Viber’да янги функция: махфий хабар!

  •   DiMaX
  •  912
  •  21.02.2017 17:17

Viber’да янги функция: махфий хабар!

iOS ва Android тизимларида ишловчи қурилмаларга эга Viber фойдаланувчилари энди белгиланган вақтда йўқолиб кетадиган хабарлар юбориш имкониятига эга бўлишди, дея хабар беради Лайфхакер сайти.

Тажрибали фойдаланувчилар яхши билишадики, интернет тармоғида эълон қилинган маълумот ҳеч қачон буткул изсиз йўқолиб кетмайди. Интернетда бирор аҳмоқона гап ёзсангиз, ёки бемаънироқ расмни эълон қилсангиз, бу – шу ёзганингиз энди кўпчиликнинг қўли етадиган ҳудудга тушди, деганидир.

Аммо Viber яратувчилари мана шу қоидани «айланиб ўтиш» йўлини топишган кўринади. Дастурнинг янги версиясида фотохабар ва видеохабарларни маълум бир вақтда ўчиб кетадиган қилиб жўнатиш имконияти тақдим этилган.

 

Махфий фоторасм ёки видеолавҳани юбориш учун уни қурилмангизнинг галереясидан танлайсиз ёки камера орқали суратга туширасиз. Шундан кейин соат кўринишидаги тугмачани босиб, олдиндан ўрнатилган таймер кўрсаткичларидан бирини: 1, 3, 7 ёки 10 сонияни танлайсиз. Қабул қилувчи хабарни кўрганидан айни шунча сония вақт ўтиб, у ғойиб бўлиб қолади. Бу муддат ичида у файлни сақлаб қўйишга ҳам улгурмаслиги аниқ.

Айрим сурат ёки видеоларингизни ўзингизда сақлашингиз – энг маъқул йўл, албатта. Лекин бирор яқинингизга уни бериб қўймасдан, фақат кўрсатишни хоҳласангиз, Viber’нинг мана шу янги функциясидан фойдаланинг. Ҳар ҳолда, бу сирингиздан бутун интернет аҳли эмас, балки фақат ўша яқин одамингиз хабар топади. Тағин сурат ёки лавҳангиз унинг қўлида исбот тарзида қолмайди ҳам – шунисидан кўнглингиз хотиржам бўлади энди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!