Xiaomi Mi 6: кучли флагман ярим нархида| Тавсиф

Xiaomi Mi 6: кучли флагман ярим нархида| Тавсиф

Xiaomi смартфонларини кўпчилик инсонларнинг қўлида кўриш – одатий ҳолга айланди. Бренд билан анчадан буён таниш бўлганларда эса унга нисбатан ҳурмат шаклланиб бўлган. Компаниянинг смартфон бозоридаги муваффақияти Андроид операцион тизимининг самарали ишлаб чиқилган MIUI прошивкаси билан бошланган. Ҳозир эса асосий эътибор ҳамёнбоп ва сифатли смартфонлар ишлаб чиқаришга қаратилган.

Mi туркуми девайслари тобора смартфон бозорининг оммабоп флагманлари қаторидан мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Бу "омад ҳикояси"нинг аввали Mi 5 бўлди дейиш мумкин. Бугун эса сиз билан туркумнинг сўнгги вакили, Samsung Galaxy S8, LG G6 ва Huawei P10 каби таниқли "байроқдор"ларга қарши майдонга тушган Xiaomi Mi 6 флагмани билан яқиндан танишамиз.  

Қадоқни очамиз 

Анъанавий оқ рангли қадоқдан смартфон билан бирга, қўлланма, скрепка, кабел ва Qualcomm Quick Charge 3.0 тезкор қувватлашни қўллаб-қувватлайдиган қувватлантиргични, USB Type-C — 3.5mm переходниги, фирманинг юпқа силикон ғилофи чиқади. Мусиқа тинглашга одатланган бўлсангиз, ҳозирча переходникни ўзингиз билан олиб юришингизга тўғри келади.

Mi 6 бошқарув элементлари корпусда пухталик билан ўрнатилган. Корпус орқа панелида — бош камеранинг қўш объективлари ва фоточақноқ, корпус ўнг биқинида — ўчириб-ёқиш ва овозни бошқариш тугмалари, корпус қуйисида — динамик, микрофон ва USB Type-C порти, томда — инфра-қизил порт ва қўшимча микрофон, шунингдек корпуснинг чап қисмида — 2 та NanoSIM учун бўлмача мавжуд.


Mi 6 олд панелида ўтказиб юборилган ҳодисалардан бохабар қилувчи индикатор, бармоқ излари сканери ўрнатилган. Mi 5s каби, сканер бош тугмага ботиқ шаклда, шиша остига жойлаштирилган. Mi 6 сканерининг ишлаши аниқ. Унинг 2 ёнида сенсор клавишлар мавжуд.

Дизайн ва фойдаланишга қулайлик 

Xiaomi сўнгги арзон смартфонлари корпусини металлдан, флагман смартфонларини эса металл ва шишадан тайёрламоқда. Mi 6 ҳам бундан мустасно эмас. Xiaomi Mi 6 зангламайдиган пўлат корпусга эга. Корпуснинг олд ва орқа панеллари қайрилма ҳимоя шишаси билан қопланган.

Компания бу гал шишадан унумли фойдаланган: Galaxy S7 каби унинг қайрилма шаклдаги олд ва орқа корпуси шишадан тайёрланган ва бу бирикмани ялтироқ пўлат металл зич ушлаб турибди. Дисплей, корпус ва пўлат ром мос тарзда уйғунлашиб кетган. Бу уйғунликка эришиш учун Xiaomi шиша корпусни ҳар тўрт томонини ҳам қайрилма шаклда ишлаб чиққан.  Чиндан ҳам чиройли шакл ҳосил бўлган — корпус формаси суйри, яъни бир текис силлиқ чиққан. Шу боисдан ҳам, аппарат кафтда мустаҳкам ўрнашади.

Mi 6 кафт учун яратилгандек — 5.15 дюймли экранга эга. У iPhone 7 ва Huawei P10'дан йирик, шу билан бирга 5,5 дюймли телефон аппаратларидан кичик. Шундай бўлса ҳам, смартфон залворли — 168 грамм. Унинг керамикадан ва кумушдан тайёрланган корпус талқини янада оғир — 182 грамм.

Mi 6 бозорда қора, кўк ва оқ рангли корпусда чиқарилмоқда. Mi 6 дизайни таассуротли ва корпус фойдаланишга қулай. Mi 5 ва Мi 5s каби, корпусдаги қирралар кафтга малол келмайди. Ундаги клавишлар ҳажми ўртача, аммо Xiaomi'нинг аввалги смартфонларини фойдаланиб кўрганлар наздида "кичик".

Mi 6 дизайнида Samsung Galaxy S8 билан умумий ўхшашликни кўриш мумкин бўлса ҳам, олд панел анъанавий усулда тайёрланган — дисплей роми мавжуд ва экран олд панелда жуда катта майдонни эгалламаган.

Дизайндаги яна бир баҳсли ечим — анъанавий 3,5 мм.ли аудио-қулоқчиндан воз кечилгани. Компания корпус ичида кўпроқ жой қолиши ва корпусни чангдан ҳимоялаш учун шундай қарор қабул қилганини айтса, кимдир компания бу орқали флагманини iPhone 7'га тенглаштирганини айтади. 

Экран

Флагман 5,15 дюймли IPS экранга эга бўлган. Унинг пикселлар сиғими – Full HD (1920 x 1080). Компания ҳозирча бу флагман дисплейига қайси турдаги ҳимоя шишаси ётқизилганига аниқлик киритмаган. Бироқ, 2,5D эффектига эга бу шиша қайрилма шаклда ва унга ёғ-доғга қарши сифатли қоплама ётқизилган.

Шахсий таассуротларга тўхталадиган бўлсак, смартфондаги дисплей сифатига гап бўлиши мумкин эмас. Оддий режимда ёруғлик 1 дан 511 кд/м² даражагача ўзгаради. sRGB ранг маконида ранг қамрови юқори, ранг ҳарорати нормасидан бир оз паст бўлгани боис, баъзи суратлар билинар-билинмас сарғиз ёки пушти тусда акс этиши мумкин. Лекин, созламалар орқали бу камчиликларга барҳам бериш мумкин.  Экраннинг NTSC ранг маконидаги ранглар қамрови 94,4 фоизни ташкил қилади.

Экраннинг 600 nit ёруғлик ишлаб чиқариши ундан очиқ кунд фаол фойдаланиш, тунда эса ёруғлик миқдорини камайтириш режимидан фойдаланиш, экрандаги кўк нур миқдорини камайтириш имконини беради.

Дисплейда ранг тўйинган акс этади. Бу смартфонда ҳам "мутолаа" режими мавжуд. Хулоса қилиб айтганда, Mi 6 илғор IPS дисплейга эга бўлган.

Аппарат ва дастурий таъминот платформаси

Xiaomi флагманининг энг катта ўзига хослиги — унда янги ва кучли Qualcomm Snapdragon 835 платформасидан фойдаланилгани бўлди. Бу смартфон мазкур чипга эга жаҳондаги илк смартфонлардан бири бўлди.

Samsung Galaxy S8 ҳамда Sony XZ Xperia Premium’дан сўнг Mi 6 ҳам 2.45 гигагерц частотата тезлигида ишлайдиган Snapdragon 835 процессори, Adreno 540 график-тасвирни қайта ишлашга масъул видео-карта билан таъминланди.

Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, Xiaomi Mi 6 маълумотларни 10 нанометрли технология асосида қайта ишлашга мўлжалланган жаҳондаги илк тижорат мобил процессорига эга. Натижада, смартфон ўзининг шу чипга эга бошқа рақибларига қараганда 35% камроқ ейди ва қувват тежаш самарадорлиги 25% юқори.

Қолаверса, яна бир ўзига хос жиҳат — флагманда X16 LTE мобил алоқа модеми ўрнатилган бўлиб, унинг ёрдамида секундига 1 Гбит.гача маълумотни юклаш мумкин.

Xiaomi Mi 6 гаджетидаги Adreno 540 ёрдамчи график-тасвир процессорининг ишлаш самарадорлиги 25% юқори ва қувватни 45% камроқ истеъмол қилади.

Xiaomi Mi6 флагмани Samsung Galaxy S8’дан сўнг Bluetooth 5.0 модулига эга жаҳондаги 2-смартфон.

Компания "оперативка" масаласида зиқналик қилмади ва гаджетга биратўла 6 гигабайтли (LPDDR4!) тезкор хотира ўрнатди. Доимий хотира эса 64 ёки 128 ГБ. MicroSD бўлмачаси эса анъанага мувофиқ – йўқ!

Бошқа модуллар стандарт: NFC, IrDA, GPS, Wi-Fi 802.11 ac, сенсор ва датчиклар. Snapdragon 835 боис телефон Bluetooth 5.0 стандартига эга бўлган. Бу эса уни бир вақтнинг ўзида 2 та аудио-карнайга ёки қулоқчинларга симсиз улаш имконини беради.


Mi 6 ўта тезкор ишлаши билан фойдаланувчини қойил қолдиради.  Бенчмаркда ҳам бу смартфон ҳозирча энг илғор гаджетлар рейтингида юқори ўринларда туради. Xiaomi Mi 6 Android 7.1.1'нинг халқаро MIUI 8.2.0.2 (NCAMIEC) прошивкасида ишлайди.

Xiaomi компанияси 26 июлда янги авлод MIUI 9 мобил платформасини тақдим қилди. Mi 6 бу тизимда ишлайдиган илк смартфонлар сирасига киради. Кутилганидек, янги MIUI 9 прошивкаси Android Nougat 7.0'нинг ўзлаштирилган талқини бўлди. Xiaomi янги тизим устида сезиларли тер тўккан. Маълумот оқимини режалаштириш ва процессордаги юклаб олишларни "ақлли тақсимлаш" механизмининг оптималлашуви натижасида бу тизим смартфонга янада тезкор ишлаш имконини беради. 

MIUI'нинг янги авлоди хотирани автоматик равишда тозалайди ва кэшни бошқаради, фрагментацияга қарши реал вақт режимида курашади, шунингдек унда ахборотни ҳимоялаш, симсиз уланиш технологияси мустаҳкамланган.Аккумулятор ва қувват 

3350 мА соатли аккумулятор смартфондан бир иш куни мобайнида, аниқроғи 10 соат фаол, ўртача эса 24 соат мобайнида фойдаланиш имконини беради. Боиси, нафақат аппарат таъминот платформаси, шунингдек MIUI операцион тизимидаги дастурий таъминот тизими ҳам смартфоннинг қувватини тежашига ёрдам беради. Юқоридаги жадвалга асосан, Xiaomi Mi 6’ни йирик қувват тошига эга флагман дейиш мумкин.

Яхши томони – смартфон QC3.0 тезкор қувватлаш технологиясини қўллаб-қувватлайди.

Смартфон тўлиқ қувват олиши учун 1:40 соат керак бўлади. 40 минут ичида эса гаджет қуввати 50% га тўлади.

Шундай экан, қувватдан ташвиш тортмаса ҳам бўлади. 

Камера 

Янги смартфон қўш модулли бош камерага эга — 12 Мп кенг бурчакли ҳамда 12 Мп «телефото» линзали модуллар. Бош камера iPhone 7 Plus’нинг жиҳатларига эга. Бу модуллар манзарани профессионал эффектлар билан муҳрлаш имконини беради.

Илк модул (Sony IMX 386) — 27 мм, диафрагма ҳажми – f/1.8, 4 ўқли оптик барқарорлаштириш тизимига эга. Иккинчи модул (Samsung S5K3M3) — 52 мм, диафрагма ҳажми – f/2.6. Бош камерада махсус портрет режими мавжуд. Бу режимда орқа фонни ғира-шира қилиб яхши портрет олиш мумкин. Xiaomi камера технологиясини авваллари Huawei P9'дан олган бўлса, бу гал iPhone 7 Plus тажрибасини пухта ўзлаштирган.

Камера 2 карралик оптик ҳамда 10 маротабалик рақамли яқинлаштириш функцияларига эга. Камерада суратни тўрт ўқли тизим асосида барқарорлаштирувчи махсус илғор технология ҳам татбиқ қилинган. Флагманда 8 мегапикселли олд камера мавжуд.

12 мегапикселли телефото-объектив сифатни йўқотмасдан туриб манзарани 2 карра яқинлаштириб суратга олиш ва ён томон эффектларига эга портрет режимида суратга олиш имконини беради.

Бош камера тасвирни ўта юқори бўлган 4К форматда ёзиб олади. Xiaomi Mi 6 корпуснинг қуйи ва том қисмида қўш, яъни стерео динамикларга эга.

Олд камера учун 8 Мп (Sony IMX 268) сиғимли модул танланган. Унинг селфи олиши — сифатли.

Қуйида флагман камерасида олинган қуратларга баҳо беринг.

Мультимедиа

Қайд этганимиздек, Mi 6 смартфони iPhone 7 Plus'дан сўнг 3,5 мм.ли аудио-туйнукдан воз кечган навбатдаги девайс бўлди. Корпус қуйисидаги порт орқали аудио-қулоқчин орқали ҳам мусифани тинглаш мумкин.

Овознинг узатилиш сифати – тоза ва деталларга бой, овоз заҳира манбаасига бой.

Шунингдек, динамиклар фаолияти ҳам яхши. Видео кўрганда ва бошқа шароитда корпус қуйисидаги бош спикер ва юқоридаги суҳбат динамиги ишга тушади. Натижада, стереоэффект муҳити юзага келади.

Нарх-наво 
Смартфоннинг 6 ГБ тезкор ҳамда 64 ГБ доимий хотира талқини $363 (2499 Yuan), 6 ГБ тезкор ва 128 ГБдоимий талқини — $421 (2899 Yuan), ҳамда 6 ГБ / 128 ГБ хотирали махсус «керамика» талқини $435 (2999 Yuan) АҚШ долларидан сотувга чиқарилади.

Июль ойи ҳолатида “Малика” савдо мажмуасида Mi 6’нинг 64 гигабайтли доимий хотирага эга талқини 500 АҚШ долларидан сотилмоқда. Интернет савдо платформаларида эса бу талқин 4.5 млн сўмгача сотилмоқда.

Хулоса 

Xiaomi Mi 6 – кучли смартфон. Mi 5 ва Mi 5s'дан фарқли равишда, компания бу гаджетнинг дизайнини янгилаб, нисбатан жозибадор қилган. Бренднинг биринчилардан бўлиб флагманига энг кучли чипни татбиқ қилгани -- ўзига бўлган ишончдан дарак. Унинг Apple, Huawei ва Samsung флагманларидан қолишадиган жиҳати йўқ. Шу билан бирга, уларнинг ярим баҳосида сотувга чиқарилган.

Шу билан бирга, унинг "нозик" нуқтаси бўлган MIUI тизими билан боғлиқ камчиликлар бор. Бироқ, августда эълон қилинадиган MIUI 9 бу камчиликларни бартараф қилишига кўпчилик ишонмоқда.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

asaxiy.uz 4.5 млн сўм Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги