сотилаётган фаблетдан йил охирига қадар 20 миллион дона сотиш режа қилинмоқда.

2-ўрин: iPhone 8 - айни пайтда сотилаётган, самарадор тизимга эга энг илғор смартфон бўлган бу айфон қурилмаси, гарчи аввалги йиллардаги каби талаш бўлмаса ҳам, яхши сотилмоқда. 64 гигабайтли хотирага эга 4.7 дюймли iPhone 8 учун компания $699 доллар сўраган бўлса, жаҳон бозорида у 950 АҚШ долларигача сотилмоқда.

3-ўрин: Xiaomi Mi Mix 2 - энг яхши процессор ва дисплей, энг илғор камера технологияси ва қойилмақом дизайнга эга бу гаджетнинг илк партияси, тахминан 1 миллион дона смартфон 15 сентябрда 58 сонияда сотиб тугатилди. Бунинг бош омили сифатида кучли техник имкониятлар билан бирга, флагманнинг арзонлигини айтиш жоиз. Янги авлод "ромсизи"да олд панелнинг 93 фоиз қисми экрандан иборат.

Xiaomi Mi Mix 2'нинг 6 гигабайтли тезкор 128 ГБ доимий хотирага эга версияси $510, 8/256 ГБ талқини $620 АҚШ долларидан сотувга чиқарилмоқда.

4-ўрин: Samsung Galaxy J7 Pro - 5.5 дюймли ва Super AMOLED матрицали, full-HD (1080×1920 пикселли) сиғимли ҳамда 2.5D шаклидаги ҳимоя шишаси билан қопланган юқори сифатли экрани билан ўзига хос. Гаджетга, шунингдек 8 ядроли ва 1,6 ГГц частота тезлигига эга Exynos 7870 процессори ҳамда 3 гигабайтли тезкор хотира ўрнатилган. Унинг доимий хотираси 64ГБ маълумотни сиғдира олади. Албатта, microSD қўшимча хотираси орқали буни 128 гигабайтгача ошириш мумкин.
Samsung Galaxy J7 Pro ёзнинг ўрталарида сотувга чиқарилган. Жаҳон бозорида $319 доллардан сотилмоқда.

5-ўрин: Xiaomi Mi A1 - 5.5 дюймли Full HD экранга эга Xiaomi Mi A1'нинг энг арзони (4+64 ГБ талқини) Хитойда 12 сентябрдан 240 АҚШ долларидан сотувга чиқарилган. Қўш сенсорли 12 + 12 Mp бирикувидаги флагман камерага эга бўлган девайсда олинган суратларни қайта ишлаш учун махсус -- "сунъий идрок"технологияси татбиқ қилинган ва 5 мегапикселли селфи-камерада ҳам суратни қайта ишлаш учун шундай инновацион алгоритм жорий қилинган.

6-ўрин: Xiaomi Redmi Note 4 - 2017 йилнинг январида тақдим қилинган Xiaomi Redmi Note 4 смартфони 5,5 дюйм диагоналга эга IPS-матрица билан таъминланган. Note 4 ўн ядроли 64 разрядли MediaTek Helio X20 чипсети билан жиҳозланган, у 2,1 ГГц частотада ишлайди. У смартфон бозоридаги оммабоп гаджет бўлиб, компаниянинг маълум қилишича, 6 ой ичида 5 миллион дона сотилган. Айни пайтда уни юртимиз бозорларидан 1.3 млн сўмдан харид қилиш мумкин.

7-ўрин: Samsung Galaxy S8 - 5,8 дюймли, ромсиз экрани олд панелни деярли эгаллаб олгани билан ўзига хос. Super AMOLED матрицасидаги пикселлар сиғими 2960×1440 белгига тенг. Қувват тежашда ном қозонган Qualcomm Snapdragon 835 процессорига эга Galaxy S8 фақатгина АҚШда сотилади. Galaxy S8’нинг халқаро талқинида 10 нанометрли Samsung Exynos 8895 процессоридан фойдаланилган. Смартфонда 4 ГБ тезкор ва 64 ГБ доимий хотира мавжуд.
Шу йилнинг сентябр ҳолатида Samsung Galaxy S8 ва S8+ флагманлари биргаликда 20 миллион дона сотилган.

8-ўрин: Vivo V7 Plus - 24 мегапикселли селфи-камерага, 16 МП орқа камерага ва 5.99 дюймли қайрилма FullView дизайнли, 2.5D шаклдаги шиша билан қопланган HD дисплейга, 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 450 чипига эга бу смартфон жаҳон бозорида 300 АҚШ долларидан сотилмоқда. Унинг батарея сиғими 3225 мА соат.