«Ундан нимам кам!?» – Xiaomi ҳам 140 долларлик 5G-смартфонлар ваъда қиляпти

  •   DiMaX
  •  1312
  •  29.11.2019 09:27

«Ундан нимам кам!?» – Xiaomi ҳам 140 долларлик 5G-смартфонлар ваъда қиляпти

Кейинги йил бешинчи авлод уяли алоқа стандартини қўллаб-қувватловчи смартфонлар нархининг кескин пасайиши кутилмоқда. Зеро, MediaTek ўрта нарх тоифасига мансуб камида иккита 5G-процессор чиқаради, Qualcomm ҳам ундан қолишмаслиги аниқ.

ЎҚИНГ: Биринчи «ўлдириб бўлмас» 5G-смартфон энг кучли процессорга ҳам эга!

Куни кеча Honor раҳбари мазкур бренд остида 280, 210 ва ҳатто 140 долларлик 5G-смартфонлар тайёрланишини айтган эди. Ҳамёнбоп смартфонлари билан машҳур бўлган Xiaomi ҳам бунга жим қараб тура олмади.

«Хитойча Apple» бошлиғи Лей Цзунь (Lei Jun) фикрича, 2021 йилга бориб ҳақиқатан арзон 5G-смартфонлар бозорда кўпаяди. Xiaomi бу жараёндан четда турмайди ва 1000 юань (тахминан 140 АҚШ доллари) атрофидаги нархда ўз моделларини таклиф этади. Хитойда 5G технологиясига буткул ўтилиши эса яқин 3-4 йил ичида амалга ошади.

Шуни ҳам ёдда тутиш керакки, бу мамлакат 5G стандартини жорий этишда етакчилардан биридир. 2019 йил учинчи чорагининг ўзидаёқ «Осмон ости салтанати»да 500 000 донага яқин 5G-смартфон сотилган. Йилнинг якунида эса бу кўрсаткич миллиондан ошиши турган гап.

Қолган мамлакатларда бешинчи авлод уяли алоқа тармоғига ўтиш Хитойдаги каби шиддат билан кечмаётган бўлса-да, олға интилаётганлар кўп. Ўзбекистонда эса бу борада Ucell уяли алоқа оператори биринчи бўлган, шунингдек, UZMOBILE ҳам 5G технологиясини синов тариқасида ишга туширган.

ЎҚИНГ: Хитойда стандарт iPhone 11’дан ҳам арзон iPhone 11 5G расман сотиляпти!