WannaCry зарар етказган давлатлар харитасида Ўзбекистон ҳам бор

WannaCry зарар етказган давлатлар харитасида Ўзбекистон ҳам бор

Жорий йилнинг 12 майида интернет тармоғида тарқалган WannaCry зарарли файл кўринишидаги вируси кўламига кўра шу вақтгача аниқланган энг йирик кибер таҳдид сифатида баҳоланмоқда.

Кибер жиноятчилар WannaCry вируси ёрдамида 24 соат давомида 100 га яқин давлатдаги 220 минг дона Windows компютерларидаги маълумотларни, файлларни машина ўқий олмас тилда шифрлаб қўйиб, уни асл ҳолига қайтариш учун йирик миқдорда пул талаб қилишган.

Маълум бўлишича, ҳозиргача биткоин рақамли валютасида 260 дан зиёд, 77 минг АҚШ доллари миқдоридаги тўловлар амалга оширилган.

Бу тўғрида АҚШ президентининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Том Боссет маълум қилган. Шунингдек, унинг айтишича, жабрланганлар товламачи сўраган маблағни тўлаган тақдирда ҳам, шифрланган маълумотлар қайта тикланмаган. Шу боис, эксперт ҳаккерларга пул тўламасликка чақирмоқда.

Қуйидаги харитада жаҳоннинг деярли барча давлатларида вирусдан зарарланиш ҳолати қайд этилган. Жумладан, унда Ўзбекистонда ҳам саноқли шундай ҳолат кўрсатилган.

17 май куни пойтахтимизда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири в.б. бошчилигида ўтказилган матбуот анжуманида вазирлик қошидаги Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази директори Зафар Раҳматуллаев WannaCry товламачи вирусидан зарарланиш бўйича бирор мурожаат қайд этилмаганини маълум қилган эди.

 

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!