Тўртта русумдаги iPhone 13’ни видеода ҳар томонлама кўрсатишди

  •   DiMaX
  •  1506
  •  21.06.2021 09:19

Тўртта русумдаги iPhone 13’ни видеода ҳар томонлама кўрсатишди

Apple’нинг ўн учинчи авлод смартфонлари туркумига тўртта – iPhone 13 mini, iPhone 13, iPhone 13 Pro ҳамда iPhone 13 Pro Max моделлари кириши айтилмоқда. Аввалроқ улардан ҳар бирининг аккумулятори ток сиғими маълум бўлган эди. Яқинда эса...

ЎҚИНГ: iPhone 13 туркумидаги барча смартфонларнинг хотира вариантлари ва нархлари билан танишинг

Шу пайтгача мазкур смартфонларнинг асосан рендер суратлари тарқалган, iPhone 13 mini моделининг «жонли» расми ҳам чиққан – уни бултурги iPhone 12 mini билан таққослаб кўрсатишган. ConceptsiPhone номли YouTube-канал эса шу каби тасвирлар ва инсайдерлик маълумотларига таяниб, ўн учинчи авлод айфонларнинг дизайнини кўрсатувчи видео тайёрлади.

iPhone 13 туркумининг дизайнидаги муҳим ўзгариш – олд камера жамланмаси учун экранда очилган кемтикнинг ихчамлашувидир. Маълумотларга кўра, унинг эни 34,83 миллиметрдан 26,8 миллиметргача кичрайтирилмоқда.

Орқа панели дизайнига кўра стандарт iPhone 13 ҳамда унинг mini-версияси ўзаро ўхшаш, iPhone 13 Pro ва унинг Max талқини бир хил бўлишини кутиш мумкин:

Бу йилги Apple смартфонларининг «катта» версиялари – iPhone 13 Pro ва 13 Pro Max моделларида ProMotion дисплейлар қўлланиши кутилмоқда. Улар 120 герцгача мослашувчан частотали бўлади, яъни экранда акс этаётган контент турига қараб кадр янгиланиши автоматик тарзда ўзгаради.

Шунингдек, ўн учинчи авлод iPhone’лар олдингиларига нисбатан сиғимдор аккумуляторлар, Always-On Display функцияси ҳамда корпуснинг янги рангларига ҳам эга бўлиши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: iPhone 13 Pro ҳамда 13 Pro Max учун аллақачон «чақадиган» нархларда буюртма олишяпти!