VPN нима ўзи?

  •   DiMaX
  •  43571
  •  17.04.2017 20:20

VPN нима ўзи?

Бу атамани кўп учратгансиз, жумладан, бизнинг сайтимизда ҳам. Аммо унинг нима эканини тўлиқ англаб етмагансиз, тўғрими?

Бугун шу англашилмовчиликка чек қўямиз.

Хўш, нима ўзи у?

Ўткир сюжетли хорижий фильмларда кўп гувоҳ бўлганингиз бир саҳнани кўз олдингизга келтиринг: жиноятчи спорт машинасида катта трасса бўйлаб қочяпти, уни полиция вертолёти таъқиб этиб келмоқда. Автомобиль туннелга кириб кетади, ундан чиқиш жойи эса бир нечта. Вертолётдагилар жиноятчининг айнан қайси чиқиш жойидан чиқиб кетишини била олишмайди, натижада у таъқибдан қочиб қолади.

VPN ҳам худди шу каби, интернетдаги бир неча йўлларни ўзаро туташтирувчи туннелдир. Унга кириб кетган автомобилларнинг қаерда пайдо бўлиб қолишини ташқаридан ҳеч ким билолмайди. Тунелда нималар бўлаётганидан ташқаридагилар бехабар қолишади.

Кўпинча VPN’ни тавсия этишларига сабаб шуки, унда географик белгисига кўра чекланган контентга кириш, умуман, интернетдан фойдаланишда хавфсизликни ошириш мумкин.

Лекин интернетга VPN орқали кириш ҳам тўғридан-тўғри киришчалик хавфли бўлиши мумкин.

VPN қандай ишлайди?

Уйингизда Wi-Fi-роутер бўлса керак, а? Унга уланган қурилмалар ҳатто интернетсиз ҳам ўзаро маълумот алмаша оладилар. Демак, уйингизда ўзингизнинг хусусий тармоғингиз бор экан, аммо унга уланиш учун роутер сигнали етадиган ерда бўлишингиз талаб этилади.

VPN (Virtual Private Network) – бу виртуал хусусий тармоқ. У интернет устида ишлайди, шунинг учун унга исталган жойдан уланиш мумкин.

Масалан, сиз ишлайдиган компания масофадан туриб ишлайдиган ходимлари учун виртуал хусусий тармоқдан фойдаланиши мумкин. VPN ёрдамида улар ишчи тармоққа уланадилар. Бунда уларнинг компьютер, смартфон ёки планшетлари виртуал тарзда офисга кўчирилади ва тармоққа ичкаридан уланади. Виртуал хусусий тармоққа уланиш учун VPN-сервер манзилини, логин ва паролни билиш керак бўлади.

VPN’дан фойдаланиш ўта осон. Одатда компания қаердадир локал компьютерда, серверда ёки дата-марказда VPN-сервер яратади; унга уланишлар эса фойдаланувчи қурилмасидаги VPN-клиент дастури орқали амалга оширилади.

Ҳозирда барча оммабоп операцион тизимлар – Android, iOS, Windows, macOS, Linux ва бошқаларда VPN-клиент дастури аввалдан мавжуд.

Клиент ва сервер орасидаги VPN-уланиш эса, одатга кўра, шифрланган бўлади.

Демак, VPN бўлгани яхшими?

Ҳа, агарда сиз бизнес соҳиби бўлиб, корпоратив маълумотларингиз ва сервисларингизнинг хавфсизлигини таъминлашни истасангиз, VPN жуда яхши нарса. Иш муҳитига ходимларингизни фақат VPN орқали ҳамда махсус аккаунтлари бўйича ўтказасиз ва ким нима қилганию қилаётганидан ҳамиша бохабар бўласиз.

Бундан ташқари, VPN эгаси сервер ва фойдаланувчи ўртасида узатилаётган барча трафикни мониторинг қилиши ва назорат этиб бориши мумкин.

Ходимларингиз Фейсбук, Одноклассники кабиларда кўп ўтиришадими? Бу сервисларга киришни ёпиб қўйишингиз мумкин. Улар орасида кимдир ўз иш кунининг ярмини карикатуралар сайтида ўтказадими? Унинг интернетдаги фаоллиги автоматик тарзда логларга ёзилиб боради ва ўзини ишдан бўшатиш учун далил бўлиб хизмат қилади.

Ишдан ташқарида ҳам VPN’дан фойдаланса бўладими?

Ҳа. VPN-хизматларнинг энг кенг тарқалган кўриниши бепул оммавий сервислар ҳисобланади. Google Play, App Store ва интернет кенгликларида бунақалари тиқилиб ётибди. Улар бепул VPN тақдим этишади ва у билан боғлиқ бўлган барча харажатларни ўзлари кўтаришади. Жумладан, дата-марказ хизматлари тўлови, қулай иловани ишлаб чиқиш харажати, қўллаб-қувватлаш сарфларини ҳам ўз зиммаларига олишади.

Эвазига эса уларга фақат бир нарса – сизнинг интернетда нималар қилаётганингиз ҳақидаги маълумот керак, холос. Бу маълумотдан улар сизнинг «рақамли портрет»ингизни яратиб, реклама берувчиларга сотишади. Биратўла улар сизнинг қизиқишларингизга кўра реклама узатиб туришади. Ҳаммаси оддий ва адолатли.

Пулли VPN-сервислар – умуман бошқа нарса. Назарий жиҳатдан қараганда, улар абонент тўлови эвазига яшашади ва фойдаланувчининг маълумотларини сотиш ёки реклама учун ишлатишмайди. Аммо шуниси борки, уларнинг бу борадаги ҳалоллигини аниқлаш ўта мушкул. Эҳтимол, бу айёр сервис сиздан абонент тўловини ҳам олиб, яна реклама берувчиларга маълумотларингизни ҳам сотаётган бўлиши мумкин.

Ваҳимачиларнинг яна бир тоифаси бор – ўзининг шахсий ҳаётини «тепада» кимдир кузатиши мумкинлигидан хавотирланувчи оддий фуқаролар. Улар анонимликни ва кузатишлардан ҳимояни юқори даражада кафолатловчи VPN хизматларини танлашади. Муаммо шундаки, бунақа сервисларнинг аксарияти, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идораларнинг биринчи сўровидаёқ фойдаланувчи ҳақидаги маълумотни қўшқўллаб узатади.

Юқорида таъкидлаганимиздек, VPN’ни бир нечта йўлни ўзаро боғловчи туннелга қиёслаш мумкин. Унинг ичида нима бўлаётганини ташқаридан ҳеч ким билолмайди, фақат… эгасидан бошқа! Ҳа, унинг кузатув камералари туннелнинг ҳар бир қарич жойига ўрнатилган. У ҳаммасини кўриб туради ва кўрганларидан ўзи истаганича фойдаланиши мумкин.

Унда VPN нега керак?

VPN географик ва бошқа тўсиқларни айланиб ўтиш имконини беради.

Дейлик, сиз Spotify хизмати орқали мусиқа тингламоқчисиз, аммо бу сервисга Ўзбекистондан туриб кириб бўлмаслигини билиб, ачиняпсиз. Ундан фойдаланишнинг яхши йўли – интернетга Spotify ишлайдиган бирор мамлакатдаги VPN-сервер орқали киришдир.

VPN – бу фойдали ва керакли технология, у ўзига яраша вазифаларни яхши бажаради. Аммо бунда шахсий маълумотларингизнинг хавфсизлиги VPN хизматини тақдим этувчининг виждонига боғлиқ.

Албатта, сизнинг эътиборлилигингизга, интернет хавфсизлиги масалаларини яхши тушунишингизга ҳам.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!