Виртуал ҳаётингизни шифрлашнинг 7 усули

  •   DiMaX
  •  1979
  •  17.03.2017 11:58

Виртуал ҳаётингизни шифрлашнинг 7 усули

«Ваҳимачиларгина омон қолишади», – деган экан Энди Гроув. Унинг ўзи венгриялик қочоқлар оиласидан бўлиб, дастурлаш бўйича ўқиган, билим ва тажрибасини ошира бориб, Intel бош директори бўлган ва компьютер инқилобини амалга оширган.

Аммо махфийлик борасида қайғуриш кераклигини ундан бошқа мутахассислар ҳам таъкидлашади. Ҳатто АҚШ Федерал қидирув бюроси директори – ўтган йили бир террорчининг iPhone смартфонини блокдан чиқариб беришлари учун хакерларга миллионлаб доллар тўлаган киши ҳам, веб-камераларни ёпиб қўйишни маслаҳат берган.

Нима ҳам дердик, сиз билан биз ҳам озроқ ваҳимачи бўлсак зарар қилмас, нима дедингиз?

Биз «махфий» ва «хавфсиз» дер эканмиз, нисбий хавфсизликни назарда тутамиз. Аслида эса, ҳеч бир тизим шахсий турмушнинг махфийлигини юз фоиз ҳимоялашни кафолатлай олмайди. Аммо барибир айрим чораларни кўриб, махфийликни қисман таъминлаш мумкин, қуйида шуни қонуний тарзда, бепул амалга ошириш йўлларини ўргатамиз.

  1. Почтангизда икки босқичли авторизацияни жорий этинг

Почта – виртуал ҳаётингизнинг барча қўрғонларига кириш калитидир. Агар кимдир уни қўлга кирита олса, барча жойлардаги паролларингизни ўзгартира олади – ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларингиздан тортиб то банкдаги ҳисобингизгача!

Ўз шахсий маълумотларингизнинг ҳимоясини сезиларли даражада оширишнинг энг оддий усули – икки босқичли авторизацияни жорий этишдир. Одатда, бунда ҳар гал аккаунтга биринчи киришга уринишда ўзингиз аввалдан белгилаб қўйган телефон рақамингизга SMS тарзида махсус код юборилади, уни тегишли майдончага киритишингиз лозим бўлади. Шу тариқа, бу усул почтангизни бузиб кириш хавфини етарлича камайтиради.

Агарда сиз Gmail почтасидан фойдаланаётган бўлсангиз, шунақа авторизацияни ҳозирнинг ўзидаёқ мана бу ердан созлашингиз мумкин. Ҳа, ҳозироқ буни амалга ошириб қўйинг – кеч бўлмасидан аввал.

  1. Қаттиқ дискдаги маълумотларни шифрланг

Windows ҳамда MacOS тизимларининг ўзида қаттиқ дискни шифрлаш функцияси бор. Сиз уни фақат фаоллаштирсангиз бас.

  1. Телефонни блокдан чиқаришга пароль ўрнатинг

Тўғри, бармоқ изи бўйича идентификация қилиш яхшироқ, аммо унинг ўзи етарли эмас. Унинг нозик томони шундаки, агарда жиноятчилар сизнинг бармоқ изингизни қўлга киритиб, унинг нусхасини ясай олсалар, кейин уни ўзгартириш имкони йўқ.

Одатда паролни киритиш учун қилинган ўнта уринишдан кейин смартфон буткул блокланади. Бордию паролингиз оддий тўртта рақамдан иборат (масалан, 1234, 9999, 1122 ёки туғилган йилингиз) бўлса, уни мураккаброғига алмаштирганингиз маъқул.

  1. Турлича паролларни ишлатинг

Пароль ишончли нарса эмас. Марк Цукерберг ўзининг LinkedIn аккаунти учун dadada паролини ўрнатган экан. Ўтган йили хакерлар 117 миллионта электрон почтанинг логин ва паролларини ўғирлаб, интернетда тарқатиб юборишганди. Шулар орасида Цукербергнинг ҳам LinkedIn логин-пароли бўлган ва унга бегоналар киришган, аммо унинг Twitter ва Pinterest аккаунтларига кира олишмаган.

Демак, сиз ҳам турли аккаунтлар учун битта паролнинг ўзини ишлатмаганингиз маъқул. Кўплаб логин-паролларни эслаб қийналиб юрмаслик учун эса, пароллар менежерларидан фойдаланинг.

  1. Инкогнито режими ҳам тўлиқ махфийликни таъминлай олмайди

Chrome ёки Firefox браузерларида инкогнито режими орқали ишлаганингизда ҳам, барибир сизнинг интернетдаги фаолиятингизни қуйидагилар кузата олишади:

  • интернет-провайдер;
  • сиз тармоққа кираётган жойдаги тизим маъмури (системный администратор);
  • сиз фойдаланаётган браузерни ишлаб чиққан компания – Google ёки бошқаси.

Айтиш керакки, Internet Explorer, Safari, Opera ва бошқа браузерлар ҳам тўлиқ хавфсизликни кафолатлай олмайди. Демак, бирор тизим юз фоиз махфийликка кафолат бера олмас экан, интернетда имкон қадар аноним кезиш учун кейинги тавсиямизга амал қилинг…

  1. Tor браузеридан фойдаланинг

Tor номи кенгайтирилганда The Onion Router – «Пиёз-йўналтирувчи» бўлиб, у интернет-фаолликни яшириш учун ўзига хос йўналтиришдан (маршрутизациядан) фойдаланади.

Мазкур бепул браузерни ишлатиш жудаям осон. Уни ўрнатгач, check.torproject.org манзилига кириб, ҳаммаси тўғри ишлаётганини тасдиқланг. Табриклаймиз – энди интернетда бемалол сайр қилишингиз мумкин, буни бегоналар кузатиши эса анча қийин бўлади.

  1. Махфий қидирувдан фойдаланинг

Бордию Tor браузерини ишлатиш сизга ноқулайлик туғдирса, қидирув сўровларингизни кузатмайдиган DuckDuckGo қидирув тизимидан фойдаланинг.

Унинг ёрдамида сиз Google’даги қидирув сўровларингизни яширишингиз мумкин, бунинг учун сўров олдига !google сўзини қўшиш лозим.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!