Windows 10 тизимли компьютер ёки ноутбук «қотиб» қолса...

  •   DiMaX
  •  3424
  •  13.01.2020 15:04

Windows 10 тизимли компьютер ёки ноутбук «қотиб» қолса...

Компьютернинг «қотиб қолиши» деганда, аслида, турли техник муаммолар назарда тутилади. Бунда бирор илованинг ишламасдан, экранда «осилиб» туришидан тортиб тизимнинг ишламай қолиб, кўк экран чиқишигача – аксариятида фойдаланувчилар шу атамани қўллашади.

ЎҚИНГ: Қандай қилиб «Синий экран смерти» (BSOD) муаммосидан қутулиш мумкин?

Булардан айримларини қурилмани ўчириб-ёқмасдан ҳам ҳал этиш мумкин ва қуйида шуларни кўриб чиқамиз.

1. График драйверни қайта ишга тушириш

Муаммо айнан график қисмга бориб тақаладиган бўлса, масалан – ўйинни тугатгач экран қорайиб тураверса ушбу усул иш беради. Видеодрайверни қайта ишга тушириш учун Win + Ctrl + Shift + B тугмачалар комбинациясидан фойдаланамиз.

2. «Қотиб қолган» дастурни ёпиш

Кўпинча бирор илованинг ўзи қотиб қолиши сабабли компьютер ёки ноутбукда муаммо туғилиши мумкин. Бундай ҳолларда ўша дастурни «Вазифалар диспетчери» – «Диспетчер задач» орқали мажбуран ёпиш керак бўлади.

Бунинг учун Ctrl + Shift + Escape тугмачалар комбинацияси ёрдамида «Вазифалар диспетчери»ни чақирасиз, тизим сўровларига жавоб бермаётган дастурни топиб белгилайсиз ва «Вазифани олиб ташлаш» – «Снять задачу» тугмачасини босасиз.

ЎҚИНГ: Компьютер ва смартфонлар 2020 йилда қимматлайди, сабаби...

3. Компьютерни одатий ўчириб-ёқиш

Агарда юқоридаги чоралар натижа бермаса, қурилмангизни одатий режимда ўчириб-ёқишга уриниб кўрасиз. Бунинг учун моддий клавиатурадаги «Пуск» («Start», «Windows») тугмачасини, агарда у ҳам ишламаётган бўлса – Ctrl + Esc тугмачалар жамланмасини босасиз. Очилган бошланғич меню орқали гаджетни ўчириб-ёқишни эса ўзингиз биласиз, фақат ундан олдин маълумотларни (масалан – Word’да ёзилаётган матнни) сақлаб, иловаларни ўчиришингиз керак.

Шунингдек, Alt + Tab ёки Win + Tab тугмачалар комбинациялари орқали Windows иш столига ўтишга ҳам ҳаракат қилиб кўрсангиз бўлади.

4. Мажбуран ўчириб-ёқиш

Бу усул ҳамиша иш беради, аммо бунда сақлаб улгурмаган барча маълумотлар куйиб кетади. Аксарият компьютерларда мажбурий ўчириб-ёқиш учун махсус «Reset» тугмачаси бор.

Ноутбуклар корпусида бу тугмача бўлмайди, шунинг учун уни мажбуран ўчириб ёқиш учун одатий ёқиш тугмачасидан фойдаланишга тўғри келади. Бунда ушбу тугмачани камида беш сония босган ҳолда ушлуб туриш талаб этилади; айни шу усулни десктоп компьютерларда ҳам қўллаш мумкин.

ЎҚИНГ: Windows 10’да исталган шаклда скриншот олишнинг учта осон усули

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!