Тоза мусиқа ва тоза ҳаво

Тоза мусиқа ва тоза ҳаво

Dyson компанияси Zone номли ҳаво тозалагич бириктирилган қулоқчин/қулоқчинга бириктирилган ҳаво тозалагични тақдим қилди. Ушбу ноодатий технология метрополисларда яшовчилар учун бир ўқ билан икки қуённи уриш имконини беради: ташқи шовқинларсиз, тиниқ мусиқа тинглаш ва камроқ ифлосланган, тоза ҳаводан нафас олиш.

Аслида Zone қулоқчинлари Dyson'нинг илк аудио маҳсулоти бўлиб, компания одатда ҳаво тозаловчи қурилмаларни яратади. Шундай қилиб, қулоқчин учун соддалаштирилган ҳаво филтрлаш технологияси қўлланилган бўлиб, ҳар икки қулоқчин чашкалари ҳавони тортувчи митти компрессорларга эга. Ҳаво икки қатламли филтрлар орқали ўтади: биринчи қатлам 0.1 микронгача бўлган кичик зарралар (чанг, бактерия...) нинг 99 фоизи ушлаб қолса, иккинчи қатламда зарарли газлар (азот, олтингугурт...) филтрланади. Бунда филтрларни ҳаво ифлослиги ҳолатига ёки ундан қанчалик фаол фойдаланишга қараб, йилда бир ёки бир неча маротаба алиштириб туриш керак бўлади. Тозаланган ҳаво тўғридан-тўғри оғиз ва бурунни тўсиб турувчи маскага юборилади. Маска оддий ниқоблар сингари юзга тегиб турмайди, шу сабаб, у коронавирусдан ёки бошқа вируслардан ҳимоя қила олмайди.

Умуман, Zone 6 йил давомида, 500 дан ортиқ прототиплардан кейин яратилган ва бу бир вақтнинг ўзида компаниянинг энг ғалати ва энг машҳур бўлган маҳсулотидир. Zone тўрт хил ҳаво тозалаш режимига эга: юқори, ўртача, паст ва автоматик. Ниқоб магнит ёрдамида қулоқчинга бирикади, шундай экан агар фақат қулоқчиндан фойдаланмоқчи бўлсангиз ёки суҳбатлашмоқчи бўлсангиз, ниқобни вақтинчалик ёки бутунлай ечиб қўйиш ҳам мумкин.

Қулоқчинларга келадиган бўлсак, у шовқинни бекор қилувчи уч хил режимга эга: изоляция, суҳбат ва шаффофлик. Изоляция режимида шовқин фаол равишда бекор қилинса, шаффофлик режимида сиз атрофингиздаги машина сигналлари каби айрим товушларни эшитишингиз мумкин. Суҳбат режими ниқоб олинганида ишга тушади ва бунда филтрлаш ўчирилади. Шу билан бирга, у юқори сифатли овозни таъминлайдиган неодимий динамик тизимига ва шовқинни камайтирадиган микрофонларга ҳам эга. Zone USB-C ёрдамида қувватланади, ҳамда уни атрофдаги ҳаво сифатида ҳақида батафсил маълумотлар берувчи Dyson Link иловаси билан боғлаш мумкин.

The Verge журналисти Zone'дан фойдаланишга мувваффақ бўлганлигини маълум қилди ва унга ижобий фикр билдирди. Унинг гапларига кўра, ҳаво тозалаш ва шовқинни бекор қилиш хусусиятлари яхши ишлаган, лекин у ичкари ва тинчроқ жойда бўлгани учун функцияларнинг қанчалик зўр эканлигини айтишга қийналишини билдирган. Шунингдек, Zone қулоқчинлари сезиларли даражада катта ва оғир эканлигини, компрессор мотори овози эса мусиқа қўйилмаётган вақтда эшитиладиган даражада овоз чиқаришини маълум қилган.

Компания ҳозирча Zone дастлабки маълумотларини очиқлаган холос. Унинг нархи, оғирлиги, батарея қуввати ва бошқа хусусиятлари куз фаслида маҳсулот сотувга чиқарилганида маълум қилинади.

ЎҚИНГ: Дунёдаги энг тезкор график карта шу ерда!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.