Ойлиги 30 млн сўмдан ошиқ веб-дизайнер: «IT'ни ривожлантиролсак, АЭС ҳам керак бўлмай қолади» (+видео)

  •   DiMaX
  •  1875
  •  12.01.2021 15:19

Ойлиги 30 млн сўмдан ошиқ веб-дизайнер: «IT'ни ривожлантиролсак, АЭС ҳам керак бўлмай қолади» (+видео)

Дастурлаш ва график дизайн – талаб ҳам, шунга яраша даромади ҳам энг юқори касблар қаторида. Дастурчилар инсонлар ҳаётини осонлаштирувчи маҳсулот ишлаб чиқса, дизайнерлар бу маҳсулотларнинг сиз у бизга кўринадиган интерфейсини яратади.

ЎҚИНГ: Веб-дастурчилар билан веб-дизайнерларнинг фарқи нимада?

Kun.uz мухбири «Оптимист» рукнида ёш веб-дизайнер Жамшид Холиқулов билан суҳбатлашган. Суҳбат мутахассиснинг UI/UX дизайнга қандай кириб келгани, соҳадаги даромад ва Ўзбекистонни рақамлаштириш каби мавзуларда кечди.

«Ҳам журналист, ҳам график дизайнер бўлиб ишлардим»

– User Interface (UI) ва User Experience (UX) йўналишида 5–6 йилдан бери фаолият олиб бораман. Соддароқ айтганда, дастурий маҳсулотлар (мобил иловалар ва веб-саҳифалар) дизайнини чизаман.

Барчаси қизиқишим, ҳобби сифатида бошланган. Ҳозир профессионал даражага чиқиш арафасидаман. Асли мутахассислигим эса журналист. Ўзбекистон Миллий университети журналистика факултетини тугатганман.

Талабалик пайтимда журналистикада бироз муддат ишладим. Шу билан бирга, график дизайн соҳасини ҳам ўрганганман. Чунки айнан мен ўқиган вақтда – 2012–2013 йилларда бутун дунё медиа соҳасида маълумотларни инфографика шаклида бериш оммалаша бошлаганди. Журналист аудиторияга етказмоқчи бўлган маълумотни шунақа тарзда бериши учун график дизайнни тушуниши керак. Сифатли контент яратиш учун эса ҳам журналистикани, ҳар график дизайнни бирдай олиб кетишга ҳаракат қилдим.

2015 йилда фаолиятимни тўлиқ график дизайнда давом эттиришга қарор қилдим. Бунга асосий сабаб – журналистикадан кўра, график дизайнда кўпроқ пул топишим. Тушуниб етдимки, журналистикада дизайнерликдан кўра камроқ натижага эришарканман.

ЎҚИНГ: Ўзбек йигити қандай қилиб Amazon компанияси ходимига айлангани ҳақида

«Бир ойлик даромадимни бир кунда топганман»

– Ўқиш пайтида 500 минг сўм стипендия («беш»га ўқиганман­) ва журналист сифатида ярим ставкада ишлаб яна 500 минг, иккисини қўшганда ойига 1 миллион атрофида даромадим бўларди. Дизайнерликда эса бир кунда битта лойиҳам учун шунча пул олгандим: логистика ва тиббиёт йўналишидаги компанияга идентика (логотип ва бошқа график унсурлар стили) қилиб берганман, бир кунда чизиб берганман, уларга ёққан ва тўловни амалга оширишган.

Кейинчалик, 2015–2016 йилларда MyTaxi компаниясига ишга чақиришди. Айнан веб-дизайн, User Interface йўналиши бўйича. Билсангиз, ҳамма IT-компаниялар доим ўзига кадр қидиради, яхши кадрларни кузатиб боради. Мени MyTaxi раҳбарлари кузатишган экан (мен блог юритардим). Биринчи ҳафтада суҳбатдан ўтолмаганман. Бу менга жуда қаттиқ таъсир қилди ва 3 ой мобайнида веб-дизайн, UI (user interface) нималигини чуқур ўрганиб, шуғулландим.

2015 йилда Инҳа университетида MyTaxi компаниясининг стартапи бўлди. Ўшанда вазифа беришди ва уни бажардим, уларга ишим маъқул келди ва компанияда иш бошладим.

Ойлик даромадим? Бу сир. 30 миллион сўмдан кўпми-камми? Кўп.

ЎҚИНГ: Дастурлашни ўрганувчилар учун онлайн ресурслар тўплами

Веб-дизайнни мустақил ўрганса бўладими?

– Шу соҳага эътибори юқори, шу йўналишда ўз таланти борлигини ҳис қилган одамлар мустақил ўргана олади. Мен жуда ҳам қаттиқ қизиққаним учун ўрганолдим.

Веб-дизайнга энди кириб келаётган болалар ҳам дастлаб ўзлари мустақил ўрганиб кўришлари, қандайдир даражага чиқишлари лозим, деб ўйлайман. Шундан кейин студияга ёки бирор компанияга ишга киради ва тажрибаси орта бошлайди. Агар таланти бўлмаса, барибир 1–2 йилда бу соҳадан чиқиб кетади.

Одам шу ишда таланти борлигини қачон сезади? Аввалига қилган ишларингиз сифатли чиқмаслиги мумкин, бу ҳаммада бўладиган нормал ҳолат. Соҳани ўрганишга иштиёқингиз бўлса, бошқа кундалик ташвишларни унутиб, шу иш билан машғул бўлсангиз, шунинг ўзи талантингиз борлигини кўрсатади ва бу талант вақт ўтиши билан кўрина бошлайди.

Барибир ютуқнинг 90 фоизи – меҳнат. Таланти бўлмаса ҳам, меҳнати орқали яхши натижага эришганлар жуда ҳам кўп.

ЎҚИНГ: Дизайнер учун ранг танлаш бўйича маслаҳат

«Мобил банк дастури дизайнини тайёрлашга 1–2 ой вақт кетади»

– Мобил банкингни мисол қилиб олсак, ўртача катталикдаги (150га яқин саҳифага эга) илова дизайни 1 ойдан 2 ойгача бўлган муддатда тайёр бўлади.

Буюртмачи лойиҳани қандай тасаввур қилаётганини тушуниб олишимиз муҳим. Улар билан гаплашиб, лойиҳа ҳақида тасаввурга эга бўлгач, шу йўналишда изланишлар олиб бораман. Сўнг илованинг прототипини ясаб, тақдимот шаклида кўрсатаман. Маъқул келса, кейин асосий иш бошланади. Дизайни тайёр бўлгач, иловани яратиш учун дастурчига берилади.

Ҳозирги кунда асосан финтех йўналишидаги иловалар дизайни билан шуғулланяпман. Orient Finans Bank, Mikrokreditbank, Халқ банки, Трастбанк, Туронбанк каби банклар билан ишлаганман.

Ҳозир кўчага чиқмай, турли хил тўловларни бемалол телефон орқали амалга ошириш мумкин. Одамларга бундай қулайлик яратилишида дастурчилар ва веб-дизайнерларнинг ҳиссаси катта.

Бутун дунёда охирги беш йилда мобил банкинг жуда тез ривожланди. Агар 2010–2015 йилларда Uber, Yandex Taxi, Lift каби гигант компаниялар энг тез ўсган ва такси бизнесини янги даражага олиб чиққан бўлса, 2015 йилдан ҳозиргача айнан финтех йўналишидаги лойиҳалар бутун дунёни қамраб олмоқда.

ЎҚИНГ: «Миллиардларга қурилган дендихона» – дастурчилар Андижон IT-Паркини тарк этишди

Агар бир миллион дастурчи етиштирмоқчи бўлсак...

– «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси жуда яхши бошланганди, аммо охирги пайтларда аввалгидек фаол пиарни кўрмаяпман. Ўзбекистон шароитида бир миллион дастурчини тайёрлаш имконияти бор. Лекин бунга кўп вақт кетади.

Дастурчилар кўпайишида ёшларнинг компьютер саводхонлиги ва инглиз тилини билиши муҳим ўрин тутади. Фақат Тошкент ёки катта шаҳарлар марказларидаги болаларгина дастурлашни ўрганишяпти, деб ўйлайман. Уларнинг сони миллионга чиқадиган даражада эмас... Асосий ёшларимиз – қишлоқларда, туманларда. У ерларда эса компьютер саводхонлиги ҳам, инглиз тилини билиш даражаси ҳам юқори эмас.

Аслида, дастурлаш – қийин соҳа. Математикани, алгоритмни тушуна оладиган, шуларга қизиқадиган болаларгина дастурлашга ўта олади. Агар ҳақиқатан ҳам бир миллион дастурчи етиштирмоқчи бўлсак, ёшларни фильтр қилишимиз керак. Математика бўйича ҳар йили кўп олимпиадалар бўлади, ана шуларда қатнашган болаларни бироз дастурлашга йўналтирсак, компьютер олиб берсак ёки бошқа бирор шароит яратиб берсак, ташвиқот олиб боришдан кўра натижа кўпроқ бўлади.

Қишлоқлардаги ёшларни ҳам жалб этмай, бир миллион дастурчини тайёрлаб бўлмайди. Масалан, ҳудудларда дастурлашни ўргатувчи ўқитувчиларга инвестиция киритишни бошласак бўлади. Яъни уларга яхши ойлик бериш, керакли техникалар билан таъминлаш ва бошқа шароитларни яратиб беришни ўйласак, ўринли бўлади. Шундан кейин ўша ўқитувчиларнинг ўзлари истеъдодли болаларни топа бошлашади.

Ўргатадиган одам ўз ишидан манфаатдор бўлиши керак. Мисол учун, охирги беш йилда Ўзбекистонда абитуриентларни ОТМга киришга тайёрлайдиган ўқув марказлари сони ишониб бўлмас даражада ривожланиб кетди. Нима учун? Чунки талаб кучли, манфаат юқори. Бизда миллион абитуриент бор.

Худди шундай шарт-шароитни дастурлаш ўқитувчилари учун ярата олсак, бир миллион дастурчини тайёрлаш реалликка кўча бошлайди. Соҳа автоматик тарзда ривожлана бошлайди. Ривожланиш биз ўйлаганимиздан тезроқ бўлади: дастурчиларни тайёрлаш кўлами 2–5 йилда тасаввур қилиб бўлмас даражага чиқади, бунга ишонаман.

ЎҚИНГ: Дастурчи бўлишнинг 6 йўли

«IT-кадрлар тайёрлаш АЭСдан кўра анча кўп фойда келтиради»

– 2030 йилгача атом электр станциясини қуришмоқчи. У берадиган фойдадан кўра рақамли соҳа кадрларимиз берадиган фойда анча кўпроқ бўлиши мумкин.

Агар мана шу икки нарсани – дастурлаш кадрларини тайёрлаш ва АЭС қуришни бирданига бошлайдиган бўлсак ва якунда натижани солиштирсак, барчаси аён бўлади: бизга АЭС ҳам керак бўлмай қолади. Уни шунчаки ўчириб қўйишимиз мумкин бўлади.

«Хоҳласак бас...»

– Шахсий фикрим: Агар ҳамма хоҳласа, ҳақиқатан ҳамма (!) хоҳласа, IT'ни гуркираб ривожлантириш учун бизга бир йил етарли деб ўйлайман.

Бизда ресурслар ҳам бор, етарлича кадр ҳам бор, старт олишга тайёр турибмиз. Шунчаки айрим факторлар оёқ-қўлимизни боғлаб турибди. Ўша факторларни йўқотиш – хоҳишга боғлиқ. Агар хоҳласак, бир кунда йўқ қиламиз; хоҳласак, бир ҳафтада. Буни қила олсак, Қозоғистондан ўтиб кетиш бизга ҳеч гап бўлмай қолади.

[…] Бунинг учун биз умуман бошқа принципда ишлашимиз керак. Интернет, компьютер, свет билан боғлиқ муаммоларни ечмай туриб, миллион дастурчи ҳақида гапириб бўлмайди.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда интернет нақ 29 фоизга арзонлашди! (+видео)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!