Xiaomi энг арзон – Redmi Go смартфонини рўйхатдан ўтказди!
«Хитойча Apple» ўзининг Redmi туркумида ҳамёнбоп смартфонлар тақдим этиб келмоқда. Арзон телефонлар бозорида рақобат кучайиб бораётгани учун, у мазкур серияда янада арзон – Xiaomi Redmi Go моделини тайёрлади!
Номидан ҳам кўриниб турганидек, Xiaomi’нинг ушбу смартфони ҳамёнбоп моделларга мўлжалланган – «енгил» Android Go операцион тизими бошқаруви остида ишлайди.
Xiaomi Redmi Go ҳақида дастлаб аноним инсайдерлар Weibo тармоғи орқали хабар беришганди, аммо ўшанда кўпчилик буни фейк хабар, деб ҳисоблаган. Лекин куни кеча Сингапурнинг IMDA регуляторида M1903C3GG рақами остида рўйхатдан ўтказилди.
Кўриб турганингиздек, қурилманинг ишлаб чиқарувчиси сифатида Xiaomi, модел номи тарзида эса – Redmi Go кўрсатилган. Демак, ҳамёнбопдан ҳам арзон смартфоннинг яқин орада тақдим этилишига шубҳа қолмади!
Инсайдерлар шарофати билан ушбу смартфоннинг айрим техник хусусиятлари ҳам маълум бўлган. Уларга кўра, Xiaomi Redmi Go арзон модел бўлса-да, юпқа ромли 5,9 дюймлик дисплейга эга. Бу гаджет 1 ёки 2 гигабайтлик тезкор хотира ҳамда якка модулли камера билан таъминланади.
Модомики янги смартфон «тарошланган» операцион тизимда ишлар экан, унинг процессори ҳам унчалик кучли бўлмайди. Шундан келиб чиқиб, Xiaomi Redmi Go нархи ҳам 100 АҚШ доллари атрофида бўлишини тахмин қилишмоқда.
Xiaomi Redmi Go келаси йил баҳорнинг бошларида тақдим этилиши кутилмоқда, «Хитойча Apple»нинг ҳозиргача жаҳон бозорига чиқарган айрим смартфонларини эса 809 000 сўмдан бошланувчи нархларда сотиб олиш мумкин.