Тошкентдаги «қизғин» жойда радар ўрнатиш ҳуқуқи 3,5 млрд сўмга сотилди

  •   DiMaX
  •  546
  •  13.08.2021 08:45

Тошкентдаги «қизғин» жойда радар ўрнатиш ҳуқуқи 3,5 млрд сўмга сотилди

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 21 апрелдаги 232-сон қарори асосида радар ва камералар ўрнатиш жойлари «E-auksion» савдо майдончаси орқали сотилиши белгиланган эди. Жорий йилнинг 9 июнидан эса мамлакатда биринчи бўлиб Наманган ва Хоразм вилоятларида радар ва камералар ўрнатиш жойлари савдога чиқарилган эди. Яқинда эса...

ЎҚИНГ: Тошкентда ҳам йўлга радар ўрнатиладиган жойлар савдога чиқарилди

 E-auksion’да тадбиркорларнинг радар ўрнатишига рухсат бериладиган ҳудудлардан бири бошланғич нархидан қарийб 100 баробар қимматга сотилди. Бу тўғрида Daryo нашрининг Телеграм тармоғидаги Daryo — LIVE канали хабар бермоқда.

Тошкент шаҳридаги Абдулла Қодирий кўчасининг Ҳамид Олимжон майдони ҳудудидаги йўл ўтказгичга радар ва камера ўрнатиладиган нуқта бўйича аукцион савдолари 12 август куни ўтказилди. Лотнинг бошланғич нархи 36 миллион 750 минг сўм этиб белгиланганди. 6 соатдан ортиқ давом этган савдолардан сўнг ушбу лот 3 496 762 500 (уч миллиард тўрт юз тўқсон олти миллион етти юз олтмиш икки минг беш юз) сўмга сотилди. Айнан шунча сумма таклиф этган хорижий Tech Age компанияси аукцион ғолиби деб топилди.

ЙҲХББ барча лотларни чиқарганда ушбу ҳудуддаги автомобиллар оқими ва сўнгги икки йил давомидаги қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотларни келтирмоқда. Шу орқали қоидабузарликлар орқали қанча пул ишлаб топиш мумкинлигини прогноз қилиш мумкин. Аммо 3,5 миллиард сўмга сотилган лот ҳудудида транспорт оқими келтирилган (32 000) бўлса-да, қоидабузарликлар устунида «0» рақами ёзилган.

ЎҚИНГ: Тошкентдаги фоторадар ва камералар сони ҳамда ўрнатилган жойлари рўйхатлари

Радар ва камера ўрнатиш ҳуқуқи қўлга киритилган ушбу нуқта яқинида 3 йил аввал актриса Фарангиз Режаметова автоҳалокат қурбони бўлганди. Фарангиз Режаметова 2018 йил 20 июлда соат 21:15 атрофида Абдулла Қодирий ва Маҳатма Ганди чорраҳасидаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётганида 23 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Mercedes-Benz автомобили қизга йўл бермасдан, уни уриб юборганди. Ҳайдовчи жабрланувчини касалхонага олиб борган, аммо йўлда 25 ёшли актриса оламдан ўтган.

Ҳайдовчига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, у уй қамоғига олинганди. Кейинчалик ҳайдовчига нисбатан қандай жазо қўлланилгани эълон қилинмади.

Ҳодисадан бир муддат ўтиб, пиёдалар ўтиш жойига светофор, Абдулла Қодирий кўчасидаги йўл ўтказгичга эса фоторадар ўрнатилганди.

ЎҚИНГ: Йўлга радар ва камера ўрнатган тадбиркор ЙҲҚ бузилишини аниқлаганлиги учун қанча олади?