USB номларида муҳим ўзгариш: SuperSpeed брендидан воз кечилмоқда

USB номларида муҳим ўзгариш: SuperSpeed брендидан воз кечилмоқда

USB стандартини бошқарадиган ва қўллаб-қувватлайдиган USB Implementers Forum (USB-IF) нотижорат ташкилоти USB қурилмаларини брендлашда янги ном стандартларини маълум қилди (The Verge орқали). Муҳим ўзгаришларидан бири шуки, улар SuperSpeed брендидан воз кечишмоқда. Ушбу бренд номи сизга ҳеч нимани англатмаётганлиги табиий ҳол, чунки кўпчилигимиз учун бу шунчаки USB 3.0 ҳисобланади. Нафақат SuperSpeed, балки ташкилот энди ортиқ USB4 брендидан ҳам фойдаланмайди.

Эндиликда USB қурилмалари уларнинг версия рақамлари ёки SuperSpeed каби мужмал брендлари ўрнига, уларнинг техник хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда номланади. Масалан: "SuperSpeed ​​USB 5Gbps" ва "SuperSpeed ​​USB 10Gbps" энди мос равишда "USB 5Gbps" ва "USB 10Gbps"га, "USB4 40Gbps" ва "USB4 20Gbps" эса "USB 40Gbps" ва "USB20Gbps"га айланади. 

Шунингдек, USB Type-C кабелларини номлашда ҳам янгилик киритилган: энди кабелларда фақат маълумот узатиш тезлиги эмас, балки улар кўтара оладиган зарядлаш ваттлари ҳам кўрсатилган бўлиши керак. Масалан, кабел шунчаки "40 Gbit/s кабел" сифатида брендланиши мумкин эмас, энди у 60 Вт ёки 240 Вт каби зарядлаш тезлигини ҳам кўрсатиши керак.

USB-IF президенти ва бош директори Jeff Ravencraft сўзларига кўра "харидорлар фақат икки нарсани билишни хоҳлайди: маҳсулотнинг энг юқори маълумот улашиш тезлиги ва маҳсулот бера оладиган энг юқори қувват даражаси". Унинг қўшимча қилишича, ўзгаришлар йилнинг шу чорагидан бошлаб амал қилишни бошлайди ва янги номлар йил охиригача маҳсулот ва қадоқлашларда пайдо бўла бошлайди. Бироқ, бу ўзгаришларни қўллаш мажбурий эмас. USB стандарти барча учун очиқ бўлиб, USB-IF компанияларни эски номлардан фойдаланмасликка ёки умуман бренд номларидан фойдаланмасликдан тўхтата олмайди.

ЎҚИНГ: Intel ўзининг "Celeron" ва "Pentium" бренд номларини ўзгартимоқда