Xiaomi Mi Band 2: 25 доллар соғлигингиздан ўргилсин!

Xiaomi Mi Band 2: 25 доллар соғлигингиздан ўргилсин!

Фитнес-браслетлар бозоридаги муваффақиятли воқеалардан бири Xiaomi Mi Band 2 трекери бўлди, дейиш мумкин. Хитойлик кенг тармоқли ишлаб чиқарувчининг мазкур гаджети бошқа рақиблари қилган ишларни бажарса ҳам, улардан устун бирор жиҳати бўлмаса ҳам, кўпчиликнинг диққатини торта олди. Сабаби саломатликни назорат қилишга кўмаклашувчи ушбу браслет бор-йўғи 13 АҚШ долларидан сотувга чиқарилди.

Янги Mi Band экрани, тугмаси ҳамда йириклашган аккумулятори, шунингдек хатти-ҳаракатни тушуниш функциясига эгалиги билан ажралиб туради.

Ўз вазифаларини сидқидилдан адо этувчи Xiaomi Mi Band 2 аввалига Хитойда талаш бўлиб сотилди. Уни олдиндан харид қилиш учун навбатга тизилганларнинг кети узилмас эди. Кўп ўтмай халқаро бозорда ҳам унинг харидорлари сони кўпайиб кетди. У ўз рақибларидан 2-3 баробаргача арзон.

Биринчи авлод Mi Band соати жаҳоннинг энг яхши сотилган фитнес трекери деган номни забт этгани компанияни илҳомлантирди. Mi Band муваффақиятидан сўнг Xiaomi зудлик билан унинг «меросхўри»ни тайёрлади — Mi Band 1S Pulse (номидан ҳам билиш мумкин — унда юрак ритмини аниқлайдиган датчик мавжуд).

Шундан сўнг янада такомиллашган талқин тайёрланди — Mi Band 2. Бу модел нафақат қўшимча датчиги, балки янгича корпус дизайни ва мини-экрани билан ҳам ажралиб туради. Экранда вақт, пульс, қадамлар сони ҳамда сарф қилинган калория миқдори акс этади.

Нарх дастлаб $23 долларга белгиланган бўлса, кейинчалик янада арзонлашди. Бу нархга электрон браслет харид қилиш кўпчиликнинг хаёлига ҳам келмас эди.

Қуйида Mi Band 2 фитнес-соатининг ўзига хосликларига батафсил тўхталамиз.

Дастлаб унинг техник жиҳатларига диққатни қаратсак:

Экран: OLED, монохром (оқ ва қора), 0,4″ (тахминан 10×6 мм) дюймли, сенсор эмас;

Корпус: капсула шаклидаги корпус поликарбонат-пластик, IP67 стандарти бўйича сув ҳамда чангдан ҳимоя қилинган;

Банди: ажраладиган, силикон хомашёсидан тайёрланган, қора;

Мос келиши: Android 4.4 / iOS 7.0 ва булардан кейинги мобил тизимларда ишлайдиган девайсларда ишлайди;

Уланиши: Bluetooth 4.0 LE орқали;

Датчиклари: акселерометр, қадам ўлчагич, юрак ритмини ўлчайдиган датчик;

Камера, интернет: йўқ;

Микрофон, динамик: йўқ;

Индикация: экран, вибро-сигнал;

Аккумулятор: 70 мА·соат

Вазни: 14 грамм.

Қадоқни очамиз ...

Рақиблар билан солиштириб кўрганда, жиҳатларига кўра Xiaomi браслети Sony SmartBand 2 моделига ўхшаб кетади. Уларнинг юрак уришини текширадиган датчилкраи бир оз фарқли ишлайди: Xiaomi браслетида бу датчик билан боғлиқ қўшимча функциялар йўқ. Шу билан бирга, расмий баҳони кўрадиган бўлсак, Xiaomi браслети рақибидан деярли 4 баробар арзонга баҳоланган. 

Xiaomi Mi Band 2 қадоғи "аждоди"нинг қадоғидан фарқ қилмадй. Квадрат ўлчамли картон қути жуда ихчам ва олиб юриш, сақлаш учун қулай шаклда.

Қадоқ ичида браслетнинг корпуси, ремешоги, калта ва бир томони USB-кабел бўлган қувватлаш қурилмаси, Хитой тилидаги қўлланмани кўришимиз мумкин.

Илк моделнинг қадоғи ҳам худди шундай. Бу гал қувватлаш қурилмасининг калта эканига кўра, ишлаб чиқарувчи ҳар томондан иқтисод қилиш орқали таннархни арзонлаштиришга уринмоқда.

Дизайн

Браслет конструкция умумий жиҳатдан аввалгиси каби сақлаб қолинган, яъни капсуласимон кўринишда. Қурилма икки қисмдан иборат: электроникали (чўзинчоқ-овал шаклда) блок ҳамда силиконли банд қисмларидан иборат. Асосий блок ремешок марказидаги ўринга киргизилади. Уни осон ўрнатиш мумкин ва у мустаҳкам ўрнашади. Ремешок термопластик силикондан тайёрланган.

Шу билан бирга, аввалги талқин билан солиштирганда электроника блоки дизайнида қисман жиддий ўзгаришлар бор: светодиодли алюминий юза ўрнини шиша хомашёси эгаллаган. Унда эса жажжи экран ҳамда ҳалқа кўринишидаги сенсорли ҳудуд мавжуд. Бу ҳудудни ҳар гал бармоқ билан босганда экрандаги маълумотлар ўзаро ўрин алмашади.

Бош блокнинг орқа қисми, яъни қўлга ёпишиб турадиган қисми пластикдан тайёрланган. Орқа томон ясси шаклда ва таққанда ремешок уни мустаҳкам ушлаб туради.

Айнан ана шу қисмда юрак уришини назорат қилувчи датчик ўрнатилган. Унинг шакли бошқа трекерлардаги пульс ўлчагич сенсорлардан ихчамроқ. Мисол учун, Garmin vivosmart HR, Apple Watch ёки Mio Fuse каби девайслардаги сенсорлардан.

Қурилманинг ён томонида иккита контакт нуқтасини кўрамиз — улар ёрдамида Mi Band 2 қувват олади. Гаджетни қувватлаш учун уни беланчак шаклидаги қувватлагич ичига жойлаш керак бўлади.

Браслет банди стандарт ва қора рангли пишиқ силикондан тайёрланган. Думалоқ шаклдаги тешикчалар кўп ва улар банднинг қўлга яхши жойлашишини таъминлайдилар. Яъни, браслет ёш ва қарининг билагига бирдек мос келади.

Xiaomi ишлаб чиқарган бошқа фитнес-браслетлардан унинг фарқи OLED-экрани ҳамда сенсорли тугмасидир. Янги модел каттароқ ҳамда вазни ҳам оғирроқ.

Умуман олганда, Xiaomi Mi Band 2 хитойлик бошқа арзон электрон браслетларни эслатиб юборади. Алюминий корпус эса унинг ўзига хослиги.

Агар фойдаланган бўлсангиз, Mi Band браслетининг илк версияси iPhone билан жуда яхши ишлаган бўлса, Mi Fit иловасининг Android талқини кўпчиликни хафа қилган. Xiaomi сўнгги йилларда дастурий таъминотга алоҳида эътибор қаратиб, Mi Fit иловасининг ҳам Android, ҳам iOS қурилмалар учун талқинларини такомиллаштирмоқда.

Фойдаланиш ва вазифалар

Браслетдан фойдаланиш сиз Mi брендининг аккаунтига эга бўлишингиз керак. Бунинг учун мобил телефоннинг рақами зарур. Унга Хитой тилида SMS тақдим қилинади. Гаджет ишлаши учун –20 дан +70 °C даражагача бўлган ҳарорат керак бўлади.

Аккаунт очишингиз билан, ўзингиз ҳақидаги асосий маълумотларни киритасиз (жинс, бўй, вазн) ҳамда босиб ўтишингиз керак бўлган кунлик қадамлар ёки сарф қилиниши лозим калория миқдорини киритиб қўясиз.

Шундан сўнг браслет "прошивка"си, яъни дастурий таъминот тизими автоматик тарзда янгиланади. Шундан сўнг Status деб ном олган бош экранни кўрасиз. Йирик доира шаклида бизга босиб ўтилган қадамлар,  майда-майда қилиб масофа ва сарф қилинган калория, уйқу, вазн (браслет вазнни ўлчамаса ҳам уни кўрсатиши қизиқ), пульс ва натижалар ҳақида маълумот берилади.

Кейинги экран — Play — огоҳлантириш ва сигналлар учун созламалар. Бу ерда браслет вибрациясини кириш қўнғироқлари ёрдамида ёқиб қўйиш мумкин.

Шу билан бирга, бу экранда будильникни белгилаш мумкин (фақат белгиланган вақт, "ақлли" будильник афсуски йўқ). Агар фойдаланувчи узоқ вақт ҳаракат қилмай қолса, уни бу тўғрида огоҳлантириш тизими ҳам ишлаб чиқилган.

Шунингдек, браслетга сизни янги SMS ва хатдардан, мақсад ва натижалардан хабардор қилиш вазифасини ҳам юклаш мумкин.

Қолаверса, созламалар орқали учинчи томон иловаларига тегишли огоҳлантиришларни ҳам олиш мумкин. Мисол учун, Mi Talk, WeChat, Facebook, Twitter, WhatsApp ва Snapchat каби иловаларнинг. Бу иловалардан ҳам сизга бирор хабар келса, браслет титраб бохабар қилади.

Бахтга қарши, иловалар ҳозирча Хитой ёки инглиз тилларида ва бошқа ҳудудларга мувофиқлаштирилмаган.

Учинчи экран Profile деб ном олган. Бу ерда профилингизни таҳрир қилишингиз мумкин (вазн, мақсад), шу билан бирга, ўлчов бирликларини ҳам ўзгартириш мумкин.

Heart rate sleep assistant функцияси юрак уришини янада аниқроқ ўлчайди, хусусан уйқу вақтидаги ҳолатни ҳам назорат қилади.

Mi Band Display Settings эса экранда қайси ахборотлар чиқиб туришини белгилаб беради.

Шу билан бирга, созламалар орқали браслетни қайси қўлингизга тақишни маъқул кўришингизни ҳам белгилаб қўйишингиз мумкин. Бу ерда қўлни кўтарганда экранда қандай маълумот беришни ҳам белгилаш мумкин. Қолаверса, иловада браслетни топиш функцияси бўлиб, уни боссангиз, девайс титрайди.

Муҳим тавсия: у билан бассейнга тушиш тавсия қилинмайди, аммо душга кириш мумкин.

Экран ва юрак пульсини ўлчаш

Илк моделда мавжуд бўлмаган икки жиҳатга тўхталиш керак: экран ва пульс ўлчови. Янги талқиндаги экран ғоятда жозибадор, унинг бош мақсади — рақам ва белгиларни намойиш қилиш. Яъни, бирор бир мукаммал ёки рангли тасвир акс этмайди.

Сиз сенсор ҳудудга тегишингиз ёки қўлингизни тепага кўтаришингиз (созламаларда бу функцияни ёққан бўлсангиз) билан экран ишга тушади. Кундузги шароитда ҳам рақам ва белгилар яхши акс этади. Фақат қуёш нурлари остида экранни соя жойга тутшига тўғри келади.

Пульсни ўлчам вазифаси эса бошқа девайслардан бир оз фарқли: девайс автоматик тарзда юрак уришини ўлчамайди. Буни созламалар орқали бартараф қилиш мумкин. Фақат бунда натижалар сақлаб қолинмайди.

Шу билан бирга, браслетда пульсни динамик ўлчаш вазифаси ҳам йўқ. Мисол учун, спорт билан шуғулланиш чоғида сиз пульс ўзгаришларини кўра олмайсиз. Буни кўриш учун эса экранга зарур пиктограммани қўйиш ёки юрак ўлчовини ўлчайдиган иловаги ишга тушириш керак бўлади. Натижалар эса Mi Fit ёки Apple Health (iPhone қурилмасида Mi Fit иловаси Apple Health маълумотларини қайд эта олса) ресурсларида акс этади.

Аккумулятор ва ўзига хосликлари

Гаджетдаги литий-полимерли аккумуляторнинг ток сиғими 70 мА· соат. Ишлаб чиқарувчининг фикрича, тўлиқ қувват Xiaomi Mi Band 2 девайсига 20 кунгача етиши мумкин. Бу далил ишонарли эмас. Эҳтимол, жуда кам фойдаланилса, етар.

Муҳим жиҳатни қайд этиш керак, бугунги кунда девайснинг кўплаб сохта талқинлари ҳам сотилмоқда. Бундай сохта моделлар бир марта қувват олиб, бор-йўғи бир ҳафта ишалйди.

Heart rate sleep assistant функцияси ёқиладиган бўлса, тўлиқ қувватнинг 20 кунга етмаслиги аниқ. Смартфон билан маълумот алмашув ошса, экранга кўп мурожаат қилсангиз, унда қувват ҳам кўп кетади.

Heart rate sleep assistant функциясидан фойдаланганда ва умуман браслетдан унумли фойдаланганда, батарея кунига 10% қувватни тамом қилади. Яъни, тўлиқ қувват 10 кунга етади.

Шу жиҳатдан Xiaomi Mi Band 2 тўлиқ қувват билан узоқ вақт хизмат қиладиган браслетлар қаторидан ўрин эгаллайди.

У сиғимдор аккумуляторга эга бўлган бўлса ҳам, функцияларга бойлиги ва фаолияти пулига яраша: пульс автоматик ўлчанмайди, экранча содда.

Браслет будильниги фақат белгиланган вақтда ишлайди. Бу ерда ақлли тизим жорий қилинмаган.

Гаджет уйқу вақтида фойдаланувчидан кўз-қулоқ бўлади. Бунинг учун унга уйқуга кетаётганингизни айтиш шарт эмас. Браслет буни ўзи аниқлайди. Пульс ўлчовчи сенсор уйқу вақтидаги одамни ва фаол одамни осон ажратади. 

Браслет бирор нимада адашаётган бўлса, унда Edit тугмаси орқали маълумотларни созлаш мумкин. History эса сизга маълумотлар статистикасини тақдим этади.

Оригиналини сохтасидан қандай фарқлаш мумкин?

  1. Mi Band оригиналидаги банднинг орқа томонида модел номи ва ID туширилган бўлади.

  1. Сохта маҳсулотдаги пульс ўлчайдиган датчикда 3 та думалоқ светодиодлар бўлади. Оригиналида эса бешта. Ён томонда 4 та ва марказда битта светодиод.

  1. Термо-пластик бандга эътибор беринг: силикон бу банд қора ва эластик бўлсин. Сохта браслет ранги бир оз хира ва қайишқоқлиги шубҳали бўлади.

  1. Қувватлаш кабели оригиналда ремешок тайёрланган хомашёдан ишланган. Қувватлаш "беланчаги"да «MI» деган ёрлиқ туширилган бўлиши керак.

  1. Мi band капсуласида, шунингдек «MI» эмблемаси бўлади.

  1. Сохта Mi Band браслети Mi Fit иловасига мувофиқ келмайди!

 

Хулоса

$13 долларлик Xiaomi Mi Band браслети фитнес гаджетлар бозорини янада жонлантирди. Ишлаб чиқарувчи нархга бир-икки сўм қўшиш эвазига ҳам вазифалар сонини оширса, аъло иш бўлар эди. 

Бироқ 10 долларга юрак пульсини ўлчайдиган датчикнинг ўзини харид қилиш ҳам қувонарли.

Xiaomi Mi Band 2 кўринишидан оммабоп ва ўзига хослиги йўқ. Mi Band фойдаланувчилари қурилмага экран кераклигини қайд этишлари билан, Xiaomi муҳандислари уларнинг бу истакларини амалга оширдилар. Янги Mi Band — фитнес-гаджетнинг ўзи бўлди.

Xiaomi Mi Band 2 мухлислар хоҳиш-иродасининг меваси ва узоқ кутилган гаджет. Девайс сизга саломатлигингиз устидан назорат ўрнатишингизга ёрдам беради. Айни пайтда уни "Малика"дан 25 долларга харид қилиш мумкин. Соғ-саломат бўлсангиз, бу пул топилади. Шундай экан, шу пул сиздан ўргилсин.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

Terashop.uz UZS 199 000.00 Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!