UzIMEI: «Жаллод чойчақаси» ва «тишсиз» Парламент ҳақида

  •   DiMaX
  •  820
  •  09.07.2021 16:40

UzIMEI: «Жаллод чойчақаси» ва «тишсиз» Парламент ҳақида

Бугунги кунда Ўзбекистонда янги мобил қурилмалар харидорларига турли ташвишлар орттираётган масалалардан бири IMEI кодини рўйхатдан ўтказишдир. Аввалроқ биз шу жараённи текин қилиш ҳақидаги жамоатчилик мурожаати «Менинг фикрим» порталида керакли овоз тўплаганига қарамай, бир йилдан буён эътиборсиз қолаётгани ҳақида Хушнудбек Худойбердиевнинг фикрларини келтирган эдик. Мазкур блогер кейинчалик ҳам...

ЎҚИНГ: UZIMEI тизими ҳақида ҳуқуқшунос: «Шу пулларни халқни қийнамасдан олсаларингиз бўлмайдими?»

Хушнудбек Худойбердиев яна ўзининг Telegram-каналида шу ҳақда ёзди:

Ўрта асрларда «Жаллод чойчақаси» деган атама бўлган. Боши танасидан жудо қилинадиган инсонлар ўлимидан олдин жаллодга чойчақа бериб, «Илтимос, болтангизни ўткирроқ қилиб чархласангиз, бошимни кўп қийнамасдан узиб ташланг», деб сўрашган. Яъни одамлар ўлимга шундоқ ҳам рози бўлган, фақат қийналмасдан ўлдиришларини хоҳлаган.

Бугунги кунда ҳам айрим масалаларда бу хоҳиш актуал бўлиб турибди. Масалан, UzIMEI тизими аҳолига «телефон солиғи» жорий қилган, тўлаган солиқларимизнинг устига яна «солиқ» олади. UzIMEI тизими тўловини бекор қилиш ҳақидаги петицияни 10 мингдан ортиқ киши имзолади, аммо Парламентнинг қўлидан ҳеч вақо келмади. На Сенат, на Қонунчилик палатасининг «тиши ўтмади». Албатта-да, йўқ жойдан бир неча юз миллиард пул топаётган тизимга Парламентни «тиши ўтармиди»?

Аммо аслида нормал жамиятларда аҳолига солинадиган бунақа мажбурий тўловларни Вазирлар Маҳкамаси эмас, Парламент жорий қилиши керак. Ҳеч бўлмаса, биринчи босқичда мажбурий тўлов жорий қилинадиган Ҳукумат қарорлари Парламент тасдиқлагач, кейин кучга кириши керак. Шунда балким ижро органи «тонировка» учун салкам 20 млн сўмлик тўлов жорий қилаётганда депутат ва сенаторлар «Э, инсоф борми, нима деган гап бу?» дейиши мумкин бўларди.

Аммо бунга ҳам ишониш сал қийин. Масалан, ўша депутат ва сенаторлар рухсатсиз «тонировка» ўрнатганлар учун мантиқсиз равишда бир неча миллион сўмлик энг қиммат жаримани ғинг демасдан, қўл кўтариб, тасдиқлаб беришган.

Яна UzIMEI мавзусига қайтсак. Бу тизим аҳолига «солиқ» солгани етмагандай, фуқароларнинг шахсий маълумотлари ўғирланиши, рўйхатдан ўтишда бюрократик ва мантиқсиз тўсиқлар қўйилиши, тизимнинг ишончсизлиги ошиб тушмоқда. Шунақа пайти ўрта асрлардаги «жаллод чойчақаси» принципи ёдимизга тушади:

Барака топгурлар, майли, пул олсанглар олинглар, фақат илтимос, шу пулни халқни қийнамасдан олинглар.

Наҳотки шуни қилиш ҳам қийин бўлса?!

ЎҚИНГ: UZIMEI биносидаги «бардак» ҳақида блогер: «Буни ўйлаб топганлар – ислоҳотларнинг душмани!»

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!